22 июнь куни Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) тақдири бўйича якуний қарорни қабул қилди. Ташкилотнинг Олимпия оиласига аъзолиги молия, бошқарув ва ҳакамлик билан боғлиқ муаммолар туфайли 2019 йилда тўхтатилган эди. ХОҚ фикрига кўра, 2020 йилда IBA ташкилоти раҳбарлигига келган россиялик Умар Кремлёв вазиятни яхшилай олмади. Оқибатда, тарихда биринчи марта Олимпия спортининг бошқарув органи Олимпия оиласидан чиқариб юборилди.
ХОҚ Кремлёвни «нокаут қилди»
2023 йил 7 июнь куни Халқаро бокс ассоциациясининг (IBA) олимпия оиласига тўлиқ қайтиш бўйича умиди барбод бўлди. Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) Ижро қўмитаси 2019 йилда аъзолиги тўхтатилган ҳаваскор бокснинг бошқарув органини ўз сафидан бутунлай чиқариб ташлашни тавсия қилди. Ҳукм 22 июнь куни эълон қилиниши ваъда берилди.
IBA четлатиш бўйича тавсияни «жирканч ва мутлақ сиёсий» деб атади ва Спорт арбитраж судига мурожаат қилди. Бироқ, суд тавсияни тўхтатиб туриш тўғрисидаги апелляцияни қабул қилмади. Натижада IBA ташкилотини Олимпия оиласидан чиқариб ташлаш учун ХОҚ қарори қабул қилинишига ҳеч нарса тўсқинлик қилмайдиган бўлди.
«Бокс ва боксчилар билан ҳеч қандай муаммомиз йўқ. Агар муаммо бўлганида, Токио ва Париждаги мусобақалар ўтказилмаган бўларди», деди ХОҚ раҳбари Томас Бах 22 июнь куни ўтказилган сессияда. - Биз боксни жуда қадрлаймиз, аммо, афсуски, бизда IBA раҳбарияти туфайли жуда жиддий муаммолар мавжуд. Биз боксни жуда қадрлаганимиз сабабли, боксчилар халқаро федерация томонидан адолатли ва шаффоф бошқарувга лойиқ деб ҳисоблаймиз».
ХОҚ бош директори Кристофер де Кеппер сўзларига кўра, қўмита IBA фаолиятининг учта асосий йўналишини (коррупция, молия ва судьялик) кўриб чиқди ва умидсиз хулосага келди.
«ХОҚ учта муаммоли соҳада IBA ташкилотига изчил ва сабр-тоқат билан ёрдам беришга ҳаракат қилди. Аммо, орқага қайтиб бўлмайдиган нуқтага етиб келдик. IBA ўзини қайта тиклаш учун далиллар келтира олмади. ХОҚ таҳлилига рози бўлишдан бошқа ечим йўқ. Ягона йўл — IBA ташкилотини тан олиш ҳақидаги қарорни қайтариб олиш», деди де Кеппер.
2020 йилда Россия бокс федерацияси раҳбари, россиялик амалдор Умар Кремлёв IBA бошқарувига ўтди. У 2021 йилгача ассоциациянинг барча муаммоларини ҳал қилишга ваъда берди. 2023 йилги ҳисоботга кўра, IBA қарзларининг катта қисми ёпилди. Шунингдек, Рио-2016 олимпиадасидан кейин пайдо бўлган ҳакамлик муаммоси ҳал қилинди. Аммо Кремлёвнинг далиллари ХОҚ расмийларини ишонтира олмади. 22 июнь куни IBA Олимпия оиласига аъзоликдан бутунлай четлатилиши тўғрисида қарор қабул қилинди. Уни 69 киши ёқлади, бир нафари қарши овоз берди. ХОҚ ижро қўмитаси илгари ҳеч қачон олимпия спортининг бошқарув органига нисбатан бундай қарор чиқармаган эди.
ХОҚ даъволари ва Кремлёв ҳужуми
2019 йилда бошқарув, молиявий ва ҳакамлар билан боғлиқ муаммолар IBA фаолиятини чеклашга олиб келган эди. Масалан, Токио-2020 олимпиадасининг бокс дастури ХОҚ томонидан ташкил этилди. Париж-2024 олимпиадасида ҳам шундай бўлади. Лос-Анжелес-2028 олимпиадасининг дастлабки дастурига бокс умуман киритилмади. Ваҳоланки, ушбу спорт тури 1904 йилдан бери фақат бир марта (1912 йилда) Олимпия дастуридан четда қолган эди. Кейинчалик ХОҚ раҳбарияти 2028 йилги ўйинларда бокс бўлишини кафолатлади, буни ХОҚ бош директори Де Кеппер жорий сессияда тасдиқлади. Ҳатто, ҳозир бокс учун бошқарув органи йўқлиги ҳам бунга монелик қилолмаслиги айтилди.
ХОҚ қарори чиқишидан олдин ҳам Кремлёв қўмита «жиддий тарихий хато» ёқасида турганини айтди. У Бах ва спорт директори Кейт Макконеллни IBA собиқ президенти, тайванлик Чинг-Куо Ву билан тил бириктирганликда айблади. Тайванлик мулозим 2006 йилдан 2017 йилгача ҳаваскор боксни бошқарган, бироқ «қўпол бепарволик ва самарасиз молиявий бошқарув» учун умрбод дисквалификация қилинган эди. Аммо, 2020 йилгача ХОҚ аъзоси бўлиб қолди.
«ХОҚ раҳбарияти Чинг-Куо Ву жиноятларини яширмоқда. Мен «жаноб» атамасини ишлатмайман, чунки биз учун у жаноб эмас, у боксни ўлдирган жиноятчи. У ёмон одам. Бундай одамларни отиб ташлаш керак, чунки у миллий федерацияларни, боксчиларни талаган, коррупцияни бошлаган. ХОҚ эса бу ҳақда сукут сақламоқда. Бу одам узоқ вақтдан бери ташкилотга аъзо бўлган, бу уларнинг одами», деди Кремлёв.
Бу баёнот ХОҚ раҳбариятини жиддий ғазаблантирди. ХОҚ россиялик амалдорга «қўмитада хизмат қилаётган шахсларга нисбатан нафрат ва ҳақоратомуз сўзларни ишлатишга йўл қўйиб бўлмайди» деган жавобни берди.
Аммо ХОҚ ташкилотини Кремлёвнинг ҳужуми эмас, балки IBA ва Россиянинг «Газпром» компанияси ўртасидаги ҳомийлик шартномаси кўпроқ ташвишга солди. Энергетика гиганти билан шартнома ўтган йилнинг охирида бекор қилинди. Бироқ, июнь ойи бошида ХОҚ IBA фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эълон қилиб, Кремлёв декабрь ўрталарида Абу-Дабидаги конгрессда ўз қўл остидагиларидан «Газпром» билан ҳамкорликни узайтириш имкониятларини сўраганини даъво қилди. Буларнинг барчаси ХОҚ раҳбариятини яна бир бор IBA молиявий шаффофлиги ва ишончлилиги ҳақида ўйлашга мажбур қилди. IBA ўз фаолиятини аудит қилган Ernst & Young ва PriceWaterhouseCoopers компанияларидан якуний хулосаларни ошкор қилмасликни сўраган. ХОҚ буни ҳам шубҳали ҳаракат деб ҳисоблади.
Ҳаваскор боксни нима кутмоқда
Кремлёв яқин ўтмишда бир қатор ғалати қарорларни қабул қилишга муваффақ бўлди. Масалан, IBA биринчи бўлиб россиялик ва беларуслик боксчиларга миллий байроғи остида халқаро мусобақаларда қатнашишга рухсат берди. Ваҳоланки, Украинадаги уруш бошланганида ХОҚ барча федерацияларга бу спортчиларни халқаро мусобақалардан четлатишни тавсия қилган эди.
Кремлёв қароридан кейин россиялик ва беларуслик боксчилар март ойида Деҳли (Ҳиндистон) шаҳрида ўтказилган аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатида, май ойида эса Тошкентда ўтказилган эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этди. Бир қанча хорижий федерациялар Кремлёвнинг бу қарорига қарши чиқди - ўнлаб давлатлар жаҳон чемпионатини бойкот қилди, уларнинг баъзилари жаҳон боксининг янги бошқарув органи тузилганини эълон қилди.
Ташкилотчилик ташаббускори голландиялик Борис ван дер Ворст бўлиб, у бир йил аввал «сайлов давридан ташқари ташвиқоти» туфайли IBA президентлик сайловидан четлатилганди. Кейинроқ амалдор Кремлёв бошқарувидан норози бўлган 18 та миллий ҳаваскор бокс федерациясини ўз ичига олган World Boxing ташкилотини тузди. Унинг мақсади «ҳаваскор бокснинг Олимпия келажагини сақлаб қолиш» деб аталди. Шу билан бирга, янги ташкилот ХОҚ таркибига кириш учун ариза юборди.
Расмий равишда World Boxing таркибига фақат иккита миллий федерация - АҚШ ва Швейцария киради. USA Boxing яқинда яна 28 давлат уларни ташкилотга кириш учун ариза бериш ниятида эканини ва яна 18 давлат ариза бериш жараёнини бошлашни сўраганини маълум қилди.
2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган Олимпиада мусобақаларини ташкил этиш масъулиятини ХОҚ ўз зиммасига олган. Аммо Лос-Анжелес-2028 ўйинларида ҳаваскор бокс World Boxing томонидан тақдим этилиши мумкин.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг