“Пахтакор”дан Москванинг ЦСКА клубига трансфер қилинган Аббосбек Файзуллаев ниҳоят Россия Премьер-лигасидаги голлари ҳисобини очди.
Ҳамюртимиз ўтган турда Фёдор Чаловга голли пас узатиб, “Крилья Советов” билан бўлган баҳсда “армиячилар”ни мағлубиятдан қутқариб қолди. Бу гал Файзуллаевнинг ўзи гол уриб, ЦСКАга “Ростов”дан бир очко олиб берди.
Айтиш жоизки, ростовликлар икки марта икки тўп фарқи билан ҳисобда олдинда борганига қарамай, ғалабани ушлаб қола олмади. Бунга 70-дақиқада Аббосбек Файзуллаев томонидан киритилган супергол сабаб бўлди.
Ўйиндан кейин ЦСКА бош мураббийи Владимир Федотов учрашув ҳақида ўз фикрларини билдирди. Шунингдек, янги ўйинчиларнинг тез мослашаётганига баҳо берди.
- Учрашув ғалати бошланди. “Ростов” ўйинчилари узоқдан аниқ зарба бера олиши ҳақида шогирдларим огоҳлантирилганди. Лекин улар рақибни керакли нуқтада кутиб олмади. Оқибатда тўп дарвоза тўридан жой олди.
Биз голларни ўтказиб юбордик. Шукрки, тезда ўзимизни ўнглаб олдик. Дарвозамиз олдида яна хавфли вазиятлар бўлди. Рақибдан ижодий маънода туртки едик, шундан кейин ишга киришдик. Биринчи бўлимда етарлича вазиятларни ярата олдик ва битта жавоб тўпини киритдик.
Бош қотирадиган масалаларимиз бор. Ҳужум чизиғи ва ҳимоя ўртасида баланс йўқ. Янги ечим излашимизга тўғри келади. Учта гол ўтказиб юбориш ва учрашувни бундай бошлаш мумкин эмас, - деди Владимир Федотов ўйин ҳақида.
Шунингдек, Владимир Федотов жамоага янги келган ва “Ростов” билан ўйинда ўз голлари билан жамоага бир очко келтирган Келлвен ва Аббосбек Файзуллаев ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
- “Ростов”га қарши беллашув Келлвен учун сафимиздаги тўртинчи ўйин бўлди. Аббосбек Файзуллаев эса, ЦСКАдаги олтинчи ўйинини ўтказди. Албатта, урилган голлар, ижобий ва самарали ҳаракатлар кўп бўлаётгани янги футболчиларнинг жамоага мослашиш жараёни тўғри йўналишда кетаётганидан далолат беради.
Футболчиларнинг бир-бирини тушуниб ўйнашининг аҳамияти жуда юқори, ўйиндан ўйинга бу ҳолат тобора яхшиланиб бормоқда, - деди Владимир Федотов.
Бразилиялик ҳимоячи Келлвен учун дебют голини уришга Премьер-лига ва Россия кубогидаги тўртинчи учрашув кифоя қилди. Аббосбек Файзуллаев бу икки турнирдаги олтинчи ўйинида голлари ҳисобини очди.
Легионеримизнинг голидан кейин ЦСКА тўплаган очколар сони 13 тага етди. “Армиячилар” тўққизинчи турдан кейин мусобақа жадвалида тўққизинчи ўринни эгаллаб турибди.
ЦСКА 10-тур беллашувини 30 октябрь куни Москвада ўтказади. Пойтахтликлар шу куни юқори дивизион дебютантларидан “Балтика”ни қабул қилади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!