12:30 / 20.10.2023
225

Чемпион Нодирбек Абдусатторов иштирокидаги ўйинда аниқланади

Чемпион Нодирбек Абдусатторов иштирокидаги ўйинда аниқланади

Қатарнинг Доҳа шаҳрида шахмат бўйича ўтказилаётган “Qatar Masters Open-2023” халқаро турнирида дунёнинг қирқдан зиёд мамлакатидан келган шахмат усталари ғолиблик учун курашмоқда.

Энг кучли шахмат усталарини жамлаган А гуруҳи баҳсларида 158 нафар спортчи ғолиблик учун дона суряпти. Ушбу гуруҳда Ўзбекистондан 14 нафар шахматчи иштирок этмоқда.

Нуфузли турнирнинг якуний – тўққизинчи туридан олдин ҳиндистонлик Аржун Эригаиси 6,5 очко билан яққол пешқадамга айланиб олди. Ҳинд гроссмейстери саккизинчи турда Халқаро шахмат федерацияси – ФИДЕ байроғи остида ўйнаётган Давид Паравянни мағлубиятга учратди.

Мусобақанинг саккизинчи турида учта ўзбек дербиси кузатилди. Пешқадамни таъқиб қилаётган Нодирбек Ёқуббоев ва Жавоҳир Синдаров ўзаро дуранг ўйнаб, ҳозирча Аржун Эригаисидан яримтадан очкога ортда қолмоқда.

Иккинчи дербида Жаҳонгир Воҳидов оқ доналарда ўйнаганига қарамай, Нодирбек Абдусатторовнинг устунлигини тан олишига тўғри келди.

Нодирбек Абдусатторов ҳам олти очко жамғариб, пешқадамни таъқиб қилаётган гуруҳга қўшилди. Тўққизинчи турда гроссмейстеримиз Аржун Эригаиси билан куч синашади. “Qatar Masters Open-2023” халқаро турнири ғолиби мана шу учрашувда аниқланиши эҳтимоли катта.

Яна икки гроссмейстеримиз – Шамсиддин Воҳидов ва Абдумалик Абдусалимовнинг ўзаро тўқнашувида ғолиб аниқланмади.

Нодирбек Абдусатторовдан ташқари совринли ўринларга даъвогарлик қилаётган Жавоҳир Синдаров охирги партиясини Нидерландия шарафини ҳимоя қилаётган машҳур гроссмейстер Аниш Гирига қарши ўтказади.

Нодирбек Ёқуббоевга ҳинд шахматчиси Мурали Картикеян рақиблик қилади.

Ўзбек шахматчилари иштирокидаги қолган учрашувлар қуйидагича якунланди:

Жордан ван Форист (Нидерландия) – Муҳиддин Мадаминов – мағлубият;

Саидакбар Сайдалиев – Иниян (Ҳиндистон)- мағлубият;

Вугар Расулов (Озарбайжон) – Муҳаммадали Абдураҳмонов – дуранг;

Тежа Рави (Ҳиндистон) – Муҳаммадзоҳид Суяров – дуранг;

Бобур Сатторов – Венкатеш (Ҳиндистон) – ғалаба;

Баҳром Баҳриллаев – Тран Гиа Пуч Фам (Вьетнам) – ғалаба;

Олмос Раҳматуллаев – Гуранг Багве (Ҳиндистон) – ғалаба;

Ҳумоюн Бекмуродов – Маран Сентил (Ҳиндистон) – мағлубият.

Ҳал қилувчи беллашувларда ўзбекистонлик шахмат усталарига муваффақият тилаб қоламиз!


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Чемпион Нодирбек Абдусатторов иштирокидаги ўйинда аниқланади