Россия футболининг статистик таҳлили билан шуғулланиб келаётган РУСТАТ компанияси сентбярь ойининг якунлари бўйича энг юқори кўрсаткич қайд этган футболчилардан рамзий терма жамоа шакллантирди.
Қувонарлиси, ушбу рамзий жамоага ЦСКА сафида порлай бошлаган Аббосбек Файзуллаев ҳам киритилди.
РУСТАТ компанияси рамзий терма жамоани шакллантиришда майдондаги ҳар бир позиция бўйича футболчиларнинг аниқ бир учрашувидаги техник-тактик ҳаракатлари, ўйин сифатига оид тўпланган маълумотларни асос қилиб олади.
Рамзий терма жамоа қуйидагича кўриниш олди.
Дарвозабон: Матвей Сафонов, “Краснодар”
Премьер-лига пешқадами “Краснодар” сентябрь ойида фақат “Ахмат” билан ўйинда дуранг ўйнади. Бу жамоа вакиллари “Спартак”, “Урал” ва “Рубин”ни таслим қилди. Баҳслар давомида Сафонов ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Айниқса, Матвей “Спартак”га қарши ўйинда тўртта сейв намойиш қилиб, Россия терма жамоасининг биринчи рақамли посбони номига лойиқ эканини исботлади.
Чап қанот ҳимоячиси: Дуглас Сантос, “Зенит”
Россия премьер-лигасида бу позицияда бразилиялик легионерга тенг келадиган йўқ. Сантос барқарор ўйин кўрсатяпти. Айниқса, асосий рақобатчилар – ЦСКА ва “Динамо”га қарши учрашувларда анча фаол ўйнади.
Марказий ҳимоячи: Нурали Алип, “Зенит”
Кутилмаган номзод. “Зенит” сентябрь ойида тўртта ўйинда олтита тўп ўтказиб юборди. Лекин бу Нуралининг ўз позициядасидаги ёрқин ўйинини тўса олгани йўқ. Алип ҳимоядаги вазифаларини бажаришдан ташқари, ҳужум уюштиришда ва пас оширишда ҳам жуда ишончли ўйин кўрсатди.
Ўнг қанот ҳимоячиси: Келлвен, ЦСКА
ЦСКАнинг янги ўйинчиларидан бири жамоага келиши билан асосий фигурага айланди. Келлвен рақиб ҳужумларини қайтариш баробарида ўнг қанотда рейдлар уюштириб туришга ҳам уста.
Чап қанот ярим ҳимоячиси: Жоао Батчи, “Краснодар”
Бу футболчи “Краснодар”нинг чап қанотини сезиларли даражада кучайтирди. Самарали ҳаракатларни амалга оширмаган бўлса-да, юқори савияли ўйин намойиш қилди. Жоао Батчи аниқ пас узатиш, рақибни алдаб ўтиш ва дарвозага зарба беришда анча фаол ўйнади.
Марказий ярим ҳимоячи: Даниил Уткин, “Ростов”
Жисмоний ҳолатини тиклаб олган Даниил “Балтика”га гол урди, “Урал” билан ўйинда рақиб ҳимоячиларини босим остида ушлаб турди. У жарима майдончаси атрофида бешта хавфли вазият яратди ва олти марта дарвоза томон зарба берди.
Марказий ярим ҳимоячи: Вильмар Барриос, “Зенит”
Питерликларнинг таянч ярим ҳимоячиси барқарорлиги билан ажралиб туради. У сентябрь ойидаги ўйинларда фақат “Локомотив”га қарши баҳсда бир марта хатога йўл қўйди. Бироқ қолган беллашувларда жуда ишончли ўйнади.
Ўнг қанот ярим ҳимоячиси: Николай Рассказов, “Крилья Советов”
Самаралик универсал футболчи ЦСКАга урган голи ва “Факел” билан ўйиндаги ассисти эвазига рамзий терма жамоадан жой олди. Шунингдек, Рассказов бир учрашувда 12 та хавфли пас оширди.
Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Аббосбек Файзуллаев, ЦСКА
Файзуллаев сентябрь ойининг энг асосий кашфиёти. Аввалига ЦСКАнинг янги футболчиси кам ўйин вақтига эга бўлди. Аббос қисқа фурсатда бошланғич таркибдан ўзига жой очди. Файзуллаев юқори интеллекти ва ажойиб техникаси эвазига ҳаммани ҳайратга солди.
“Крилья Советов”га қарши баҳсда заҳирадан майдонга тушиб, жамоасининг ўйинини тубдан ўзгартирди ва Фёдор Чаловга аниқ пас узатиб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди. “Ростов” билан бўлган ўйинда Файзуллаевнинг ўзи супергол уриб, “армиячилар”га очко олиб берди.
Файзуллаев сентябрь ойида иккита баҳсда тўлиқ, биттасида бир бўлим ўйнаб, рақиб дарвозасига 11 та хавфли зарба йўллади.
Чап қанот ҳужумчиси: Жон Кордоба, “Краснодар”
Колумбиялик ҳужумчининг самарали ўйини “Краснодар”ни биринчи ўринда олиб юрибди. “Спартак”га қарши мураккаб ўйинда биринчи уринишдаёқ, ғалаба тўпини киритди. “Рубин” майдонидаги беллашувда биттадан гол ва ассист муаллифи бўлди. Кордоба айни пайтда Россия Премьер-лигасидаги энг кучли ҳужумчи.
Ўнг қанот ҳужумчиси: Артём Дзюба, “Локомотив”
Тажрибали ҳужумчи сентябрь ойида “Балтика” дарвозасига битта гол урди. Лекин Дзюба жамоаси учун жуда фойдали ўйин намойиш қилди. Артём рақиб жарима майдончаси атрофида жуда кўп жарима зарбалари ишлади. Бундан ташқари, жамоадошларини тўп билан таъминлашда ўзини кўрсатди. У тўртта учрашувда жами 100 та пас узатди.
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг