Ўзбекистонлик мутахассис, Бекободдаги “El Golazo” футбол академияси асосчиларидан бири Зокиржон Ҳолиқов куни кеча дунёга машҳур “Реал” Мадрид ва Европа Университетининг биргаликда ташкил этилган магистратурасида футбол менежменти йўналиши бўйича ўқишини муваффақиятли битирди.
Эътиборлиси, битирув кечасида ҳамюртимиз Зокиржон Ҳолиқовга магистрлик дипломини шахсан “Реал” Мадрид клуби президенти Флорентино Перес топширди.
Зокиржон Ҳолиқов мазкур Университетдаги ўқиши қандай кечгани тўғрисида гапирди:
“Реал” Мадриднинг Европа Университети билан биргаликда октябрдан июль ойигача бўлган 9 ой муддатдаги ўқиш давомида футбол бошқаруви йўналиши бўйича магистратурани битирдим. Магистратура доирасида Испаниянинг топ-клублари тизимидан ташқари Португалия, Нидерландияга бориб амалиёт ўтаб, иш тажрибаси билан танишиб чиқдим. Бундан ташқари, Германия, Австрия футболи тизими, жумладан, “Ред Булл”, “Зальцбург”, Бельгия футбол федерациясидан техник директор, Қатардаги “Аспайр” академиясидан, УЕФА, Хорватия футбол федерацияси, “Динамо” Загреб, шунингдек, “Спортинг”, “Бенфика”, “Атлетико”, “Вильяреал”, “Севилья”, “Бетис”, “Реал Сосьедад”, “Валенсия”, “Байер”, “Марсель” каби клублардан келиб бизга дарс беришди.
Хуллас, Европанинг топ-клубларидан етакчи мутахассислар бизга ўз билимлари билан ўртоқлашишди. Қолаверса, “Реал” Мадриддаги ҳамма дарс берди. Арбелоа, Раул, “Реал”нинг скаут бўлими бошлиғи, фитнес мураббийлари, стадион директори, клуб афсоналари – Висенте Дель Боске, Маноло Санчес, Эмилио Бутрагеньо, Сантьяго Солари, Икер Касильяс...”Реал”да жами 400 та ходим бўлса, шундан 62 таси мен битирган Университетни тамомлаганлар”.
Юқорида тўхталиб ўтганимиздек, Ҳолиқов “Реал” президентидан магистрлик дипломини қабул қилиб олди. Ҳамюртимиз Перес билан учрашуви ҳақида ҳам эслаб ўтди:
“Флорентино Перес билан иккинчи марта кўришишим. Биринчи бор 2018 йилда учрашгандим. Ўшанда ЎФАнинг олдинги раҳбари Умид Аҳмаджонов билан борганимизда “Сантьяго Бернабеу” стадионининг президент ложасида учрашгандик. Бу сафар ҳам кўришганимизда у билан бироз суҳбатлашдик. Ўзбекистондан келганимни айтдим. Келажакда “Реал”нинг раҳбариятида ишламоқчиман десам менга кулиб омад деди ва қўлимни сиқиб қўйди.
Дарвоқе, охирги пайтларда яна Мбаппенинг “Реал”га ўтиши ҳақидаги хабарлар анча жонланиб қолди. “Реал” Мадрид клубига яқин бўлган Зокиржон Ҳолиқовдан ҳам Мбаппенинг трансфери ҳақида сўрадик. Чунки у ерда бу масалада нима гаплар бўлаётганини у яхшироқ билади.
“Ўшанда кўпчилик мендан Перес билан кўришганингда Мбаппе ҳақида сўрадингми, деб қизиқишди. Лекин Карим Бензема кетганидан сўнг Мбаппе “Реал”га шу ёзда келмоқчи. Улар биргаликда ҳаракат қиилишяпти ва футболчининг “Реал”га ўтиши бўйича иш режасини тузишган. Унга кўра, Мбаппе шу йилнинг августида келмоқчи. “Реал” эса бу борада ҳали овоз чиқаргани йўқ. Агар шовқин кўтарса, футболчининг нархи ошиб кетиши мумкин. Мадридда деярли барча мухлислар Клианни август ойида “Реал”га келишини кутишяпти”, - дейди Ҳолиқов.
Шуҳратбек Жўраев.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг