А Сериянинг навбатдаги турида “Кальяри” футболчилари еттинчи турда “Фиорентина” меҳмони бўлади. Жорий мавсумда бу икки жамоа икки мақсад учун курашмоқда.
Флоренцияликлар Еврокубоклар йўлланмасини қўлга киритмоқчи ва ҳозирча, халқаро майдонга йўл очадиган еттинчи поғонани эгаллаб турибди.
Сардинияликлар эса, А Сериядаги жойини сақлаб қолиш ҳаракатида. Бироқ ҳали бирорта ғалаба қозонмаган "Кальяри” сўнгги поғонага тушиб қолган.
“Кальяри” бош мураббийи Клаудио Раньери 2 октябрга белгиланган учрашувга бағишланган матбуот анжуманида қуйидаги маълумотларни берди.
Жамоа бирлиги ҳақида
Биз турли хатоларга йўл қўявермасдан, жамоа сифатида янада ўсишимиз керак. Хатолар бу лигада жуда қимматга тушади. Бизга ғалаба етишмаяпти. Лекин мухлисларимиз биз А Серияда қолиш учун бор кучимизни сарфлаётганимизни билишларини истардим.
“Милан”га қарши ўйин ҳақида
“Милан”га қарши баҳс, биз яхши ўйин ўтказдик, деган таассуротларни қолдирди. Лекин натижа кутилгандек бўлмади. Беллашувда ҳисоб 3:1 кўринишга келган бўлса-да, биз умуман таслим бўлганимиз йўқ. Мухлисларимиз охиригача курашганимизни қўллаб-қувватлади. Иккинчи бўлимда ўйинга мўлжаллаган режаларимизни тадбиқ қила олдик, ҳисобни ўзгартириш учун босим қилдик.
Танқидлар ҳақида
Натижа йўқлигида танқид қилишаётгани нормал ҳолат. Биз йўлимизда давом этамиз. Мен бу жамоанинг қандай экани ва йигитлар нима бера олишини яхши биламан. Мен жамоа курашаётганини кўриб турибман. Ҳар бир машғулотда ҳам бу намоён бўлмоқда. Ҳаммамиз бурилиш нуқтаси келишини интизорлик билан кутиб турибмиз.
“Фиорентина” ҳақида
“Фиорентина” — зўр жамоа. Улар ўз таркибида юқори сифати ўйинчиларни жамлаган ва жуда яхши ўйнайди. Бизнинг йигитлар ҳар бир учрашув катта имтиҳон эканини яхши билади. “Фиорентина”га қарши бир ёқадан бош чиқариб ўйнашимизга ва ҳужумга ҳужум билан жавоб беришимизга тўғри келади. Рақиб ҳужум қилишни яхши билади.
Жамоа ҳимояси ҳақида
Ҳимоя чизиғидаги трио қандай ўйнаётгани менга маъқул келяпти. Баъзан улар кенг майдон бўйлаб ҳаракат қилмоқда. Ҳимоячиларимиздан А Серияда қоладиган даражада кўпроқ ва яхшироқ ўйнаш талаб этилади.
Ҳужумчилар ҳақида
Зито Лувумбо бироз толиқиб қолган, чунки охирги икки учрашувда жуда кўп югурди. Ҳозиргача сафга Марко Манкосу ва Якуб Янкто қайтгани йўқ.
Элдор Шомуродов иккинчи ҳужумчи ҳисобланади. Мен ундаги ўсишдан мамнунман. Машғулотларда ҳолати тобора яхшиланаётганини кўриб турибман. Албатта, Элдорга қўшимча имконият берилади. Леонардо Паволетти биринчи ҳужумчи сифатида жамоага ёрдам бера олса-да, мен Элдор Шомуродовга имконият беришни маъқул кўраман. Чунки менга майдонда тезкор футболчи ўйнагани яхши. Шомуродов “Женоа”да кўрсатган даражасига чиқмоқда ва менинг Элдордан умидим катта.
Таъкидлаш жоизки, Италия футболини кузатиб бораётган айрим мутахассислар, журналистлар, мухлислар Элдор Шомуродовнинг гол ура олмаётганини танқид қила бошлаган бўлса-да, Клаудио Раньери легионеримизнинг ҳаракатларига ижобий баҳо бермоқда. Бу кутилмаган, лекин ёқимли ҳолат, албатта.
“Фиорентина” ва “Кальяри” ўртасидаги учрашув 2 октбярь куни Тошкент вақти билан соат 23:45да бошланади.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг