09:29 / 25.10.2023
723

Россияда яна Остон Ўруновни эслаб қолишди...

Россияда яна Остон Ўруновни эслаб қолишди...

Россия чемпионати ўзбек футболчилари учун ўзини кўрсатадиган майдон. Кейинги пайтда Премьер-лигада ЦСКАда ўйнаётган Аббосбек Файзуллаев ҳаммани ҳайратга соляпти.

Аббосдан ташқари, “Рубин”да Умарали Раҳмоналиев ва Рустам Ашурматовнинг ҳам ишлари чакки эмас. “Нижний Новгород”даги Иброҳимхалил Йўлдошев бу легионерларимиз орасида Премьер-лигада энг тажрибалиси ҳисобланади. Унинг жамоадоши Руслан Жиянов ҳам Россияда ўзини кўрсатишга тайёр.

Лекин кейинги йилларда Россияда айрим трансферлар омадсиз чиққанига гувоҳмиз. Бунга Остон Ўрунов ва Жасурбек Жалолиддиновни мисол қилиш мумкин. Ўзбек футболининг энг ёрқин истеъдодларидан бўлган бу ўйинчилар нега ўз салоҳиятини намоён эта олмаганининг сабаблари турлича.

Энг муҳими, улар фаолиятидаги ўхшамаган трансферлардан ўзини йўқотиб қўйгани йўқ. Айни пайтда Жасур ҳам, Остон ҳам юртимизда жавлон ураяпти.

Россия матбуоти Остон Ўруновни бу мамлакатни тарк этганига қарамай, у ҳақда доим янгилик олиб чиқишга ҳаракат қилади.

Ўруновнинг Россиядаги саргузаштларига сабабчи бўлган Шамиль Газизов яқинда Чеченистоннинг “Динамо-Махачқалъа” жамоасига бош директор этиб тайинланди. Ҳозир бу жамоа ўзбекистонлик Ҳусайн Норчаев ўйнаётган “Алания” билан биринчи ўринни талашмоқда.

Россия футболини ёритаётган нуфузли манбалардан бири - www.championat.com сайти журналисти Илья Никульников Шамиль Газизов билан суҳбат уюштирди. Интервью давомида “динамочилар” бош директори Остон Ўрунов ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.

Савол-жавоб қуйидагича бўлди:

— Остон Ўруновнинг ишлари қандай?

— Аъло даражада. Адашмасам, Остон ўтган йили Ўзбекистоннинг энг яхши ўйинчиси совринига лойиқ топилди.

Ўрунов жуда яхши футболчи. Лекин ҳаётининг муайян бир қисмида пуллари, имкониятлари ва шон-шуҳратини нима қилишни билмай қолди. Остон жуда иқтидорли ўйинчи.

— Ўруновда яна имконият бўладими?

— Ҳаммаси унинг ўзига боғлиқ. Худо унга берган истеъдод ҳар доим у билан бирга бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Остон Ўрунов 2020-2023 йиллар давомида Россия Премьер-лигасида “Уфа”, “Спартак” ва “Урал” жамоалари шарафини ҳимоя қилган.

Футболчимизнинг ёрқин бошланган фаолияти турли сабабларга кўра, узоқ давом этмади ва Ўрунов 2023 йил Ўзбекистонга қайтиб, “Навбаҳор” сафига қўшилди.

Ўрунов аслида “Пахтакор” тарбияланувчиси ҳисобланади. Россияга кўчиб ўтгунига қадар “Навбаҳор” ва “Локомотив” жамоаларида ўйнаган.

Остон 2019 йилдан бери Ўзбекистон миллий терма жамоасига жалб қилиняпти.

Ҳозирга қадар 18 та учрашувда қатнашди. 22 ёшли ҳужумкор футболчимиз халқаро майдонда Мальдив ороллари, Камерун, Тожикистон ва Вьетнам терма жамоалари дарвозасини ишғол қилган.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Россияда яна Остон Ўруновни эслаб қолишди...