
Хоразм вилояти, Хива шаҳридаги «Ичон Қалъа» мажмуасида Халқаро этноспорт фестивали очилди. Тадбир доирасида этноспорт турларини ривожлантириш ва янада оммалаштириш бўйича форум, ош пишириш мусобақаси, қовун сайли, ҳунармандчилик маҳсулотлари ҳамда санъат асарларидан кўргазма, «Баҳодирлар ўйини» мусобақаси, 6 та спорт тури бўйича кўргазмали чиқишлар, 12 та миллий халқ ўйинлари бўйича кўргазмали ўйинлар ташкил этилади.
Президент Шавкат Мирзиёев фестивал иштирокчиларига қутлов сўзини йўллади.
«Мамлакатимизда миллий халқ ўйинларини тарғиб этиш ва оммалаштириш, бу йўналишда халқаро ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кейинги йилларда бу борада қатор қарорлар, жумладан, Этноспорт турларини 2025 йилгача оммалаштириш ва ривожлантириш дастури қабул қилинди. Айниқса, миллий спорт турлари бўйича уч босқичли мусобақалар тизими ташкил этилгани, Тошкент шаҳрида ҳар йили бир марта этноспорт турлари бўйича республика фестивали, Хива шаҳрида эса икки йилда Халқаро этноспорт фестивалини ўтказиш йўлга қўйилгани бу борадаги муҳим амалий қадамларимиздир», дейилади табрикда.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда ҳар бир туман ва шаҳарнинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб, миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини оммалаштириш ва ривожлантириш, спорт мусобақаларини ташкил этиш бўйича ҳудудий дастурлар қабул қилинганини таъкидлади.
Ёш авлод ўртасида миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини оммалаштиришга катта аҳамият берилмоқда. Ушбу йўналишда малакали мутахассислар тайёрлаш, илмий тадқиқотлар олиб бориш масалалари ҳам эътибор марказида эканини айтди.
«Фурсатдан фойдаланиб, ушбу фестивалдаги иштирокингиз учун сиз, азизларга, хорижий давлатларнинг муҳтарам элчиларига, халқаро ташкилотлар вакилларига самимий миннатдорлик билдираман. Ишончим комил, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан бу фестиваль дунёдаги нуфузли спорт анжуманлари қаторидан муносиб ўрин эгаллайди. Фестиваль доирасида ўтказиладиган спорт мусобақалари, халқаро турнир, жаҳон чемпионатлари ва конференция ишига муваффақият тилайман», дейилади табрик якунида.
Этноспорт фестивали 10 сентябргача давом этади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!