“Бунёдкор” футбол клуби директори Мурод Алиев қисқа вақт ичида жамоанинг келажаги бўлган академияда босқичма-босқич кўзга кўринарли ислоҳатларни амалга оширди. Бу албатта клубнинг ягона таъсисчиси “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан жамоадаги вазиятни ўнглаш бўйича Мурод Боқиевичга берилган вазифалар муносабати билан рўй бермоқда.
Маълумки, “Бунёдкор” Суперлиганинг биринчи даврасини кўнгилдагидек ўтказа олмади. “Қалдирғочлар”нинг турнир жадвалида эгаллаб турган ўрни ўзига мос эмаслиги ҳеч кимга сир эмас. Бугун олдига доимо жиддий мақсадларни қўядиган “Бунёдкор” футбол клуби мураббийлари штабида ўзгариш рўй берди.
Қирғизистон миллий терма жамоасини 2019 йилги Осиё Кубогида нимчорак финалга олиб чиқиб, мамлакат футболи тарихидаги энг яхши натижани қайд этган россиялик мутахассис – Александр Крестинин “Бунёдкор” жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди!
Бугун тушдан сўнг пойтахтимизга етиб келган Александр Сергеевич “Бунёдкор” офисига ташриф буюрди ва клуб директори Мурод Алиев билан учрашди. Учрашувда жамоанинг иккинчи даврага тайёргарлик режаси, келажаги ва албатта шартнома шартлари муҳокама қилинди. Жумладан, янги мураббийлар штаби “Бунёдкор” академияси тарбияланувчилари асосида рақобатбардош жамоа шакллантириши маълум қилинди.
Жамоага эртага мавсумнинг иккинчи қисмига тайёргарликни бошлайди. Александр Сергеевич бошчилигидаги мураббийлар штабининг тайёргарлик режаси тайёр ва у Мурод Боқиевичга тақдим қилинди. Таъкидланганидек, таркибнинг асосини тарбияланувчиларимиз ташкил қилади ва улар асосида жамоа шакллантирилади. Бу орқали яқин келажак, 2024 йилги мавсум учун тайёргарлик эртадан бошланади.
Маълумот учун
АЛЕКСАНДР СЕРГЕЕВИЧ КРЕСТИНИН
Туғилган санаси: 19.09.1978 йил
Туғилган жойи: Краснодар, Россия
2014-2023 йиллар давомида Қирғизистон миллий терма жамоаси бош мураббийи лавозимида фаолият юритган.
"Бунёдкор" матубот хизмати.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг