Сўнгги трансфер хабарлари: Шомуродов Россияга қайтишни истамади, «ПСЖ» Мбаппега шарт қўйди
Сўнгги кунларда амалга оширилган асосий трансферлар, кутилаётган ўтишлар ва кенг тарқалган миш-мишлар.
«МЮ» топ-трансферини эълон қилди
«Манчестер Юнайтед» ёздаги илк йирик трансфери ҳақида эълон қилди. Манкунианликлар Мэйсон Маунтни сафига қўшиб олди. 24 ёшли футболчининг «Челси» билан бир йиллик шартномаси қолганди. У «кўклар» жамоасида 2005 йилдан буён тўп тепиб келаётганди, асосий жамоа сафида 197 ўйин ўтказганди. Аммо энди унинг фаолиятида янги саҳифа очилди.
Маунтнинг трансфери учун «МЮ» 55 млн фунт тўлайди, бонуслар ҳисобига бу миқдор 60 млн фунтга етиши мумкин. Беш йиллик шартномага имзо чеккан футболчи янги клубида ҳафтасига 250 минг фунт ишлайди (бонуслардан ташқари). У Роналдудан кейин бўш турган 7 рақамли футболкани танлади.
«Барселона»нинг ёздаги иккинчи трансфери
«Барса» расмий сайтида ҳимоячи Иниго Мартинес билан шартнома имзолагани ҳақида эълон қилди. 32 ёшли футболчи билан 2025 йил 30 июнига қадар амал қилувчи келишув тузилган.
Футболчининг «Барселона» билан шартномасида 400 млн евро миқдорида бадал пули белгиланган. Мартинес бунгача «Реал Соседад» ва «Атлетик» Билбао клубларида тўп сурган. Примеранинг якунланган мавсумида Иниго басклар жамоаси учун 18 ўйинда майдонга тушди. У шунингдек Испания миллий жамоаси сафида 20 ўйин ўтказган. «Барселона» учун бу иккинчи трансфер бўлди. Бунгача кўк-анорранглилар «Манчестер Сити» яримҳимоячиси Илкай Гундўғанни ҳам эркин агент мақомида ўз сафига қўшиб олганди.
«Атлетико» ҳимоя чизиғини текинга кучайтирди
Мадриднинг «Атлетико» клуби «Лестер» собиқ ҳимоячиси Чағлар Суюнчи билан шартнома имзолаганини эълон қилди. 27 ёшли турк футболчисининг «тулкилар» билан келишуви муддати тугаган. Шунинг учун «Атлетико» текинга яхшигина ҳимоячини қўлга киритди. Суюнчи «Лестер» сафида 2018 йил ёзидан буён ўйнаб келаётганди. Ўшанда клуб уни Германиянинг «Фрайбург» клубидан 21 млн еврога харид қилганди. Англияда беш йилни ўтказган Чағлар энди янги чемпионатда ўз кучини синаб кўради. «Атлетико» у билан тўрт йиллик шартнома тузган.
Арда Гулер «Реал»га ўтди
«Реал» туркиялик 18 ёшли яримҳимоячи Арда Гулер трансферини расман эълон қилди. Фабрицио Романонинг маълумотига кўра, «Фенербаҳче» ҳавбеки билан 2029 йилга қадар амал қилувчи шартнома имзоланган.
Бундан аввалроқ «Реал» турк клубига трансфер учун 20 миллион евро тўлаши хабар қилинганди. Мадридликлар клуби ёш истеъдод учун рақобатда «Барселона»ни ортда қолдирди.
«ПСЖ» Асенсио трансферини эълон қилди
«ПСЖ» Марко Асенсио билан шартнома имзоланганини эълон қилди. Париж клуби испаниялик ҳужумчи билан 2026 йилга қадар шартнома имзолади.
«ПСЖ» каби буюк клубнинг бир қисми бўлиш мен учун улкан шараф. Мен янги жамоамдаги сафдошлари билан бирга ишлашни бошлашни ва улар билан катта мақсадларга эришишни сабрсизлик билан кутмоқдаман», деган Асенсио.
27 ёшли Марко Асенсио 2016 йилдан буён Мадриднинг «Реал» клубида ўйнаб келаётганди. Испан клуби билан у жами 17 соврин ютган, уч мартадан Испания чемпиони ва Чемпионлар лигаси ғолиби бўлган. Июн ойида футболчининг «Реал» билан шартномаси муддати тугади ва у эркин агентга айланди.
Ди Мария ўзи 13 йил муқаддам тарк этган клубга қайтди
2022 йилги жаҳон чемпионати ғолиби ўтган мавсумда «Ювентус» сафида ўйнади. Аммо туринликлар клуби 35 ёшли аргентиналик, ўзи майдонга чиққан ўйинларда фойдали ҳаракат қилган бўлса-да, у билан шартномани янгилашни истамади. Ди Мария Европани тарк этмади ва «Бенфика»га қайтди. Анхелнинг Европадаги фаолияти айнан Португалия клубида бошланганди. У «Бенфика» таркибида 2009/2010 йиллар мавсумида Португалия чемпиони, 2008/2009 ва 2009/2010 йилги мавсумларда лига кубоги ғолиби бўлган. Ди Мария «Интер Майами»га – дўсти Лео Мессининг олдига ҳам бориши мумкин эди. Аммо у яна Чемпионлар лигасида ўйнашни танлади.
«ПСЖ» Мбаппега қийин шарт қўйди
Ёзнинг асосий сагаси давом этади. Килиан Мбаппенинг келажаги билан боғлиқ ҳолат чалкашлигича қолмоқда. У яна бир йил Парижда қолиб, кейин эркин агент сифатида «Реал»га ўтиши ёки «ПСЖ» билан шартномасини янгилаши аниқ эмас.
Парижликлар клуби президенти Носир Ал-Ҳилайфий RMC учун берган интервюсида вазият юзасидан шундай изоҳ берди: «Менинг позициям жуда аниқ. Мен ҳар сафар такрорлашни истамайман: биз Килиан қолишини истаймиз. Аммо агар Килианнинг ўзи ҳам қолишни хоҳласа, янги шартномага қўл қўйиши керак. У жаҳоннинг энг яхши футболчиси, аммо у текинга кета олмайди, бу мумкин эмас. Бу француз клуби. Унинг ўзи ҳеч қачон текинга кетмаслигини айтганди, агар у бугун бошқача ўйлаётган бўлса, бу менинг айбим эмас. Биз жаҳоннинг энг яхши футболчисини текинга қўйиб юбормоқчи эмасмиз… Бу аниқ».
Инсайдер Фабрицио Романо вазиятга қисқача баҳо берди — унинг ҳисоблашича, 24 ёшли форвардда иккита йўл бор: ёки «ПСЖ» билан янги шартнома имзолайди, ёки шу ёзда кетади. Парижликлар ҳозирги шартномаси доирасида уни кейинги мавсумда ўйнатмоқчи эмас. Transfermarkt Мбаппенинг трансфер қийматини 180 миллион еврога баҳолаган.
«ПСЖ» хўжайинининг сўзлари Мбаппенинг клуб билан муносабатлари бузилганини кўрсатади. Бундан эса «Реал» фойдаланиб қолиши мумкин - мадридликлар трансфер учун 200 миллион евро сарфлашга тайёр. Шу билан бирга, журналист Эду Агирренинг хабарига кўра, «ПСЖ» сўнгги соатларда «Ливерпул»дан ҳам Мбаппе учун 200 миллион евролик таклиф олган.
Шомуродов «Спартак» таклифини рад этди
Ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродовга Москванинг «Спартак» клубидан таклиф бўлган. Аммо, Legalbet маълумотига кўра, 28 ёшли форвард Россия чемпионатига қайтишга рози бўлмаган. У Италияда қолишни афзал кўрмоқда. Бошқа манбаларга кўра, Элдорда фаолиятини Туркияда давом эттириш варианти ҳам бор.
Шомуродов муқаддам Россиянинг «Ростов» клубида тўп сурган (2017–2020), кейин Италиянинг «Женоа» клуби томонидан трансфер қилинганди. Айни вақтда унинг трансфер ҳуқуқи «Рома»га тегишли ҳисобланади, аммо 2022/2023 йилги мавсумни ижара асосида «Специя»да ўтказиб, 24 ўйинда 2 та гол урди ва 2 голга узатма берди. Унинг «Рома» билан шартномаси 2026 йил ёзида тугайди. Transfermarkt Шомуродовнинг трансфер қийматини 6 миллион еврога баҳолаган.
«Бавария» ҳамон Кейн трансферидан воз кечмаган
Мюнхенликлар клуби шу ёзда «Тоттенҳэм» ҳужумчиси Ҳарри Кейнни трансфер қилишдан умид узмаган, деб ёзади Sky in Germany. Манба маълумотига кўра, «Бавария» 29 ёшли англиялик футболчи учун навбатдаги таклифни юборади. «Тоттенҳэм» эса асосий активини қўйиб юбормоқчи эмас.
Немислар клуби бу ёзда музокараларда муваффақиятга эриша олмаса ҳам, уни 2024 йил ёзида, шартномаси муддати тугаганида эркин агент сифатида қўлга киритишга ҳаракат қилиб кўради.
The Guardian хабарига кўра эса, лондонликлар жамоа сардорига янги шартнома таклиф этган. Айни вақтда лондонликларда учта йўл бор: Ҳаррини яхши пулга сотиш, шартномани янгилаш ёки кейинги йил ёзида текинга қўйиб юбориш. Аммо форвард трансферлар даричаси очиқлигида янги шартнома бўйича музокараларга киришмоқчи эмас.
Кейн — «Тоттенҳэм» тарбияланувчиси ҳисобланади. 2022/23 йиллар мавсумида ҳужумчи жамоа учун барча турнирлар доирасида 49 ўйинда майдонга тушиб, 32 гол урди ва 5 голга ҳаммуаллифлик қилди.
Transfermarkt портали унинг трансферини 90 миллион еврога баҳолаган.
«МЮ» Онана бўйича таклиф юборди
«Манчестер Юнайтед» асосий дарвозабонсиз қолган. Испаниялик посбон Давид де Хеа билан шартнома муддати тугамоқда, клуб унга янги келишув таклиф этмаган. «МЮ» унга ўринбосар сифатида «Интер» дарвозабони Андре Онанани танлаган.
Инсайдер Фабрицио Романо хабарига кўра, «Манчестер Юнайтед» Андре Онана трансфери бўйича фаоллашган. 27 ёшли камерунлик учун «қизил иблислар» 39 миллион евролик таклиф йўллаган. «Интер» эса Онана учун 60 млн евро ишлаб олмоқчи. Аммо томонлар бир муросага келиши эҳтимоли юқори.
2022/23 йиллар мавсумида ушбу дарвозабон нерадзурри сафида барча турнирлар доирасида 41 ўйинда майдонга тушиб, 19 ўйинда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган.
Дибала Саудия Арабистонига боришдан бош тортди
«Рома» ҳужумчиси Пауло Дибала «Ал-Ҳилол» таклифини рад этди. Il Messaggero манбасига кўра, клуб римликларга 12 миллион евро миқдорида товон пули тўлаб, футболчининг ўзи учун катта маош тўлаш бўйича таклиф юборганди. 29 ёшли аргентиналикнинг «Рома»даги йиллик маоши миқдори 6 миллион еврони ташкил этади.
Аммо Дибала бу таклфни рад этган ва римликлар жамоасида қолган.
Аргентиналик футболчи «Рома»га 2022 йил ёзида келганди, унинг шартномаси 2025 йил ёзига қадар мўлжалланган. 2022/23 йиллар мавсумида у барча турнирлар доирасида 38 ўйинда майдонга тушиб, 18 гол урди ва 8 голга узатма берди.
Мане ҳам Саудия Арабистонига бориши мумкин
«Бавария» вингери Садио Манеда ҳам фаолиятини Саудия Арабистонида давом эттириш варианти бор.
Bild нашрига кўра, 31 ёшли футболчига Роналду ўйнаётган «Ан-Наср» ва Стивен Жеррард бошқарувидаги «Ал-Иттифоқ» клубларидан қизиқиш мавжуд. Англиялик мураббий ва сенегаллик футболчи бир-бирларини жуда яхши билишади. Жеррард Манени ўз клубида кўришни истамоқда.
Манба маълумотига кўра, «Ан-Наср» ва «Ал-Иттифоқ» «Бавария»га трансфер учун сўралган маблағни тўлашга ва футболчига юқори маош тайинлашга тайёр. Бу трансфер кўп жиҳатдан Маненинг истагига боғлиқ бўлади.
Трансферлар бозорида яна нима гаплар:
- «ПСЖ» Милан Шкриняр трансферини эълон қилди. Париж клуби словакиялик 28 ёшли ҳимоячи билан 5 йиллик битим тузди. Футболчи 6 йиллик фаолиятдан сўнг «Интер»ни эркин агент сифатида тарк этганди.
- «Валенсия» дарвозабони Георгий Мамардашвили «Бавария» қизиқишлари доирасида. Инсайдер Фабрицио Романо маълумотига кўра, 22 ёшли гуржистонлик футболчига Англия ва Италиядан ҳам таклифлар бор. Мамардашвили ўтган йил ноябрида «Валенсия» билан 2027 йил ёзига қадар имзолаган шартномада 100 миллион евро миқдорида бадал пули белгиланган.
- The Athletic маълумотига кўра, «Милан» ва «Челси» Кристиан Пулишич трансфери борасида келишиб олган. Аввалроқ кўклар жамоаси россонериларнинг 14 миллион евролик таклифини рад этганди, аммо 24 ёшли америкалик яримҳимоячини 22 миллион еврога сотишга рози бўлган.
- Гранит Чака 25 млн евро эвазига «Арсенал»дан «Байер»га ўтади. Фабрицио Романо бу трансфер ҳал бўлгани, швейцариялик яримҳимоячи янги клуби билан 2028 йилга қадар шартнома тузганини маълум қилди.
Манба: Kun.uz
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг