Юртимизда ўтаётган "CAFA Nation’s Cup" халқаро мусобақасининг финал қисмига ҳам етиб келдик. Кутилганидек, унга Ўзбекистон билан Эрон терма жамоалари йўл олдилар.
Вакилларимиз гуруҳдаги охирги учрашувда Тожикистонни 5:1 ҳисобида тор-мор келтирдилар. Захирадан майдонга тушганлар орасида “Навбаҳор” аъзоси Остон Ўрунов ҳам ўзини кўрсатди ва рақиб дарвозасини ишғол қилди. Учрашувдан кейин Ўрунов Sports.uz сайтига интервью берди.
- Остон, аввало йирик натижадаги ғалаба билан муборакбод этаман. 5:1 ҳисобидаги ғалабадан кейин нималарни айта оласиз?
- Авваламбор бутун ўзбек халқини ғалаба билан табриклайман. Стадионга келиб бизни қўллаб-қувватлаб турган мухлисларимизга раҳмат. Учрашувга келадиган бўлсак, биз бу ўйинни ютишимиз керак эди ва биз буни уддаладик.
- Биринчи бўлимдаги 0:1 ҳисобидан кейин иккинчи бўлимда 5 та гол урилганини ҳисобга олсак, бунинг асосий сабаби нимада? Танаффусда жиддий гаплар айтилганими ё тўғри ўзгаришларни амалга оширилганими?
- Менимча, захирадан майдонга тушганлар ўйинни кучайтириб беришди.
- Терма жамоамиз энди финалда Эрон билан беллашади ва кутилган жамоалар ҳал қилувчи ўйинда ўйнайдилар. Эрон билан шахсан сизни қандай хотиралар боғлаб туради?
- Шахсан мен Эронга қарши ўйнамаганман.
- Умуман олганда, Эрон термаси ҳақида фикрингиз қандай ва финалда қанақа ҳисобни кутяпсиз?
- Эрон Осиёдаги кучли жамоалардан бири. Битта нарсани биламан: ўйинга ғалаба учун тушамиз. Олдинги интервьюларимда ҳам айтганман: ҳозирга келиб Ўзбекистон терма жамоасида энг керакли нарса ўзига ишонч бор, ҳар биримизда. Қанақа жамоа бўлишидан қатъий назар майдонга фақат ғалабани кўзлаб тушамиз.
- Бош мураббий Сречко Катанец соғлиги билан боғлиқ муаммо туфайли терма жамоа билан бирга эмас. Унинг йўқлиги жамоамизга қанчалик билиняпти ёки ёрдамчилари ўрнини сездиришмаяптими?
- Катанец миллий терма жамоада тизимни жойига қўйиб бўлган. Ҳар бир футболчига қаерда нима қилишни тушунтирган. Албатта, бош мураббийнинг йўқлиги сезилади. Лекин ёрдамчилари ҳам ўз ишини яхши билади.
- “Навбаҳор”да жуда хавфли ва жуда кучли рейдларингизни кўришга одатланиб қолганимиз учун терма жамоада ҳам мухлислар сиздан шундай рейдлар кутишяпти. Умуман, термадаги ролингиз қандай?
- Мураббийлар ҳам мендан шу нарсани талаб қилишади. Рейдларимни Эрон билан ўйинга олиб қўйганман (кулади).
- Охирги савол: илк бор миллий терма жамоалар иштирокида уюштирилган CAFA мусобақаси ҳақида фикрингиз қандай ва бу жамоамизга нима беради, деб ўйлайсиз?
- Жуда керакли турнир. Жамоаларга ўйин амалиётини беради.
Шуҳратбек Жўраев.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг