Суперлига 23-тури доирасидаги "Металлург"га қарши ўйиндан кейин "Насаф" бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ўз фикрларини билдириб ўтди.
- Голларни вақтида уриб олдик. Бу бизнинг ўйинимизга енгиллик тақдим қилди. Агарда гол урмаганимизда кураш узоқроқ давом этарди. "Металлург" сўнгги пайтларда 5 ҳимоячи билан ўйнаяпти ва буни яхши тарзда амалга оширмоқда. Тезкор голимиз уларнинг режасини бузди. Қисқаси, ўйинни назорат қилдик. Ҳисоб йирикроқ бўлиши мумкин эди. Асосийси - ғалабага эришдик.
- "Насаф" ҳар уч кунда ўйин ўтказяпти? "Навбаҳор" "Бунёдкор" билан ўйинни қолдиргани сабабли "Насаф" ҳам ўйинини қолдириш илтимоси билан чиқиши мумкинми?
- Кубок финалига чиқа олмагани учун келишилган тарзда ўйинни қолдиришди. Агарда биз ёки ОКМК ҳам финалга чиқа олмаганида ўйин қолдирилиши мумкин бўлганди. Терманинг йиғинлари сабабли ўйинлар тақвими жуда зиқ. Бироқ ҳар қандай вазиятдан чиқиш керак, шу сабабли ротация қиляпмиз, бошқа футболчиларга ҳам имконият беряпмиз.
- Кетма-кет иккинчи ўйин-ки, жамоа сўнгги дақиқаларда пенальтини ура олмаяпти. Пенальти тепиш учун алоҳида футболчи тайёрланмаяптими?
- Баъзида пенальти тепиш бўйича мусобақалар ўйнаб турамиз. Унда кўпроқ мен ғолиб бўламан. Шу сабабли бу йигитларда муаммоли тарзда кўринаётгандир. Албатта, бунга жиддий ёндашишимиз керак. Баъзи пайтларда Азиз яхши ҳаракат қиларди. Пенальтини яхши тепадиган Жавоҳир майдонда эмасди. Зафармуродга ҳам кўп ишонардик. Ушбу пенальтиларни тажрибали футболчиларга бердик. Буни тузатишимиз керак. Чунки бу муҳим ўйинларда жуда керак бўлиб қолади.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг