"Олимпик" ҳамда "Металлург" ўртасидаги Суперлиганинг 13-тур учрашувидан (1:2) сўнг мезбон жамоа устози Тимур Кападзе журналистлар саволларига жавоб берди.
Тимур Кападзе: "Металлург"ни ғалаба билан табриклайман. Баҳс эмоция ва вазиятларга бой, мухлисларга ёқадиган бўлди. Ғалабани қўлдан чиқардик. 3 очкони сақлаб қола олардик. Бунинг устига "Металлург" 10 киши бўлиб қолди. Йигитлар бўшашишди. 1:2дан сўнг футболчиларимиз вазиятни ўнглашга ҳаракат қилишди. Бугунги учрашувда хатолар кўп бўлди, аммо бу баҳсда ғалаба қозонишимиз мумкин эди".
- Машғулот фотоларида Жавоҳир Содиқовни кўрдик. У "Олимпик"га қандай қайтди? Биздаги маълумотларга кўра, у "Қизилқум" футболчиси эди.
- Ўйин қизиқ эмас шекилли. Йўқ, у ижарада ўйнаётганди. "Қизилқум" уни иккинчи даврада олиб қолишни хоҳламади. Айни дамда у жамоамиз билан машғулот ўтказмоқда.
- Ўтказиб юбориган иккала голда дарвозабоннинг айби бор.
- Ҳа, айниқса биринчи голда посбонимиз қутқариши керак эди. Зарба яхши бўлди, бироқ тўпни қайтариш мумкин эди. Иккинчи ва ҳисобга олинмаган учинчи голларда ҳам хато бўлди. Бугун баъзи сабабларга кўра, таркибимизда йўқотишлар бор эди. Кимдадир карточкалар кўпайиб кетган, кимдадир жароҳат. Терма жамоадан кейин тайёргарликка вақт етишмади.
- Келаси баҳсда дарвозабонни алмаштириш ҳақида ўйлаяпсизми ёки унга ишонасизми?
- Мен учун йигитларга иложи борича кўпроқ имконият бериш муҳимроқ. Хатолар бўлса, унинг устида ишлаймиз. Агар хатолар такрорланса, демак ривожланишда муаммолар бор. Дарвозамизда муаммо кўпроқ, ким яхшироқ тайёр бўлса ўшани синаб кўрамиз.
- Тимур Кападзени ҳурмат қиламан, футболчиларнинг ярми дўстим, ярми укам. Умумий мавсум ҳақида савол бермоқчиман, 12та ўйинда 15 очко сиз учун кам. "Олимпик"га нима етишмаяпти?
- Ҳали мавсум якунланаётгани йўқ. Камчиликлар бор. Таркибда ўзгаришлар бор. Икки нафар ҳимоячимиз ўзгарди, янги ўйинчилар синовдан ўтяпти. Вақт керак. Изланяпмиз, ишлаяпмиз. Захира янада кучли бўлганида бунданда яхши ўйин кўрсатган бўлардик. Нафақат ўйинда, балки машғулотда ҳам муносиб қаршилик бўлиши лозим. Менимча, ўйиндан ўйинга кучайиб боряпмиз. Терма жамоага боғлиқ узилишлар ўз таъсирини кўрсатмоқда.
- Абдурауф Бўриевнинг бугунги учрашувда йўқлиги жамоа ўйинига қанчалик таъсир қилди?
- Албатта, катта йўқотиш бўлди. Абдурауф бизнинг энг асосий футболчиларимиздан бири ҳисобланади ва бугунги учрашувда унинг йўқлиги анча катта йўқотиш.
- Жияновнинг жисмоний ҳолати Россия чемпионати даражасига мосми?
- Менимча ҳа, унинг янги жамоаси мавсумга тайёргарликни энди бошламоқда ва ушбу жараён давомида бош мураббий Юран қарор қабул қилади.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг