Ҳаваскор боксда Рио-2016 Олимпиадаси чемпиони Фазлиддин Ғоибназаров профессионал боксдаги навбатдаги жангини номдор рақибга қарши ўтказадиган бўлди.
Чарм қўлқоп устамиз 5 ноябрь куни Россиянинг Сочи шаҳрида ташкил этиладиган профессионал бокс оқшомида россиялик собиқ жаҳон чемпиони Ражаб Бутаевга қарши рингга кўтарилади. Бутаев 2021-2022 йиллар оралиғида WBA йўналиши чемпиони бўлган. Айни пайтда у WBA рейтингида 4-ўринни эгаллаб турибди.
Маълумот учун, Ражаб Бутаев ҳамюртларимиз Шаҳрам Ғиёсов, Муроджон Аҳмадалиев, Исроил Мадримовнинг жамоадоши ҳисобланади. Ҳисобида 14 ғалаба (11 нокаут) ва 1 мағлубият бор. Ягона мағлубиятини ўтган йилнинг 16 апрель куни ўтказган илк ҳимоя жангида литвалик Эймантас Станёнисдан қабул қилиб олган.
32 ёшли Фазлиддин Ғоибназаров проф боксда 11 ғалаба (6 нокаут) ва 1 мағлубият қайд этган. Ягона мағлубиятини 2019 йилда Майкл Фоксдан қабул қилиб олган. 2022 йилнинг 2 декбарь куни "Ҳумо Арена"да яна бир ҳамюртимиз Жамшид Каримовни очколар ҳисобига кўра таслим этган эди. Бу унинг ҳозирча сўнгги жанги бўлиб турибди.
Қизиқ бир маълумот, Фазлиддин Бутаевга қарши жанг ўтказган учинчи ўзбек боксчиси бўлади. Бунга қадар Ражаб 2017 йилда боксчиларимиз Шерзодбек Олимжонов ва Баҳромбек Паёзовни муддатидан аввал мағлубиятга учратган эди.
Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси матбуот хизмати