“Рома” спорт директори Тьягу Пинто мураббийлар штабига керак бўлмай қолган футболчилардан қутилишга ҳаракат қилмоқда.
Ўзгаришлар айниқса, ҳужум чизиғида катта бўляпти. “Рома” рағбарияти олдинги чизиқнинг икки вакили – Жастин Клюйверт ва Карлес Пересни бир неча кун муқаддам бошқа клубларга трансфер қилганди.
Бу икки футболчининг ишлари Жозе Моуриньо “Рома”га келганидан кейин умуман юришмай қолганди.
Дунёга машҳур “Аякс” тарбияланувчиси бўлган Жастин Клюверт “Рома”га 2018 йили олиб келинган. Бироқ, 2020 йили нидерландиялик юлдуз бир мавсумга “Лейпциг” жамоасига ижарага берилди. Бу пайт Рим жамоасини ўз қўлига олган Моуриньо икки мавсум давомида уни асосий таркибга яқинлаштирмади.
Ижара асосида аввал “Ницца”, ўтган мавсумда “Валенсия” шарафини ҳимоя қилган Жастин Клюйверт энди Англия Премьер-лигаси вакили “Борнмут”га трансфер қилинди. Англияликлар ўйинчи учун римликларга 11,2 миллион евро тўлади.
“Барселона” тарбияланувчиси Карлес Перес ҳам бир йил давомида Моуриньо кўнглиги йўл топа олмади. Ўтган мавсум “Сельта” ҳужумкор футболчини ижарага олган эди. Виголикларга Переснинг ўйини маъқул келди ва улар мавсум тугаганидан кейин 25 ёшли футболчини 5,2 миллион еврога тўлиқ трансфер қилди.
Машҳур нашрлардан бири - Corriere dello Sport газетасининг ёзишича, энди навбат Элдор Шомуродовга келди.
Аслида спорт директори Тьягу Пинто ўзбек ҳужумчисини “Специя”да қолдирмоқчи бўлаётган эди. Португалиялик мутахассис ҳужум чизиғига “Специя” тўпурари Мбала Нзолани олиб келиб, ўрнига Элдор Шомуродовни олиб қолишни таклиф қилганди.
Кўпчилик бу трансфернинг амалга ошишига ишонмади. Чунки Элдор Шомуродов В Серияда ўйнашга рози бўлиши қийин. Ўзбек ҳужумчиси А Серияда қолиш учун ўтган мавсум бошқа нуфузли лигалардан бўлган чорловларни қабул қилмаган эди.
Энди Шомуродов олдида янги вариантлар пайдо бўла бошлади. Яна Туркия чемпионлиги учун курашишни мақсад қилган “Галатасарой” яқинда Мауро Икарди ўрнини Элдор Шомуродов билан тўлдириш режасини ўртага қўйди. Бундан ташқари, Греция грандларидан ПАОК ўзбек ҳужумчисига қизиқиш билдира бошлади.
Тьягу Пинто бу ҳолатдан унумли фойдаланиб қолмоқчи. Нуфузли манбалардан www.giallorossi.net сайтининг таъкидлашича, Рим клуби раҳбарияти ўзбек форвардини Туркияга жўнатишни режалаштирмоқда.
“Галатасарой” Шомуродовни кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олишни сўраган. Манбаларнинг таъкидлашича, Тьягу Пинто музокаралар жараёнида туркларга ўзбек футболчисини кейинчалик сотиб олиш мажбуриятини юкламоқчи.
Тез орада икки томон яна трансфер масаласини муҳокама қилади. Нима бўлган тақдирда ҳам, бу трансфер Шомуродов розилик берган тақдирдагина амалга ошади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардорининг римликлар билан амалдаги шартномаси 2026 йилнинг 30 июнигача тузилган.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг