"Сепахон" бош мураббийи Жозе Мораиш: "ОКМК учун бу ўйиндаги очколар жуда муҳим, аммо очколар бизга ҳам зарур"
ОЧЛнинг 3-тури доирасида ОКМК – "Сепахон" учрашувидан олдин меҳмонлар бош мураббийи Жозе Мораиш матбуот анжуманида қатнашди.
"Эртага ҳалол ва курашларга бой ўйин бўлишини кутяпман. Осиё чемпионлар лигаси энг юқори даражадаги турнир. Эртага жуда яхши ўйиннинг гувоҳи бўлишимизга ишонаман. Мухлисларга ажойиб ўйин тақдим этамиз.
Ўйинчиларимиз учрашувга руҳан, жисмонан, тактик ва техник томондан тўлиқ тайёрлар дея оламан. Ўйинга 100% шаймиз ва яхши натижа кўрсатишимиз керак. Ўз ишимизни ҳар куни, сидқидилдан бажарамиз. Осиё миқёсидаги турнирларда курашиш учун бизда етарли салоҳиятга эга ўйинчилар бор.
ОКМК учун бу ўйиндаги очколар жуда муҳим, аммо очколар бизга ҳам зарур.
Футбол жамият, инсонлар ва ҳалоллик учун керак. Бу ўйин инсонларни бирлаштиради, дўстлаштиради. Футбол душман орттириш учун ўйналмайди. Биз ҳам дўстлашиш ва бирлашиш учун футбол ўйнаймиз. Эртага майдонда ҳалол ўйин кўрсатишимиз керак.
Биз рақибни, Ўзбекистон ичидаги барча нарсани ва мамлакат маданиятини ҳурмат қиламиз. Биз рақиб мухлисларини ҳурмат қиламиз.
Футболчилар футбол ҳақида ўйлашади. Бироқ, баъзи инсонлар ҳам борки, улар футбол ҳақида эмас бошқа нарсалар ҳақида қайғуришади. Биз футболдаги фарқларни ҳурмат қиламиз ва буни муҳокама қилмаймиз. Барчамиз инсонларни ҳурмат қилишимиз керак, бу натижаданда муҳимроқ нарса", - дейди "Сепахон" бош мураббийи Жозе Мораиш.
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг