Европа клублари янги футболчилар билан таркибни кучайтиришда давом этмоқда. Қуйида сўнгги кунларда рўй берган асосий трансферлар келтирилади.
Н’Голо Канте: «Челси» → «Ал-Иттиҳод» (эркин агент)
Жаҳон чемпиони келажагини Саудия Арабистони билан боғлади. Ўтган мавсум Канте учун фаолиятидаги энг ёмон мавсумлардан бири бўлди. У «Челси» сафида атиги тўққиз ўйинда майдонга тушди ва Қатардаги жаҳон чемпионатини ўтказиб юборди. Ушбу француз футболчиси аввалига пайлардаги жароҳатини даволади, мавсум охирида эса бел соҳасидан жароҳатланди. Канте эркин агентга айлангач, араб клубидан ёғли шартнома олди.
«Ал-Иттиҳод»да тўрт мавсум учун футболчи 100 млн евро (ҳар мавсумга 25 млн евродан) олади. Қолаверса, унга тижорий келишувлардан улуш ваъда қилинган. Бу «Ал-Иттиҳод»нинг ёздаги иккинчи трансфер бомбаси бўлди — бироз аввалроқ клуб Карим Бенземани ўз сафига қўшиб олганди. Канте «Челси»да ўтган етти мавсумда олти турнирда, жумладан Чемпионлар лигаси, Европа лигаси ва АПЛда ғолиб чиқди.
Кристофер Нкунку: «РБ Лейпциг» → «Челси» (60 млн евро)
Нуфузли инсайдер Фабрицио Романонинг маълумотига кўра, бу трансфер бўйича 2022 йил декабридаёқ келишиб олинганди. Нкунку айнан ўшанда тиббий кўрикдан ўтган ва томонлар барча қоғозларни имзолашганди. Ўтган вақт ичида «Челси»да икки бор мураббий ўзгарди. Трансфер ҳал бўлганида жамоани Грэм Поттер бошқарарди, кейин — Фрэнк Лэмпард келди, ёзда эса бу лавозимни Маурисио Почеттино эгаллади.
25 ёшли француз футболчиси лондонликларга 60 млн еврога тушди. Ўтган мавсумда у барча турнирлар доирасида 36 ўйинда майдонга тушган ва ажойиб статистика қайд этган (23 гол, тўққиз голли узатма). Кристофер Франция ва Германия чемпионатларида тўп сурган, энди эса янги топ-чемпионатни забт этишга ҳаракат қилади. Нкунку жаҳон чемпионатига йўл ололмаганидан қаттиқ ранжиганди — у турнир арафасидаги машғулотлар чоғида жароҳат олиб сафдан чиққанди.
Хоселу: «Эспаньол» → «Реал» (ижара, 500 минг евро, 1,5 млн еврога сотиб олиш шарти билан)
Хоселунинг сўнгги вақтлардаги фаолияти эртакнамо кечмоқда. 2023 йил баҳорида у Испания миллий жамоасида дебют қилди — ўйин якунига тўққиз дақиқа қолганида майдонга чиқди ва дублни расмийлаштирди. Июн ойида жамоа билан Миллатлар лигасида ғолиб бўлди. Ғалабали финалдан бир ҳафта ўтиб эса «Реал» сафига ўтди. Буларнинг бари у 34 ёшга чиққанида рўй бермоқда.
Хоселу аввал Испания, Англия ва Германияда ўйнаган, аммо унинг резюмесида шу вақтгача «Реал» калибридаги клуб бўлмаганди. Ҳужумчи ўз вақтида Мадрид клубининг ёшлар жамоасида ўйнаган, аммо буни ҳозирги вазият билан таққослаб бўлмайди. Хоселу «Эспаньол»да жуда яхши мавсум ўтказди (17 гол, тўрт ассист), аммо жамоани иккинчи дивизионга тушиб кетишдан қутқариб қололмади. Ўтган мавсумда охиргидан олдинги ўринни эгаллаган жамоадан иккинчи ўринни эгаллаган жамоа сафига ўтиш — буни ҳақиқий прогресс деса бўлади!
Рафаэл Геррейру: «Боруссия» Д → «Бавария» (эркин агент)
Португалиялик футболчида Дортмундда ўтган етти йилликни чиройли якунлаб қўйиш учун зўр имконият бор эди. «Боруссия» охирги тур олдидан Бундеслига турнир жадвалида пешқадамлик қилаётганди, аммо сўнгги ўйинни барбод қилди ва олтин медалларни «Бавария»га совға қилиб юборди. Кейинги куни эса Дортмунд бир неча футболчилари, жумладан 29 ёшли ҳимоячиси Геррейру кетаётгани ҳақида эълон қилди. Шартномаси муддати якунланган Рафаэл бозорга эркин агент мақомида чиқди, аммо ой охирига келибоқ янги жамоа топди.
Катта эҳтимол билан Геррейру ниҳоят Германия чемпиони бўлади, чунки буни «Бавария» билан уддалаш анча осонроқ. Қолаверса, Геррейруда Томас Тухел билан ишлаш тажрибаси бор. Улар 2016/2017 йиллар мавсумида Дортмундда ҳамкорлик қилишганди ва Германия Кубогини қўлга киритишганди. Ўтган мавсумда португалиялик 36 ўйинда қатнашиб, олти гол урди ва 14 голга узатма берди.
Эдин Жеко: «Интер» → «Фенербаҳче» (эркин агент)
Босниялик ҳужумчи Италияга 2015 йилда келганди. Жеко «Рома»да бир мавсумни ижара асосида ўтказганидан кейин римликлар унинг трансфер ҳуқуқини «Манчестер Сити»дан сотиб олишганди. Шундан буён у фақат А Серия жамоаларида («Рома», «Интер») ўйнаб келди. Ўтган мавсумда Жеко 14 гол урди, жамоаси билан Чемпионлар лигаси финалигача етиб борди ва энди Италияни эркин агент мақомида тарк этди. 37 ёшли футболчи фаолиятини шу вақтгача қадар ўзига таниш бўлмаган Туркия чемпионатида давом эттиради.
Жеко шартномани узайтириш борасида «Интер» билан келиша олмаган. Барча нарсадан хабардор Романонинг маълумотига кўра, томонлар ҳатто бу масалада жиддий музокаралар бошлашгача етиб боришмаган. Фахрий футболчига Саудия Арабистони клубларидан қизиқишлар мавжуд эди, аммо у Европада қолишни маъқул кўрди. Янги мавсумда Жеко Чемпионлар лигасида ўйнамайди, чунки унинг янги клуби фақат Конференциялар лигасига йўлланма ололган.
Эван Н’Дика: «Айнтрахт» → «Рома» (эркин агент)
Transfermarkt ушбу марказий ҳимоячини 28 млн еврога баҳолаган, «Рома»га эса у мутлақо текинга тушди. Н’Дика Германияда беш йилни ўтказди ва «Айнтрахт»ни эркин агент сифатида тарк этди. Аввал ушбу 23 ёшли футболчининг номини «ПСЖ» ва «Барселона» билан ҳам боғлашганди, аммо у Италияга йўл олди. Икки йил муқаддам Н’Дика Европа лигасида ғолиб бўлганди, ўтган мавсумда эса у жамоаси билан Чемпионлар лигасида плей-оффда ҳам ўйнади. Моуриньо бошқарувидаги «Рома» шу тариқа ёзда иккинчи янги футболчини сафига қўшиб олди — аввалроқ Уссам Ауар ҳам текинга олинганди.
Кристоф Баумгартнер: «Ҳоффенҳайм» → «РБ Лейпциг» (24 млн евро)
«Лейпциг» 23 ёшли австриялик учун 24 млн еврони аямади. Қолаверса, клубда молиявий муаммолар йўқ, Нкунку трансферидан каттагина маблағ ишлаб олинган. Баумгартнер «Лейпциг»ни Европанинг ёрқин клубларидан бири сифатида таърифлади. Футболчи Чемпионлар лигасида тўп суриш имкониятини сабрсизлик билан кутаётгани ва совринлар жамғармасини тўлдиришдан умид қилаётганини айтиб ўтган. Нима бўлганда ҳам, «Лейпциг» қаторасига икки мавсумда Германия Кубогида ғолиб чиққан жамоа.
Баумгартнер ҳужум гуруҳида исталган позицияда ўйнаши мумкин: марказий ёки қанот ҳужумчиси, шунингдек ҳужумкор яримҳимоячи бўла олади. Кристоф икки оёғи билан ҳам якуний зарба бера олади, яхши тезлик ва юқори ўйин интеллектига эга ҳисобланади. 23 ёшга келиб у Бундеслигада 121, Австрия миллий жамоасида 29 ўйин ўтказишга улгурди. 2022/2023 йиллар мавсумида у етти гол уриб, етти голли узатма муаллифи бўлган.
Деян Кулушевски: «Ювентус» → «Тоттенҳэм» (30 млн евро)
Кулушевскини «Тоттенҳэм»нинг янги футболчиси деб бўлмайди. Лондонликлар клуби уни бир ярим йил олдин ижарага олганди ва бунинг учун 10 млн евро тўлаганди. Энди «Тоттенҳэм» трансфер ҳуқуқини сотиб олиш бўйича бандни ишга туширди ва яна уч баробар кўпроқ пул сарфлади. 2022/2023 йиллар мавсумида швед футболчиси 37 ўйинда майдонга тушиб, икки гол урган ва саккизта голга узатма берган. Унинг лондонликлар клуби билан шартномаси 2028 йил ёзига қадар тузилган. Футболчининг ўзи ҳали ўсиши кераклиги ҳақида гапирди, лекин у аллақачон 23 ёшда. Кулушевскининг сўзларига кўра, у жаҳон чемпионатидан кейинги ўйинларидан қониқиш ҳосил қилмаган. Энди янги мавсум унинг учун қандай кечишини кўрамиз.
Аркадиуш Милик: «Марсел» → «Ювентус» (6,3 млн евро)
«Ювентус» ҳам келишувдаги банддан фойдаланиб, Миликни «Марсел»дан сотиб олди. Поляк ҳужумчиси ўтган мавсумни ижара асосида Туринда ўтказди, энди эса жамоанинг тўлақонли аъзосига айланди. 29 ёшли 39 ўйинда майдонга тушиб, тўққиз гол урди ва бир голга узатма берди. Шу билан бирга Милик феврал-март ойларида белидаги жароҳат туфайли бир қанча ўйинларни ўтказиб юборди. «Марсел» яна 1,1 млн еврони бонуслар сифатида қўлга киритиши мумкин, аммо барчаси Милик ўзини қандай кўрсатишига боғлиқ бўлади.
Руслан Малиновский: «Аталанта» → «Марсел» (10 млн евро)
Transfermarkt маълумотларига кўра, «Марсел» махсус бандни фаоллаштириб, украиналик футболчининг трансфер ҳуқуқини қўлга киритган. Малиновский Францияга 2023 йил бошида келганди — «Марсел» уни «Аталанта»дан ижарага олганди. Руслан ярим мавсумда янги клуби футболкасида 23 ўйинда майдонга тушиб, икки гол урди ва бир голга узатма амалга оширди. Малиновскийнинг ўзи Францияда ўзи истаган даражада ўйнай олмаганини айтган. Украиналик яримҳимоячи «Марсел» футболчиси сифатида тўлақонли тайёргарликдан кейин янги мавсумда яхшироқ ўйин кўрсатишини айтган. Унинг ҳозирги клуби, «Аталанта»дан фарқли ўлароқ, Чемпионлар лигасида ўйнаш имкониятига эга, бунинг учун жамоа саралаш босқичидан ўтиши керак.
Реал, Рома, Бавария, Ёзги трансферлар “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг