Рўзиқул Бердиев: "Иккинчи голда ҳимоячилар ва дарвозабон хато қилди. Ҳозирда яхши ҳужумчи қидиряпмиз"
Coca Cola Суперлига 8-туридан ўрин олган "Нефтчи" – "Насаф" учрашувидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
Ўйин ҳақида
- Бугун иккита жамоа бир хил схемада ўйнагани учун фақат юқоридаги тўплар учун кураш кечди. "Нефтчи" бу услубни яхши ўзлаштирган ва узун тўпларни яхши ўйнайди. Стандарт вазиятларда ҳам. Бугун ҳам худди шунақа бўлди. Рақиб шундай иккита вазиятда гол уриб кетди. Ўша ўйин охиридаги жарима зарбасида ҳам осонлик билан гол ўтказдик. Бу ҳолатда ўйинчилар ҳам, дарвозабон ҳам хато қилди. Шунинг учун биз бугун мағлубиятга учрадик. Рақибни ғалаба билан табриклайман.
- Иккинчи бўлимда ҳакамга эътироз билдирдингиз. Умуман, ўйиндаги ҳакамликдан қониқдингизми?
- Ҳакамни муҳокама қилмоқчи эмасман. Лекин, ҳакамлар ўйиндаги энг муҳим инсонлар. Бугунги ўйинда балки хатолар қилгандир, аммо буни гапиришни истамайман. Вақтида ҳакамлик ҳақида гапириб бўлганман. Келинг, бугун айбни ҳакамдан изламайлик. Ҳужумда ўзимиз суст ҳаракат қилдик. Бунга бир неча сабаблар бор. Узун тўплар билан ўйнашга кўникмаганмиз, бу бизга бироз қийинчилик туғдирди. Кўрдингиз, "Нефтчи" бугун узун тўплар билан, ҳужумчига тўпни ошириш ва курашиш орқали ўйнади. Биз бу нарсага унчалик ҳам тайёр эмасдик.
- Акмал Мозговой бугун қайдномага киритилмади. Бунга сабаб нима?
- Албатта, Акмал бизнинг асосий ўйинчимиз. У бугун эрталаб ўйинда ёрдам бера олмаслигини билдирди. Биз уни шу сабабли умуман қайдномага киритмадик. Унинг ўрни бугун билинди. Чунки, Акмал бизнинг бугунги режамизда асосий фигуралардан эди.
- Иккинчи таймда жамоа марказни ютқазгандек таассурот қолдирди. Бу мана шу йўқотишлар билан боғлиқми?
- Йўқ, Мозговойнинг ўрнида Умар яхши ҳаракат қилди. Биз стандарт вазиятларда рақибга имконият бердик. Ўртада муаммо бўлмади. Бурчак тўпида пенальти яратдик. Шу вазиятлар бизга қимматга тушди.
- Мезбонларнинг ҳар иккала голи стандарт вазиятлардан киритилди. Бугун "Насаф" мағлубиятга лойиқмиди?
- Менимча, бугун дуранг адолатлироқ бўларди. Иккала жамоа ҳам бир хил тактикада ҳаракат қилди. Вазиятлар кам бўлишини билардик. Шу сабаб ҳам стандард вазиятлардан фойдаланиш керак эди. Рақиб буни яхшироқ уддалади. Ўша вазиятларда биз хато қилдик. Умуман олганда ўйин тенг курашларда ўтди. Дуранг адолатлироқ бўларди.
- Иккинчи таймда ҳужумда қандайдир ўзгаришлар қилиш мумкинмиди?
- Биздаги асосий муаммо бу ҳужум. Биз ҳозирда яхши ҳужумчи қидирмоқдамиз. Агар яхши номзод топиладиган бўлса, жамоамизга қўшиб оламиз. Барибир олдинги чизиқда бизга янги ўйинчилар керак.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг