"Насаф" ҳамда "Ал Садд" учрашувидан (3:1) сўнг мезбон жамоа устози Рўзиқул Бердиев ва учрашувнинг энг яхши футболчиси Азиз Амонов матбуот анжуманида иштирок этишди.
Рўзиқул Бердиев: "Барчани ғалаба билан табриклайман. Йигитларга алоҳида раҳмат айтаман, яхши меҳнат қилишди. "Ал Садд"нинг кучли ва кучсиз томонларини билардик, шундан келиб чиқиб ўйнадик."
Азиз Амонов: "Мухлисларни ғалаба билан табриклайман. Ўзбекистон номидан майдонга тушдик ва юзимиз ёруғ бўлди. Бугунги урган голларим жамоадошларим туфайли содир бўлди".
- ОЧЛда кўрсатган ўйиннинг 50%ни намойиш этилса ҳам "Насаф" Суперлигада ғалаба қозонган бўларди. Азиз Амоновга савол. Гол уришингизнинг асосий сабаблари нима деб айта оласиз?
Бердиев: "Ўйинлар бир-бирига ўхшамайди ва катта ўйинларга мотивация бошқача бўлади. Очиқ ўйин намойиш этадиганлар билан осонроқ ўйнаймиз. Ҳар бир ўйинда максимал ҳаракат қиламиз, жиддий ёндошамиз.
Амонов: "Ҳар бир баҳсда гол уриш учун майдонга тушамиз. Баъзида ўхшайди, баъзида йўқ. Бугун насиб қилган экан, жамоамга фойдам текканидан хурсандман".
- "Ал Садд" посбони устидан тўпни ташлаб қўйган голингиз фаолиятингиздаги энг чиройлисими?
Амонов: "Ҳар бир гол ўзига яраша чиройли. Асосийси унинг муҳимлиги".
- Бу ғалаба Ўзбекистоннинг обрўйига катта таъсир кўрсатади. "Насаф" чиройли ўйин кўрсатди. 80-дақиқадан сўнг жамоа бироз бўшашди, бу Суперлигада ҳам содир бўляпти...
- Ҳар бир ўйинда футболимиз даражасини кўрсатиб беришга ҳаракат қилишимиз керак. Рақиб ким бўлишидан қатъий назар ишонч билан ҳаракат қилишимиз лозим. Руҳий тайёргарлик жойида бўлиши керак. Бугун хурсандчилик қилайлик, қолганини тўғрилаймиз.
- Шуҳрат Муҳаммадиевни захирага олиш мажбурий бўлдими?
- Шундай. Унинг ҳаракатларидан оқсашни сезганимдан сўнг уни алмаштиришга мажбур бўлдим.
- Баҳром Абдураҳимов нега асосий таркибда майдонга тушмади?
- Марказда футболчиларимиз кўплиги туфайли ротацияларга қўл уряпмиз. Ўша ҳудудларда муаммолар камроқ.
- "Шаржа"нинг ҳимоявий ўйин кўрсатишидан қўрқмайсизми?
- "Шаржа" ҳамда "Ал Садд" ўртасидаги баҳсни кўриш жараёнида бунга эътибор бердик. Улар ётиб олишмади. "Шаржа" билан баҳсга жиддий тайёргарлик кўрамиз.
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг