Бир неча кун аввал Sports.uz Суперлига биринчи давра сарҳисобларини бошлагани ҳақида хабар берган эдик. Аввалига, энг яхши футболчини аниқлаган бўлсак, энди навбат мураббийларга. Статистик маълумотларни иккинчи планда (у сиз ҳам бўлмайди) қолдирган ҳолда, ўлчовни жамоанинг ҳолатидан келиб чиқиб намойиш этган ўйинига қаратамиз.
5-ўрин. Рўзиқул Бердиев
“Аждарлар” устози жорий мавсумни йўқотишлар билан бошлади. Аввалига асосий форвард жамоани тарк этган бўлса, плеймейкер жарроҳлик столига ётди. Уларнинг ўрнини муносиб тўлдириш учун раҳбарият томонидан кераклича маблағ ажратилгани йўқ. Натижада, жуда заиф селекция ишлари олиб борилди. Якунда, кутилганидек “аждарлар” ҳужум ва марказий ярим ҳимоя чизиғи оқсай бошлади. Эътиборли томони, кадрлар билан муаммоларга қарамай “Насаф” ўзига келди.
Жуда оғир ўйинларда керакли ғалабаларни қўлга киритди. Жанжал ва тўполонлар ичида қолган бўлсада классни тушириб юборгани йўқ. Жамоа прогрессида Бердиевнинг ўрни улкан эканлигини футболга умуман тушунмайдиган инсон ҳам дарров англаши аниқ. Аслида, мутахассис кучли бешликда юқорироқ ўринда бўлиши лозим эди, аммо четлатилиш сабабли мавсумни бир қисмини ўтказиб юборгани сабабли 5-ўрин билан чегараланишимиз адолатдан бўлади.
4-ўрин. Максим Шацких
“Супер Макс” ҳам Бердиев сингари анча мураккаб вазиятда қолган эди. Мавсум бошидаги молиявий қийинчиликлар, етакчиларнинг амбицияни йўқотгани, захира ўриндиғининг йўқлиги ва турли ёшдаги ўринбосарларни терма жамоа ихтиёрига ўтиб кетиши “шерлар”ни қийнаб қўйгани рост. Боз устига, кетма-кет икки тур аламли мағлубиятни қабул қилган “Пахтакор”да кўпчилик регресс бошлангани ҳақида ёзишга тушиб ҳам кетди, аммо Максим Шацких вазиятни ўзи томонга буриб юборишни уддалади. Айни дамда, “шерлар” (битта захира ўйини бор) турнир жадвалида иккинчи поғонада бормоқда. Ваҳоланки, Шацких мавсумни биринчи қисмини деярли 14 футболчи билан ўтказди. “Макс” мураббий сифатида ўсмоқда. Янги схема ва янги стратегиялар уни изланаётганидан далолат.
3-ўрин. Виталий Левченко
Фарғоналиклар устози ўтган мавсумдаги “разведка”дан сўнг 2023 йилги мавсумда чемпионлик учун “ҳужум”ни бошлаб юборди. Ажойиб стартдан сўнг кетма-кет дуранглар “Нефтчи”ни турнир жадвалида "оёғидан ушлаб қолди". Шунга қарамай, “йўлбарслар” сўнгги турлардаги муҳим ғалабалар сабабли кучли учликдан тушиб кетгани йўқ. Левченко ўзи шогирдларига сингдираётган агрессив қарши ҳужумга таянган футболни янада яхшироқ эффект бериши учун сифатлироқ ижрочиларга муҳтож эканлигини тушунгани аниқ. Биздаги маълумотларга қараганда, айни дамда мутахассис Туркияда бўлиб турибди. Бир нечта легионерларни ўзи кўриб танлаб олмоқчи экан. “Нефтчи” проекти ҳар томондан ўзини оқламоқда. Бу сўзсиз мураббийнинг меҳнатлари самараси.
2-ўрин. Сергей Арслонов / Сергей Токов
“Сурхон” аввалига топ юлдузлар келиши тахмин қилинган улкан проект сифатида шаклланиши тахмин қилинган, бунинг учун илк қадамлар ташланган эди. Кўп ўтмай, жамоа ҳомийсиз қолгани ва энди бор эътиборини ёшларга қаратишини эълон қилганида кўпчиликнинг Суперлигада яна бир аутсайдер жамоа пайдо бўлиши ҳақида ўйлагани аниқ. Шахсан ўзим ҳам “Сурхон”нинг ОКМК билан ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Арслонов билан кескин суҳбатлашганим ёдимда. Ўша пайт ёш мутахассис шогирдларига вақт кераклигини ва улар қураётган футбол ўз самарасини беришини таъкидлаган эди. Орадан ярим йил ҳам вақт ўтгани йўқ. “Сурхон” устозлари “Олимпик”нинг янгиланган ва яхшиланган версиясини тақдим этишди.
“Учар тулпорлар” жанговор, ҳужумкор ва рақибдан чўчимай олдинга ташланадиган жамоа сифатида футбол мухлислари эътирофини қозонди. Деярли молиявий имкониятга эга бўлмай туриб, уй стадионисиз, ёшлардан иборат жамоа билан Суперлиганинг биринчи даврасини 19 очко билан кучли олтиликда якунлаган жамоа мураббийлари кучли бешликнинг иккинчи ўрнига лойиқ, деб топилди. Қўлдаги ресурсдан келиб чиқиб, кўрсатилаётган натижага разм солинса, “Сурхон” сўзсиз бугун ички биринчиликдаги энг намунали жамоа!
1-ўрин. Самвел Бабаян
Кучли хейт, маҳаллий мухлислар босими, танқидлар ёмғири ва кўплаб бошқа аспектлардаги муаммоларга қарамай Самвел Бабаян “Навбаҳор” проектини муваффақиятли бошқариб келмоқда. Мураббий эндигина иккинчи мавсумини ўтказаётганига қарамай, “Навбаҳор” аллақачон чемпионлик учун биринчи рақамли даъвогарга айланиб улгурди. Тўғри, ўйин услуби, темп ва зерикарли футбол борасида Самвел Вячеславловичга саволлар бисёр, аммо натижа борасида мутахассис берган ваъдасини устидан чиқиб келмоқда.
Қисқа фурсат ичида Наманганда топ даражадаги ижрочиларни йиғиб, уларни жамоа сифатида шакллантиришга улгурган мураббий айни дамда энг кўп муҳокама қилинадиган персонажлардан бирига айланиб бўлди. Тўғри, “Пахтакор” ва ОКМК билан ўйиндаги мағлубият бироз “лочинлар”нинг имижига салбий таъсир кўрсатди, аммо якунда бошқа ўйинлардаги ишончли ғалабалар сабабли “Навбаҳор” биринчи даврани пешқадам сифатида якунлади. Ҳар томондан кучли босим бўлишига қарамай, хотиржамликни йўқотмай, совуққонлик билан қарор чиқараётган мутахассис кучли бешликдаги биринчи поғонага лойиқ.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг