Шавкат Мирзиёев Хитойда бўлиб ўтган ХIX ёзги Осиё ўйинларида иштирок этган Ўзбекистон спорт делегацияси аъзоларига табрик йўллади. Табрик матни Президент матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.
Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилган ХIX ёзги Осиё ўйинларида қитъанинг 45 та давлатидан 11 минг нафар спортчи иштирок этган мусобақаларда Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари 22 та олтин, 18 та кумуш ва 31 та бронза медалини қўлга киритди.
“Олтин медаллар 31 нафар спортчимиз томонидан қўлга киритилган бўлса, уларнинг тенг ярми – қизларимиз ҳиссасига тўғри келганини алоҳида мамнуният билан таъкидлашни ўринли деб биламан. 132 нафар вакилимиз жами 71 та медални қўлга киритиб, ўтган Осиё ўйинларига нисбатан рекорд натижани қайд этганлари ҳам барчамизни қувонтиради”, — дейилади табрикда.
Давлат раҳбари ўзбекистонлик спортчилар Хитой Тайпейи, Баҳрайн, Шимолий Корея, Гонконг, Эрон, Индонезия, Қозоғистон, Қатар, Сингапур, Малайзия, Ветнам, Кувайт каби спорт соҳасида ривожланган давлатларни ортда қолдириб, умумжамоа ҳисобида Хитой, Япония, Жанубий Корея ва Ҳиндистондан кейин фахрли бешинчи ўринни эгаллаганини эътироф этди.
“Ўзбек қиличбозлик спортининг ифтихорига айланган Зайнаб Дайибекова сабля жамоа дастурида Осиё қитъасида тенгсизлигини, Анвар Клевлеев эса слаломда эшкак эшиш беллашувида аксарият рақибларидан кучли эканини амалда намоён этди”, — дейди президент.
Шу билан бирга давлат раҳбари ўзбекистонлик спортчилар 2024 йил Парижда бўлиб ўтадиган 33-олимпия ўйинларида ҳам юксак чўққиларни забт этишига ишонч билдирди.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг