"Андижон" матбуот хизматининг хабарига кўра, бугун жамоанинг йиғининга туркиялик 19 ёшли футболчи Меҳмет Илҳан қўшилди. У “Антальяспор” U-21 жамоасида ўзини кўрсатган. Ёзги йиғинда эса “Антальяспор” бош мураббийи Нури Шахин томонидан асосий жамоага жалб қилинган. Айтиш жоизки, Илҳан иккала қанот ярим ҳимоясида ўйнай олади.
Хабарингиз бўлса керак, “Андижон” клубини “Антальяспор” билан ўзаро ҳамкорлик борасида келишуви йўлга қўйилган. Ёдингизда бўлса, қишда Рубин Хебай айнан "Антальяспор"нинг тавсиясига кўра таклиф қилинганди.
Эндиликда мазкур ҳамкорлик доирасида “Антальяспор” Илҳанни “Андижон” клубининг таклифига биноан кўрикка келишига розилик билдирди. Шу боис жамоанинг мазкур йиғини давомида футболчи кўрикда бўлади.
Шунингдек, бугун “Андижон”нинг тўпурари Рубин Хебай ҳам клуб ихтиёрига қўшилди. Қолаверса, биринчи даврани “Навбаҳор-Фарм”да ўтказган ҳужумкор футболчи Иброҳим Ғанихонов ҳам андижонликлар сафида шуғулланмоқда.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг