23:06 / 16.06.2023
257

Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионати йўлланмаси учун “жангга” кирмоқда

Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионати йўлланмаси учун “жангга” кирмоқда

Хабарингиз бор, шу йилнинг 15 июнь – 2 июль кунлари Таиландда футбол бўйича 17 ёшлилар ўртасидаги Осиё кубоги старт олади. Жамолиддин Раҳматуллаев бошчилигидаги йигитлар зиммасида жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси бор. Эртага бошланадиган мусобақа олдидан бу терма жамоа ҳақида сиз билишингиз керак бўлган бир нечта муҳим фактларни келтириб ўтамиз.

Таркиб

Жамоа бош мураббийи 4 июнь санасида Осиё кубогида иштирок этадиган жамоамизнинг якуний таркибини эълон қилди. Унга кўра, ўртоқлик ўйинларида ўзини кўрсатган футболчилар Таиландга йўл оладиган бўлди. Тўлиқ таркиб билан танишинг:

Дарвозабонлар: Диёр Тўлабоев ("Пахтакор"), Асилбек Нўмонов ("Насаф"), Муҳаммадюсуф Собиров ("Бунёдкор") 

Ҳимоячилар: Беҳруз Шукуруллаев ("Одил Жуниор"), Мамадалихон Олимов ("Навбаҳор"), Асрор Отахонов ("Металлург"), Озод Ўктамов ("Навбаҳор"),Беҳруз Жуматов ("Одил Жуниор"), Муҳаммад Бобур Каримов ("Пахтакор"), Дилшод Абдуллаев ("Пахтакор"), Шерзод Абдулбориев ("Навбаҳор"),

Ярим ҳимоячилар: Ойбек Ўрмонжонов ("Одил Жуниор"), Лазизбек Мирзаев ("Локомотив"),Муҳаммадали Реимов ("Тошкент ФА"), Абдулҳамид Икромов ("Бунёдкор"), Оллоберган Каримов ("Бунёдкор"), Азизбек Тўлқинбеков ("Бунёдкор").

Ҳужумчилар: Шодиёр Шодибоев ("Навбаҳор"), Абдулҳамид Турғунбоев ("Андижон-SGS"), Николас Акопов ("Локомотив"), Аминбек Ёқубов ("Локомотив"), Қувонч Абраев ("Локомотив"), Амирбек Саидов ("Бунёдкор").

Таркиб анча жанговор тузилган. Ҳозир улардан айримларини ажратиб кўрсатиш ноўрин, аммо етакчиларни санаб ўтамиз. Биринчи навбатда жамоа ҳужумларини ташкил этувчи кучга айланиб бораётган ўзбек футболидаги тинейжер – Лазиз Мирзаев.

Жамоанинг мудофаа чизиғида жуда ишончли ўйин намойиш этаётган Асрор Отахонов, Классик ҳужумчиларга хос енгиллик билан ҳаракат қилувчи Амирбек Саидов турнир давомида порлаши кутилмоқда. Қолган футболчилар ҳам саралаш ўйинлари ва ўртоқлик баҳсларида ўзини яхши томондан кўрсатишга муваффақ бўлди. Умуман олганда, Жамолиддин Раҳматуллаев бошчилигидаги U-17 жамоамиз таркиб борасида мусобақадаги ҳеч бир жамоадан орқада эмас.

Мусобақа формати

Классика. 16 жамоа 4 гуруҳга бўлинган ҳолда квартетда 3 тадан ўйин ўтказади. Биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар плей-офф йўлланмасига эга чиқади. Чорак финалда ғалаба қозонган 4 жамоа эса ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Осиё кубогидаги иштирокини 17 июнь куни Японияга қарши баҳс билан бошлайди. Беллашув Тошкент вақти билан 15:00 да бошланади. Гуруҳдаги иккинчи ўйинда жамоамиз 20 июнь санасида Ҳиндистон билан куч синашади. Ўйин 17:00 да старт олади. Сўнгги тур 23 июнь куни соат 17:00 да бошланади.  Термамиз аъзолари мусобақа стартини афсонавий “Ражамангала”да бошласа, қолган икки турни “Таммасат” аренада ўтказади.

1-тур.

Япония – Ўзбекистон.

2-тур.

Ўзбекистон – Ҳиндистон.

3-тур.

Вьетнам – Ўзбекистон.

Агар жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритсак, 2023 йилнинг 10 ноябрь – 2 декабрь кунлари кичик мундиалда термамизга мухлислик қилишимиз мумкин. Шу ўринда, FIFA мезбон бўлиши кутилаётган Перудан ЖЧ мезбонлигини олиб қўйиши ҳам мумкинлиги ҳақида хабарлар мавжуд. Мамлакатда турнирни ўтказиш учун инфраструктуранинг етарли даражада тайёрланмагани бунга сабаб бўлиши мумкин. Ҳозир википедияда 3 апрель санасида Перу Жаҳон чемпионати мезбонлигидан воз кечгани ва FIFA турнирни қабул қилиш учун тендер эълон қилиши ҳақидаги маълумот мавжуд. Демак, ЖЧ қайси мамлакатда бўлиши ҳозирча номаълум.

Мусобақа стартидан аввал терма жамоамиз бош мураббийи Жамолиддин Раҳматуллаев матбуот анжуманида иштирок этди.

"Барчага ассалому алайкум. Авваламбор, турнир ташкилотчиларига миннатдорчилик билдирмоқчиман. Жамоалар учун барча шароитлар яратилган. Биз бу турнирни интизорлик билан кутдик. Жамоа томонидан мусобақага узоқ тайёргарлик кўрилди. Футболчилар эса эртанги учрашувни интизорлик билан кутишмоқда. Умуман олганда, биз турнирга тайёрмиз.

Тайёргарлик жуда яхши ўтди, дея оламан. Осиё, Европа ва Жанубий Американинг энг кучли жамоаларига қарши ўртоқлик учрашувларини ўтказдик.

Барча жамоаларни ҳурмат қиламиз. Ўйлашимча, уларни етарлича ўрганишга ҳаракат қилдик. Япония ва Ҳиндистон терма жамоаларига қарши олдин ўйнаганмиз ва бир-биримизни яхши биламиз. Ушбу мусобақада барча жамоалар ўз олдига аниқ мақсадлар қўйишган. Хусусан, биз ҳам. Мусобақада зафар қучиб, Жаҳон чемпионатига йўл олишни мақсад қилганмиз. Барча жамоаларга омад тилайман", - деди Раҳматулалев.

Яқинлашиб келаётган мусобақа олдидан ёш футболчиларимизга омад ва зафарлар тилаб қоламиз.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионати йўлланмаси учун “жангга” кирмоқда