Хабарингиз бор, куни кеча “Бунёдкор” клубига россиялик мутахассис Александр Крестинин бош мураббий этиб тайинланди.
Мухлислар уни асосан Қирғизистон терма жамоасини бошқарган пайтларидан яхши билишади. Яқинда терма жамоадан кетган мутахассис энди юртимизда фаолиятини бошлади. Sports.uz журналистли эса Крестининдан интервью олди.
- Александр Сергеевич, “Бунёдкор” клуби бош мураббийи этиб тайинланганингиз билан табриклаймиз. Қачондир бу иш содир бўлиши керак эди, шундайми?
- Авваламбор, табрик учун раҳмат. Бу ерда катта бир клубдан таклиф тушганини ҳам инобатга олиш керак. Албатта, жуда ҳам қизиқарли иш эканлигини тушуниб турибман. Бу катта масъулият ва катта ишонч борлигини сезиб турибман. Ўйлайманки, ҳар қандай мураббий учун “Бунёдкор”дек жамоада ишлаш фахр.
- Айтинг-чи, “Бунёдкор”дан қачон таклиф тушди ва сиз билан ким алоқага чиқди?
- Ҳаммаси жуда тез амалга оширилди. Мен билан жамоанинг бош директори Муроджон Бакиевич алоқага чиқди. Дастлаб телефон орқали барчасини гаплашиб олдик.
- Биламизки, Қирғизистон терма жамоасини 9 йил бошқардингиз. Сизнингча, терма жамоа билан клубда ишлаш ўртасида катта фарқ борми? Айтмоқчиманки, клубдаги кўникма борасида сизда муаммолар йўқми?
- Менда яхшигина катта тажриба бор. Терма жамоа ва клуб билан ишлаш борасида етарлича кўникма мавжуд. Шу сабаб қандай клубга ишга ўтганимни ҳис қилиб турибман. Бу мени касбим ва ҳаётим эканлигини ҳам яхши англайман ва бутун меҳрим билан ушбу жамоада фаолият олиб бораман.
- Жамоанинг ёзги йиғин режаси қандай?
- Ёзги йиғин албатта керак ва муҳим. Бу вақт давомида бир қатор ишларни олиб борамиз. Ёзги тайёргарлик давомида керакли нарсага эришиш учун қўлдан келган барча ишни амалга оширамиз. Бундай пайтда кўплаб ташкилий ишларни бажарамиз. Чемпионатга максимал даражада сифатли тайёрланишга ҳаракат қиламиз.
- “Бунёдкор”да сиз яхши билган футболчилардан кимларни танидингиз?
- Жамоа билан танишиб чиқдим. Айтишим мумкинки, Даврон Эргашев билан танишмиз. Уни терма жамоа миқёсидаги ўйинлардан яхши танирдим. Тожикистон терма жамоаси ҳимоячи сифатида тўп сурган. Ўшанда тўқнаш келганмиз.
- Жамоага янги футболчилар келиб қўшилса керак. Масалан, кимларга қўнғироқ қиляпсиз? Айтайлик, шартнома имзолаган ёки шартномаси бекор қилинган ўйинчилар борми?
- Клубда тажрибали, савияли ўйинчилар йиғилганини биламан. Машғулотлар орқали футболчиларнинг ҳолатини яхшилаб ўрганиб олганимдан кейин сўнгги қарорга келишим мумкин.
- Олдингизга аниқ вазифа қўйилдими?
- “Бунёдкор”дек клубда ҳар доим юқори талаблар қўйилади. Шу боис барча билим ва маҳоратимизни ишга соламиз, деб ваъда бераман. Асосийси, ҳар бир учрашувда ғалаба учун максимал курашамиз. Барча имкониятимизни ишга соламиз.
- Жамоа ўйинида ўзгаришлар қилиш учун қандай тактикалардан фойдаланмоқчисиз?
- Тактикамизни футболчиларнинг имконияти ва ҳолатидан келиб чиқиб белгилаймиз. Уларнинг барча имкониятларидан фойдалана олсак юқори натижаларга эришишимиз мумкин.
Шуҳратбек Жўраев.
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг