Маълумки, 19 октябрь санасида Ўзбкистон Кубоги ярим финал баҳслари бўлиб ўтади. Финал остонасидаги учрашувлар учун 4 та клуб курашяпти ва уларнинг орасида про лига вакили “Динамо” ҳам бор.
Вадим Абармов жамоаси Суперлига йўлланмасини қўлга киритди. Кубок йўлида эса улар “Пахтакор”ни енгиб ўтдилар. Олдинда сафарда “Насаф”га қарши жуда муҳим ўйин турибди.
Шу боис Sports.uz журналисти Вадим Абрамовга бир қатор саволлар билан мурожаат қилди.
- 19 октябрь куни жамоангиз “Насаф”га қарши Ўзбекистон Кубоги ярим финалида ўйнайди ва бўлажак муҳим учрашувга тайёргарлик қандай олиб бориляпти?
- Нима ҳам дейишим мумкин? Биз олдимизга қўйилган дастлабки вазифани бажардик ва Суперлигага қайтдик. Айтишим керакки, бу бизнинг жорий йилдаги асосий вазифамиз эди. Албатта, ярим финал учрашувига яхши тайёргарлик кўряпмиз. Айтишади-ку, иштаҳа овқат пайтида келади. Шундай экан, асосий вазифа бажарилганидан сўнг яхши кайфиятда Кубок ярим финалига ҳам тайёрланяпмиз.
- Менимча, “Динамо”нинг ярим финалгача етиб келишини ҳеч ким кутмаганди. Мураббий сифатида ўзингиз бундай натижани кутганмидингиз?
- Ҳар бир жамоа яхши натижа кўрсатиш ва юқори ўринларни кўзлаб майдонга тушади. Биз ҳам мавсум бошида яхши режаларни тузиб иш бошлагандик. Албатта, “Насаф”ни тажрибаси анча баланд. Биз меҳмонда ўйнаймиз. Шунга яраша ҳаракат қиламиз. Битта ўйиндан иборат ва биз имкон қадар натижага эришишга интиламиз. Бизга мухлислик қилиш учун келадиган барча мухлисларимизни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.
- Аслида “Динамо”нинг Ўзбекистон Кубогидаги вазифаси қандай эди?
- Ахир қандай вазифа бўлиши мумкин? Кубокда қатнашаётган ҳар қандай клубнинг асосий мақсади Кубокни ютиш. Шу жумладан бизнинг ҳам вазифамиз Кубокни қўлга киритиш.
- “Динамо” про лига чемпионатида ҳали ютқазмади. Ўзбекистон Кубогида ҳам мағлубиятсиз кетмоқда. Ҳали мавсумда мағлуб бўлмаган жамоангиз учун “Насаф”га қарши ўйинда бу мотивация бериши мумкинми?
- Албатта, бундай омиллар ёрдам беради. Мавсумни мағлубиятсиз якунлашни истаймиз. Албатта, “Насаф” ҳам бу борада тажрибага эга. Улар ҳам ғалаба қозонишни хоҳлайди. Кўрамиз, барчасини майдондаги ҳаракатларимиз кўрсатади. Курашамиз, балки ўйин тўрт таймгача чўзилар. Лекин йигитларимизда мотивация бор. Улар ғалаба қозонишни жуда ҳам хоҳлашяпти. Ахир ҳар доим ҳам ярим финалда ўйнамаймиз-ку! Кўплаб футболчиларимизда биринчи бор бундай имконият пайдо бўляпти. Шунинг учун жамоамиз борини бериб ўйнайди. 19 октябрь куни соат 18:00 да бошланадиган учрашувда ҳаммасини кўрамиз. Лекин мени ўйлантирган нарса, нима сабабдан ярим финалдаги иккала учрашув бир кунда бўлади?
- “Динамо” Кубок доирасида “Пахтакор”дек рақибини мусобақадан чиқариб юборди. Шундай экан, “Насаф”га қарши баҳсда футболчиларингизда қўрқув йўқми?
- Бу ўйин августда бўлиб ўтганди. Ҳозир эса октябрь ойи. Ҳар хил вақт ва ҳамма нарса бўлиши мумкин. Умуман олганда, нима учун “Насаф”дан чўчишимиз керак? Ахир шу ергача етиб келиш ҳам осон бўлмади. Биз бу мавсумдаги Кубокда “Қизилқум”, “Пахтакор”, “Олимпик” каби жамоалар билан беллашдик, энди “Насаф” билан куч синашамиз. Ўйлайманки, жамоамизда руҳий тарафдан ҳеч қанақа оқсаш бўлмаяпти. Кубок ярим финалидан олдин про лигадаги асосий вазифамизни бажарганимиз сабабли футболчиларимизда кайфият аъло даражада.
- “Насаф”нинг кучли ва кучсиз томонлари нимада?
- “Насаф” шундай клубки, уларда жамоавий ўйин яхши шаклланган. Шунингдек, уларда маҳоратли ўйинчилар ҳам етарли даражада. Буни “Насаф”нинг кучли томонлари деб ўйлайман.
Шуҳратбек Жўраев.
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг