Coca Cola Суперлигаси 22-туридан ўрин олган "Қизилқум" – ОКМК учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Жамшид Саидов матбуот анжуманида иштирок этди.
"Биринчи бўлимда шогирдларим яхши ўйин намойиш этишиб, устунлик қилишди. Иккинчи бўлим бошида эса ўз зараримизга пенальти ишлаб олдик. Амалий жиҳатдан жуда оддий вазиятда хато қилдик.
Вазиятлар юзага келтирдик, аммо фойдалана олмадик. Ўйлашимча, йигитлар яхши таассурот қолдирди, пенальти ишлади.
Биз учун ҳар бир очко олтинга тенг. Афсуски, футболда сен урмасанг, сенга уришади, деган гап бор.
Шогирдларим ҳаракат қилишди, улар ғалаба қозонишни хоҳлаганди. Аммо ким кўп хато қилса, ўша ютқазади.
ОКМКни ғалаба билан табриклайман. Уларда малакали жамоа шаклланган, сараланган футболчилар жамланган. Рақибимиз бежизга 5-ўринда эмас.
Иқтидорли футболчилар ўз маҳоратини кўрсата олишди. Бизда ҳали имконият бор. Олдинда 4 та ўйин бўлса, максимал даражада курашамиз.
Бизни шундай ёмғирли совуқ ҳавода қўллаб-қувватлаш учун ташриф буюрган мухлисларга миннатдорчилик билдираман. Бугун уларнинг ишончини оқлай олмадик. Хатоларни кўриб чиқамиз, таҳлил қиламиз ва кейинги ўйинларга тайёргарлик кўрамиз", — деди Жамшид Саидов.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг