Элдор Шомуродовнинг “Кальяри”даги фаолияти кўнгилдагидек ва мухлислар кутганидек чиқмаяпти. Легионеримиз айрим учрашувларда фаоллиги ажралиб турган бўлса, баъзан майдонда бор-йўқлиги билинмай қоляпти.
Италия матбуоти “Кальяри” раҳбарияти таркибда жиддий ўзгаришларга қўл уришни режалаштираётгани ва қишки трансферлар вақтида айрим ўйинчилар, хусусан, Элдор Шомуродовдан воз кечиши мумкинлигини ёза бошлади.
Қуйида бешта манба ўз экспертларига таяниб, Элдор Шомуродов масаласига тўхталиб ўтган материалларни ҳавола этамиз.
Шомуродов, “Кальяри” бошқа кутолмайди. Ўзбек ҳужумчиси спорт формасини анча яхшилаб олди, лекин ҳали жамоа ўйинига тўлиқ қўшилиб кетгани йўқ. Клуб январдаёқ футболчи билан хайрлашиш эҳтимоли бор.
Элдор ҳали “Кальяри” ўйинига ҳеч қандай таъсир кўрсатгани йўқ, у тезроқ нималарга қодир эканини исботлаши талаб этилади. У фақат Бергамо ва Флоренциядаги учрашувларда ўйинни илк дақиқалардан бошлади холос.
“Кальяри” бош мураббий Клаудио Раньери қўл остида Филиппо Индзаги бошқарувига ўтган “Салернитана”га қарши бўладиган муҳим беллашувга тайёргарлик кўряпти.
Таъкидлаш жоизки, “Каляьри” ҳужумчиси Элдор Шомуродов ҳали Раньери қўллаётган ўйинга ўз таъсирини ўтказа олгани йўқ. Ўзгариш кузатилмаса, томонларнинг йўли айрилиши мумкин.
Элдор Шомуродовга Раньери жамоасидан жой олиш осон бўлиб чиқмади. Омадсиз дебютни бош мураббий Элдордан кўра бошқа футболчилар, биринчи навбатда Зито Лувумбо ва Гаэтано Ористаниога кўпроқ эътибор қаратаётгани билан ҳам изоҳлаш мумкин.
Бу танлов ўзбек ҳужумчисининг салоҳиятига соя солиб қўйди ва у саккизта баҳсда атиги икки марта бошланғич таркибга киритилди. Ўйинчи ва “Кальяри” муносабатларини қишки трансферлар вақтида қайта кўриб чиқишилиши мумкин.
Бундан буёғига Лападула ва Манкосунинг сафга қайтишини, Лувумбо ҳужум чизиғида асосий фигурага айланганини, Ористанио таркибга ёриб кирганини, Паволетти ва Петанья каби тажрибали форвардлар ўзини кўрсатишга шай турганини инобатга олсак, шунингдек, ўзбек футболчиси сезиларли ўзгаришга қўл урмаса, Шомуродовнинг Сардиниядаги саргуштлари январдаёқ якунланиши мумкин.
Шомуродовнинг сўнгги имкони. “Кальяри”га келган бир неча янги ўйинчилар ҳали ишончли оқлай олгани йўқ. Деярли ҳаммада ўзини оқлаш учун асос бор. Улар жамоага кеч қўшилди. Аммо Шомуродовда бундай эмас. Ўзбек ҳужумчиси мавсумолди тайёргарлиги Клаудио Раньери қўл остида ўтади.
Лекин Шомуродов Генуядаги даврида ва Рим клубидаги айрим учрашувларда кўрсатган ёрқин ўйинини “Кальяри”да намойиш қила олмаяпти.
Халқаро учрашувларга берилган танаффус вақтида Шомуродов ўз имкониятларини тўлиқ очиш учун қаттиқ ишлади. Олдинда жамоани тўғридан тўғри рақиблар – “Салернитана”, “Фрозиноне” ва “Женоа”га қарши учта муҳим учрашув кутиб турибди. Бу баҳсларда Шомуродов ё ҳал қилувчи кучга айланади, ёки спорт директори Бонато уни январда Тригорияга қайтариш бўйича иш бошлайди.
“Кальяри” навбатдаги учрашувини 22 октябрь куни сафарда “Салернитана” жамоасига қарши ўтказади. Ҳар икки жамоа ҳали бирорта ғалаба қозонмаган ҳолда мусобақа жадвалининг энг қуйи икки поғонасида бормоқда.
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг