“Специя”даги ижара муддатини ўтаб, Римга қайтган Элдор Шомуродов келаси мавсум олдидан яна жамадонини йиғишига тўғри келади.
Таниқли инсайдер Николо Скирага кўра, "Рома" бош мураббийи Жозе Моуриньо келаси мавсум ҳам ўзбекистонлик ҳужумчининг хизматларидан фойдаланишни режалаштирмаяпти. Шунинг учун ҳам спорт директори Тьягу Пинто форвардга янги иш жойи топиб бериши керак.
28 ёшли ҳужумчига таклиф йўқ эмас. Аниқроғи, Элдорни сўраётган жамоалар сони ошиб бормоқда.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихидаги энг зўр тўпурарга “Лечче” жиддий қизиқиш бошлагани ҳақида хабар тарқатган эдик.
Шомуродовга харидорларнинг кўпаяётгани “Галатасарой”ни безовта қила бошлади.
Нуфузли манба – www.fotospor.com нашрининг ёзишича, истанбулликларнинг асосий трансфер нишони Мауро Икарди ҳисобланади. Аргентиналик юлдуз ўтган мавсумни ижара асосида “Галатасарой”да ўтказди ва 22 та гол билан чемпионликка муносиб ҳисса қўшди.
Турк суперклуби Икардини ПСЖдан 10 миллион еврога тўлиқ трансфер қилиш таклифини берган ва мақсадига эришиш имконияти бор.
Истанбулликларни Элдор Шомуродов туркий давлатлар вакили экани қизиқтирмоқда. Янги тартибга кўра, туркий миллатлар Суперлигада легионер мақомида бўлмайди.
- “Лечче” ҳужум чизиғини кучайтириши керак. Улар “Рома”нинг ўзбекистонлик форварди Элдор Шомуродовни нишонга олди. “Галатасарой” ҳам ўзбек футболчисини ўз сафига қўшиб олмоқчи бўляпти. Чунки уни маҳаллий ўйинчи мақомида ўйнатиш мумкин, - деб ёзмоқда www.fotospor.comсайти.
Италиядаги манбалардан footballnews24.it сайти ҳам Элдор Шомуродов атрофидаги вазиятга ойдинлик киритди.
- “Специя”даги ижара муддати давомида ўзини кўрсата олмаган футболчининг келаси мавсум “Рома” асосий таркибидан жой олиши муаммо. Шомуродов учун курашда яқингача “Галатасарой” пешқадамлик қилаётган эди. Энди вазият ўзгарди.
Шомуродовга А Сериядан харидор чиқиши, ҳужумчи учун курашда “Лечче”ни етакчига айлантирди, - деб ёзмоқда footballnews24.it сайти журналисти Даниэле Сегенти Моначелли.
Маълумотларга қараганда, “Лечче” ўзбек ҳужумчиси масаласида трансфер форматини ҳал қилиши керак. “Рома” вакиллари билан бўладиган музокаралар чоғида ўйинчини бир мавсумга ижарага олиш, ижара муддати тугаганидан кейин трансферни тўлиқ амалга ошириш ҳуқуқи ёки мажбуриятини юклатиш вариантлари муҳокама қилинади.
Эслатиб ўтамиз, Шомуродов 2020 йилнинг октябрида Италия чемпионатидаги фаолиятини бошлади ва бугунги кунга қадар учта жамоада тўп тепди.
Элдор “Женоа”да 32 та учрашувда саккизта гол ва иккита ассист, “Рома”да 48 та ўйинда 6 та гол ва олтита ассист, “Специя”да 16 та беллашувда 1 та гол ва бир жуфт ассист муаллифи бўлди.
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг