Футзал бўйича ЖЧ олдидан ФИФА ва ЎФА вакиллари иштирокида ташкил этилган матбуот анжумани 30 июнь, жума куни бўлиб ўтди. Анжуманни ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов очиб берди.
"Ўзбекистон сўнгги йилларда бир қатор нуфузли турнирларга мезбонлик қилиб, кўплаб тажриба орттирди. Бу эса 2024 йилги футзал бўйича ЖЧга Ўзбекистоннинг мезбонлик қилиш имкониятини оширди, дея оламиз. Қайд этиш керак, бу ўз-ўзидан бўлмайди. Ўзбекистонда давлатимиз раҳбарлигида спортга катта эътибор берилмоқда. ФИФА Президенти Жанни Инфантино Ўзбекистонга ташрифи давомида давлатимиз раҳбари билан учрашиб, Ўзбекистон йирик турнирларни ўтказиш, мезбонлик қилишга иштиёқи юқори эканлиги, мамлакатда сўнгги йилларда кўплаб соҳалар сингари спортга ҳам эътибор ва ёндашув ўзгариб бораётганини қайд этди.
Биз аввалги йиллар давомида мусобақалар географиясини ҳудудларга ҳам кўчирдик. Қашқадарё, Наманган, Фарғонада бир қанча халқаро ўйинлар ўтди. Бу эса вилоятларда инфратузилмаларни ривожлантириш, мутахассисларни халқаро тажрибасини оширишга хизмат қилди, десак бўлади. Юртимизда футзалга берилаётган эътибор, миллий чемпионат ва ундаги соғлом рақобат ҳам футзал бўйича Жаҳон чемпионатини Ўзбекистонда ўтказилишига сабаб бўлди, десак бўлади", - деди Равшан Эрматов.
ФИФА мусобақалар ўтказиш бўлими бошлиғи Ҳаиме Ярза Гонзалез ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди.
"2024 йилги Жаҳон чемпионати мезбони этиб Ўзбекистон вариантида тўхтадик. Чунки у ерда кўплаб мусобақаларни ажойиб равишда ўтказа олди. Барчамиз буни гувоҳи бўлдик. Ўзбекистоннинг халқаро турнирларни ўтказиш тажрибасига таяниб, ушбу спорт турини у ерда янада оммалаштириш юзасидан бу қарорга келдик.
Ўзбекистонга келишдан олдин кўп нарса кутгандик. Ҳар бир шаҳарда футзалга бўлган қизиқишдан мамнун бўлдик. Фурсатдан фойдаланиб, бугунги анжуманда иштирок этаётган Ўзбекистон футзал МТЖга Жаҳон чемпионатида омад тилайман.
Ушбу ташриф давомида жаноб Равшан Эрматов ва Жаҳонгир Усмонов билан биргаликда бешта шаҳарда — Тошкент, Фарғона, Андижон, Самарқанд ва Бухорода бўлдик. У ердаги майдонлар, машғулот заллари ва меҳмонхоналарни ўрганиб чиқдик. Эндиликда ЎФА вакиллари билан ушбу инспекция натижаларини таҳлил қиламиз ҳамда якуний қароримизни эълон қиламиз.
Бу Ўзбекистон учун нафақат ўзининг футзал имкониятларини намойиш этиш, балки Янги Ўзбекистонни ҳам дунёга яна бир бор кўрсатиш имконияти, деса ҳам бўлади. Чунки ушбу мундиал бутун дунё бўйлаб намойиш этилади, уни миллионлаб одамлар томоша қиладилар, бундан ташқари Ўзбекистонга кўплаб мамлакатлардан ишқибозлар ташриф буюради.
Ўзбекистондаги Жаҳон чемпионатини юқори савияда ўтказиш учун олдимизда вақт бор ва албатта қиладиган ишларимиз ҳам кўп. Ўйлайманки, маҳаллий ташкилий қўмита билан биргаликда ФИФА Жаҳон чемпионатини ҳам юқори савияда ўтказамиз", - деди Ҳаиме Ярза Гонзалез.
Эслатиб ўтамиз, 23 июнь куни ўтказилган ФИФА кенгашининг йиғилишида 2024 йилги футзал бўйича Жаҳон чемпионати мусобақаси Ўзбекистонда ўтказилиши белгиланди.