Биринчи давра сарҳисоби давом этади. Энди энг чиройли голларни аниқлаймиз.. Дарвоза тўрига бориб тушган тўпларнинг таъсири бир хил бўлишига қарамай, унинг ўзига хос жозибаси бор. Қисқаси, бу сафарги танлов бироз баҳсли бўлиши мумкин. Сабаби, барчанинг таби турлича. Статистик маълумот ва кўрсаткичлар чекинган пайтда, шунчаки гўзалликдан баҳра олиш имконияти пайдо бўлади.
5-ўрин. Қувондиқ Рўзиев
“Кучли бешлик”ни Қувондиқ Рўзиев ижросидаги “даҳшатли” зарба очиб беради. Тўғри, якунда “Насаф” 90+9-дақиқада киритилган гол эвазига ғалабани юлқиб олди, бироқ бу голнинг бетакрорлигини инкор этишга асос бўлмайди. “Турон” сафида бу эпизодда барча аъло даражада ҳаракат қилди. Тўп прессинг эвазига олиб қўйилгач, жамоавий уюштирилган тезкор ҳужум Қувондиқнинг юқори бурчакка йўллаган “пушка”си билан якунланди. Шунчаки, голни томоша қилиб баҳра олинг!
4-ўрин. Исломжон Тошпўлатов
Биринчи даврани жуда ёмон ўтказган “Қизилқум”нинг ҳам ора-орада айтар сўзлари бор эканлигини кўрдик. “Олтин қазувчилар” “Нефтчи”га қарши ўйинни жуда яхши ўтказгани йўқ. Шунга қарамай, Исломжон Тошпўлатовнинг жаримадан берган шедевр зарбаси якунда Навоий клуби учун муҳим бўлган 1 очкони ишлаб берди. Физика қонунларига "тупуриб қўйган" тўпнинг траекториясини соатлаб томоша қилиш мумкин!
3-ўрин. Искандар Шойқулов
1:0. “Андижон” ўз уйида ҳисобда олдинда! Бошкович кетма-кет ўзгаришларни амалга оширди, бироқ “бургутлар” мудофааси ҳужумларни мардонавор бартараф этмоқда. Айнан шу паллада “Сўғдиёна” ҳимоячиси ўзининг кутилмаган зарбаси билан ўйин боришини бошқа томонга буриб юборади. Тўпни ҳавода (ерга туширмай) кучли бўлмасада, жуда аниқ зарба билан дарвозага “михлаб” қўйган Шойқулов Суперлиганинг бу мавсумдаги энг чиройли голларидан бирига муаллифлик қилди. Якунда, “Сўғдиёна” иккинчи тўпни ҳам киритиб, ғалабани илиб кетди. Андижондаги ўйин кўпчиликнинг ёдидан ҳам кўтарилиб кетгани аниқ, бироқ Шойқуловнинг идеал зарбаси йиллар ўтсада турли топ ва чартларда кўриниш бераверади.
2-ўрин. Сардор Абдунабиев
Суперлиганинг 1-турида яхшигина шов-шув кўтарган “Насаф” – “Андижон” ўйинидаги “замбарак” ёдингиздами? Сардор Абдунабиев томонидан сўнгги дақиқаларда йўлланган зарба “Насаф”ни чуқур нокдаун ҳолатига тушириб қўйган ва ўзига келиш учун вақт етмай қолган эди. Қарши ҳужум чоғида узатма амалга оширш учун вариант топа олмаган “Андижон” аъзоси кутилмаганда дарвозанинг яқин бурчагини нишонга олди. Бу зарбанинг траекторияси ва тезлиги ўша оқшом Абдувоҳид Неъматовнинг тушларига кириб чиққан бўлса ҳам, ажаб эмас.
1-ўрин. Остон Ўрунов
Биринчи ўрин Тошкентда “Бунёдкор”ни “савалаб” кетган Остон Ўрунувнинг рейдига насиб қилди. Дарҳақиқат, сўнгги йилларда маҳаллий футболчиларимиз орасида ўйинни бу қадар ўзига оладиган, қўрқмай 2-3 рақиб қўриқлаётган зонага тўп билан ёриб кирадиган ижрочилар камайиб бормоқда. Остон бу “тип”даги футболчилари ҳали “йўқолиб” кетмаганини барчага эслатиб қўйди. 4 рақиб қуршовида қолишига қарамай, ишни зарбагача етказган вингер исталган ҳайлайтсларни безаб берадиган голга муаллифлик қилди. Ўша оқшом “Навбаҳор” “Бунёдкор”ни йирик ҳисобда енгган бўлса, Остон бутун Ўзбекистонга катта футболга “қайтганини” эслатиб қўйди!
Яҳёхўжа Улуғхўжаев
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг