22:22 / 09.10.2023
89

Евро-2032 Туркия ва Италияда ўтказилади

Евро-2032 Туркия ва Италияда ўтказилади

Фото: Reuters

Туркиянинг футбол бўйича Европа чемпионатига мезбонлик қилиш ҳақидаги узоқ йиллик орзуси амалга ошаётган кўринади. 2032 йилги Европа чемпионатига Туркия ва Италия қўшмезбонлик қилади. УЕФА ўз қарорини эртага, 10 октябр куни Швейцариянинг Нион шаҳрида бўлиб ўтадиган йиғилишда расман эълон қилиши кутилмоқда, деб ёзди Anadolu.

Бунгача Туркия Европа чемпионатига мезбонлик қилиш учун 7 марта номзодини илгари сурган, бироқ қитъанинг асосий футбол турнирига мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга кирита олмаган. Туркия Греция билан бирга Евро-2008 учун номзод эди. Шунингдек, 2012, 2016, 2024 йилги мусобақалар учун ариза топширди. 2020 ва 2024 йилларда аризалар қайтариб олинди.

Аввалроқ, Италия футбол федерацияси (FIGC) ва Туркия футбол федерацияси (TFF) 2032 йилги Европа чемпионати учун алоҳида аризани битта қўшма аризага айлантиришни сўраб УЕФА ташкилотига мурожаат қилган эди. Бугунги кунга қадар турнирни ўтказиш учун фақат ушбу икки мамлакат ариза топширди.

Аввалроқ, Туркия 2028 йилги Европа чемпионатига мезбонлик қилиш ниятидан воз кечиб, Евро-2032 мезбонлиги учун Италия билан бирлашишга қарор қилган эди. Бу 2028 йилда Буюк Британия-Ирландия тандемини рақобатсиз қолдирди.

Евро-2032 турнирига Туркия ва Италиянинг жами 10 та шаҳри мезбонлик қилади - ҳар бир мамлакатдан 5 тадан. Гуруҳ босқичи, 1/8 финал, чоракфинал ва яримфинал ўйинлари ҳар икки давлатда тенг миқдорда ўтказилади. Очилиш ўйини ва финал ҳам икки ташкилотчи ўртасида бўлиб олинади.

Сўнгги, 2020 йилги Европа чемпионати пандемия туфайли 2021 йилда ўтказилди. Унда Италия ғолибликни қўлга киритди. Иккинчи ўрин Англияга, учинчи ўринлар Испания ва Данияга насиб қилди.

2024 йилги Европа чемпионатига Германия мезбонлик қилади. 2028 йилги турнирга Буюк Британия ва Ирландия.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Евро-2032 Туркия ва Италияда ўтказилади