Инфантино: "Ўзбекистон сўнгги бир неча йил ичида футболни ривожлантириш бўйича барчага намуна бўлмоқда"
Тошкентда ОФКга аъзо ассоциациялар президентлари ҳамда бош котиблари иштирокидаги конференция бўлиб ўтмоқда.
Унда ФИФА президенти Жанни Инфантино сўзга чиқиб, Ўзбекистонда футбол тараққий этиб бораётгани, юртимиз мезбонлигидаги футзал бўйича 2024 йилги Жаҳон чемпионати ҳам юқори савияда ўтишига ишонч билдирди.
"Бугун ушбу тадбирда иштирок этиш мен учун катта шараф. Анжуманни ташкил қилгани ва Осиёнинг барча мамлакатларидаги ассоциациялар президентлари ва бош котибларини бирлаштиргани учун ОФК президенти Шайх Салмон ва унинг жамоасидан миннатдорман. Бундай анжуманлар барчамизни биргаликда ишлашга ундайди.
Ўзбекистон сўнгги бир неча йил ичида футболни ривожлантириш бўйича барчага намуна бўлмоқда. Мен жорий йилнинг май ойида бу ерга келганимда мамлакатда футболга берилаётган эътибор ва эришилаётган ютуқларга гувоҳ бўлдим. Бунинг учун Ўзбекистон Президентига ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Икки ҳафта аввал ҳам Нью-Йоркда ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳафталигида жаноб Шавкат Мирзиёев билан учрашиш шарафига муяссар бўлдим.
Биласиз, келаси йили футзал бўйича Жаҳон чемпионати Ўзбекистонда ўтказилади. Шуни ишонтириб айтаманки, бу ФИФА тарихидаги энг яхши футзал Жаҳон чемпионати бўлади", – деди ФИФА раҳбари.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг