11:12 / 15.10.2023
166

"Суперлига - янги даража, ҳозирги таркибни кучайтиришга тўғри келади" - Абрамов

"Суперлига - янги даража, ҳозирги таркибни кучайтиришга тўғри келади" - Абрамов

Про лига 21-тури доирасида «Динамо» «Ғиждувон»ни йирик ҳисобда (4:0) мағлуб этиб, муддатдан аввал Суперлига йўлланмасига эга чиқди. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Вадим Абрамов журналистлар саволларига жавоб қайтарди.

- Авваламбор, бутун Самарқанд аҳлини бугунги ғалаба ва Суперлига йўлланмаси билан табриклайман. Ҳа, «Динамо» Олий дивизионга биринчи марта қайтаётгани йўқ, аммо бу сафар камида узоқ муддатга Суперлигада мустаҳкам ўрин олишини хоҳлардим. Эндиги мақсадимиз ҳам келаси мавсум лигада қолиш эмас, чиққанга яраша жиддий вазифаларни кўзлашимиз лозим. Шу ўринда, ҳар қандай об-ҳаво бўлишига қарамай, стадионга келиб, бизни қўллаб-қувватлаб турган мухлисларга раҳмат.

Ҳали биз учун мавсум тугамади, муҳим баҳс арафасида турибмиз. Ўзбекистон кубоги ярим финали доирасида «Насаф»га қарши майдонга тушамиз, эртадан бу ўйинга тайёрланамиз.

- Сиз илк марта Про лигада ишлаб кўрдингиз, айтинг-чи, бу турнирда ишлаш нимаси билан қийин бўлди?

- Осон мусобақанинг ўзи йўқ. Про лиганинг ҳам ўзига хос қийинчиликлари бор. Бу аввало тақвим билан боғлиқ. Чунки ҳар доим катта танаффус бўлиб қолади, ўйинчиларни эса бир маромда ушлаб туриш қийин. Айтайлик, августда биз 8 та ўйин ўтказдик, кейин эса яна катта танаффуслар юзага келди. Асосийси, вазифани уддаладик, ҳамма жойда ҳам қийинчилик бор. Йигитларга раҳмат дейман.

- Суперлига ва Про лига ўртасида қандай фарқларни кўрдингиз?

- Катта фарқни кўрмадим. Биргина муаммо – тақвимда. Бу йил кубок доирасида Суперлига жамоаларига ҳам қарши ўйнадик, кўрдингиз, фарқ катта эмасди.

- Пайшанба куни «Насаф»га қарши ярим финал кутиб турибди. Таркибда муаммолар бўлмайдими? Жамоа тўпурари Кожо ўйингача сафга қайтадими?

- Кожо Қирғизистон миллий жамоаси сафидан қандай ҳолатда қайтишини кўрамиз. «Насаф»га қарши ўйинда ёрдам бера олса, яхши, акс ҳолда бошқа вариантларни кўриб чиқамиз.

- Бугун Рўзиқул Бердиев «Динамо»нинг ўйинини стадиондан кузатди. Бу борада сиз ҳам «Насаф»ни ўрганишга улгурдингизми?

- Мен ҳам уларнинг ўйинини кузатиб келдим. «Насаф» Чемпионлар лигасидаги ғалабадан кейин ғалабали юришини давом эттирмоқда. Рақибларимиз ўз уйида ўйнашади, қолаверса, «Насаф» кубокнинг амалдаги ғолиби сифатида ҳам ярим финал фаворити эканига шубҳа йўқ. Аммо футболда ҳамма нарса рўй бериши мумкин, айниқса бир ўйинлик баҳсда. Биз ҳам ҳаракат қиламиз.

- Кейинги мавсумдаги таркиб борасида ҳам қандайдир хулосалар қилишга улгурдингизми?

- Суперлига – янги даража, ҳозирги таркибни кучайтиришга тўғри келади. Ҳар бир позиция рақобатбардош бўлиши лозим. Ҳозирдан тахминлар қилишга эрта, мавсум якунлангач бу борада аниқроқ хулосалар қилиш мумкин, - дейди Вадим Карленович.

“Динамо” матбуот хизмати.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Суперлига - янги даража, ҳозирги таркибни кучайтиришга тўғри келади" - Абрамов