23:14 / 24.10.2023
226

Максим Шацких: "Бугун ғалаба қозонмаганимизда гуруҳдан чиқиш имкониятимиз нолга тенг бўлар эди"

Максим Шацких: "Бугун ғалаба қозонмаганимизда гуруҳдан чиқиш имкониятимиз нолга тенг бўлар эди"

Осиё чемпионлар лигаси А гуруҳи 3-тур баҳсидан ўрин олган "Пахтакор" - "Ахал" (3:0) учрашувидан сўнг "шерлар" бош мураббийи Максим Шацких ва учрашувнинг энг яхши футболчиси Азиз Турғунбоев матбуот анжуманида иштирок этишди.

- Ўзингиз ўйин қандай кечганини кўрдингиз. Барчасини тўлиқ назорат қилдик. Йирикроқ ҳисобда ғалаба қозонишимиз ҳам мумкин эди. Биринчи уч очкони қўлга киритдик ва кейинги учрашувларга тайёргарлик кўришни бошлаймиз.

Азиз Турғунбоев: - Бугун муҳим уч очкони қўлга киритдик ва чиройли ўйин ўтказдик. Ҳали гуруҳдан чиқиш имкониятларимиз бор. Қолган уч учрашувда ғалаба қозонсак, кейинги босқичга йўл оламиз.

- Бугунги учрашувга қараб "Пахтакор"нинг ҳозирги ҳолатини баҳоласак бўладими ёки "Ахал" жамоасининг даражаси паст эканлиги бугунги ўйин натижасига таъсир қилдими?

- Авваламбор биз ажойиб ўйин ўтказдик. "Ахал" жамоасини кучсиз демаган бўлардим. Улар 1-турда "Ал-Файҳа"ни мағлуб этишди ва "Ал-Айн"га қарши кечган учрашувда ҳам анча сифатли ўйин намойиш этишди. Ушбу жамоани кўпчилик менсимаяпти ва бу нотўғри. Агар бугун ғалаба қозонмаганимизда гуруҳдан чиқиш имкониятларимиз нолга тенг бўлар эди.

- Агарда ўтган учрашувлари билан солиштирсак, бугунги "Аҳал" кучсизроқ эдими?

- Солиштириш нотўғри. Улар уйда ўйнаганида рақиб жамоа "Ахал"нинг кучини паст баҳолаганлиги сабаб мағлуб бўлди ва сунъий қопламали майдон ҳам ўз таъсирини ўтказган. Бизга ҳам сунъий майдон катта муаммо туғдириши аниқ. Ашхободга боргандан кейин у ердаги шароитларга мослашишга ҳаракат қиламиз. "Ал-Айн"га қарши кечган учрашувдаги "Аҳал"ни бугун майдонда кўрдим ва рақиб услуби деярли ўзгармаган.

- Холдорхонов бугун гол уришдан ташқари барча вазифани аъло даражада бажарди. Пўлатхўжага гол уриши учун нима етишмаяпти?

- Голлар уриш вақти келади. Энг муҳими ҳозир у мен ундан талаб қиладиган вазифаларни бажармоқда. У кўпроқ меҳнат қилиши керак. Майдонда меҳнат қилса, голлар уришни ҳам бошлайди. Пўлатхўжа ривожланишда давом этиши керак, унинг гол уриш вақти эса энди келади.

- Сиз асли қанот вингерисиз, аммо Шацких қўл остида ҳимояда ҳам, икки қанотда ҳам ва майдон марказида ҳам ўйнамоқдасиз. Бундай катта ҳажмдаги вазифани бажариш сизга қийинчилик туғдирмаяптими?

Азиз Турғунбоев: - Ёшлигимда қанот ҳимоячиси сифатида ҳам ўйнаганман. Шу сабаб тез кўникиб кетдим. Профессионал футболчи тез мослашиб кетиш қобилиятига эга бўлиш керак. Мураббийнинг вазифасини қўлдан келганча бажаришга ҳаракат қиляпман.

- Сўнгги матбуот анжуманида эронлик футболчини унутинг дедингиз. Кухарчикга нисбатан ҳам шу фикрни қўлласа бўладими? У ҳозир жамоа билан биргами ёки жавобини бериб юбордингизларми?

- У ҳозир жароҳатланган ва шу сабаб уни майдонда ва қайдномада кўрмаяпсизлар. Кухарчик билан йил якунига қадар шартнома тузганмиз. Мавсум сўнгида у ўзини яхши томонлама намойиш этса у билан янги битим имзолаймиз. Ундай бўлмаса у жамоани тарк этади.

- Диёр Холматов бугун пенальтидан фойдалана олмади. Танаффусда унга нималар дедингиз?

- У бугун зўр ўйнади. У масъулиятни ўз бўйинига олди, бу эса яхши ҳислат. Пенальтини ижро этиш оғир жараён ва жуда катта масъулият. Кеча "Насаф" жамоаси ҳам 101-дақиқада пенальтидан фойдалана олмади, жуда ҳаяжонли вазият эди. Мен фаолиятимда кўп бор пенальти тепганман ва шуни маслаҳат бера оламанки, дарвоза ўртасига тепиш керак. Футболчи ўз қарорида иккиланяптими ўртага тепиш керак. 99 фоиз ҳолатларда дарвозабон қайсидир томонга отилади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Максим Шацких: "Бугун ғалаба қозонмаганимизда гуруҳдан чиқиш имкониятимиз нолга тенг бўлар эди"