Бугун Суперлиганинг 24-турига старт берилади. Турнинг охирги ўйини 11 ноябрда “Навбаҳор” - “Бунёдкор” баҳси орқали якунига етади. Унгача эса1-4 ноябрга қадар қолган учрашувлар ўтказилади.
Чемпионат якунига саноқли турлар қолганини ҳисобга олсак, бу сафарги тўқнашувларнинг аҳамияти янада юқори. Мазкур турда “Пахтакор” – “Насаф” жангги ҳам бор.
1 ноябрь
ОКМК – “Турон”
Ўзбекистон Кубоги финалига йўл олган ва асосий эътиборини 12 ноябрь куни “Насаф”га қарши учрашувга қаратган ОКМК бунгача чемпионат доирасидаги баҳсларини ҳам унутгани йўқ. 10 га яқин футболчилари жароҳатда бўлишига қарамай, ўтган турда улар Андижонда қимматли уч очко билан қайтдилар. Бу сафар эса “Турон”ни қабул қилади. Суперлигада совринли ўринлар учун курашиш имкониятини кескин пасайтирган Миржалол Қосимов ҳар қандай ҳолатда ҳам Суперлигани муносиб якунламоқчи. “Турон” билан учрашувда албатта ОКМК фаворит. Меҳмонларга лигада қолиш учун ғалаба сув ва ҳаводек зарур. Барибир Қосимов жамоасида имконият кўпроқ. Агар ОКМК футболчилари рақиб кучига етарлича баҳо бермаса, ўзига муаммолар туғдириб олади.
2 ноябрь
“Қизилқум” – “Андижон”
“Қизилқум” бош мураббийи Жамшид Саидов ва “Андижон” устози Александр Хомяков бир-бири билан жуда яхши муносабатда. Чунки улар илгари биргаликда фаолият олиб борганлар. Иккала дўст мураббийларнинг жамоалари ўртасидаги учрашув қизиқарли ўтса керак. “Қизилқум” Суперлигада қолиш йўлида ҳар бир ўйинда бор кучини кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. “Андижон” 6-ўринда ва ўз ўрнини мустаҳкамлаш учун ҳам Навоийда ғалаба мақсадида ўйнайди. Ҳозирча имкониятлар 50х50.
3 ноябрь
“Пахтакор” – “Насаф”
Ҳар доим бу клублар ўртасидаги учрашув марказий мақомга эга ва ҳамманинг эътиборини тортиб келади. 30 октябрь куни Наманганда “Навбаҳор”ни ютган “Насаф” энди Тошкентда “Пахтакор”да ҳам шу ишини такрорлашга уриниб кўради. Чемпионлик йўлидаги курашда мазкур тўқнашувдаги натижа катта аҳамият касб этади. Максим Шацких жамоаси “Насаф”дан 4 очкога олдинда. Бу катта тўқнашув. Ўйин томонлама энг сифатли жамоа эканини кўрсатиб келаётган “Насаф” меҳмонда “Пахтакор”га жиддий муаммолар туғдириши кутиляпти. Бунга “Шерлар” қандай жавоб қайтараркин? Марказий ўйинни ўтказиб юборманг!
“Нефтчи” – “Олимпик”
Охирги пайтлардаги муваффақиятсиз ўйинлардан сўнг совринли ўринлар учун имкониятини пасайтириб юборган “Нефтчи” бу сафар Фарғонада “Олимпик”ни қабул қилади. Бу йил Тимур Кападзе жамоаси ўтган йилдагидек эмас. Чунки 2022 йилги мавсумда “Олимпик” анча тажовузкор кўринганди. Бу сафар жамоа негадир у қадар қўрқинлик кўринмаяпти. Буни турнир жадвалидаги ўрнидан ҳам билса бўлади. “Нефтчи” охиригача курашиши аниқ. Мағлубиятлардан кейин ўз уйида мухлисларини ғалаба билан хурсанд қилиш ҳаракатида. Агар Левченко шогирдларини руҳий томонлама тиклай олса, у ҳолда “Олимпик”га жуда оғир бўлади.
4 ноябрь
“Металлург” – “Сурхон”
Иккала жамоа ўтган турда мағлубиятга учради. “Металлург”нинг бешта ўйиндаги мағлубиятсиз сериясига Қаршида чек қўйилди. Бу сафар бекободликлар Олмалиқда “Сурхон”ни қабул қилади. “Металлург” учун жиддий рақиб. “Навбаҳор”га қарши баҳсда термизликлар охирги дақиқада дурангга эришиши мумкин эди, бироқ Нимели пенальтидан фойдалана олмади ва “Сурхон” ютқазди. Навбатдаги тўқнашувда агар “Сурхон” ўз мақсадига эришса бундан ҳеч ким ҳайрон қолмайди. Лекин “Металлург” ҳам анойи эмас.
“Сўғдиёна” – “Бухоро”
Бу ўйин айниқса Улуғбек Бақоев учун алоҳида аҳамиятга эга. Яхши биласиз, у мураббий сифатида энг яхши дамларини ҳозирча “Сўғдиёна”да ўтказган. Собиқ жамоасига қарши кечадиган беллашувда “Бухоро”га орқага йўл қолмаган. Аксига олиб, жиззахликлар охирги турларда мағлубиятга учраб, кетма-кет очколарни йўқотиб келяпти. “Бухоро” жамоасидаги вазият оғирроқ. Чунки улар лигада жон сақлаб қолиш учун курашишяпти. Учта тур қолганини ҳисобга олсак, энди дуранг ҳам Бақоев жамоаси учун қониқарли ҳисобланмайди. Ўтган турда ўз уйида “Пахтакор”га қарши муносиб курашди, аммо охирида пенальти орқали аламли тарзда ютқазди. Жиззахда ҳақиқий кураш кечади.
11 ноябрь
“Навбаҳор” – “Бунёдкор”
24-тур 11 ноябрь куни “Навбаҳор” – “Бунёдкор” ўйини билан якунига етади. Чунки орада наманганликлар Осиё Чемпионлар лигаси доирасида Эронда ўз ўйинини ўтказиб қайтади. “Бунёдкор” билан учрашувда “Навбаҳор” мухлислари қаршисида ютишга мажбур. Шундоқ ҳам Наманганда “Насаф”га имкониятни бой бергач, ишқибозларининг кескин эътирозларига сабаб бўляпти. Натижада чемпионлик учун курашдан четга чиқиб кетмоқда. Бунинг устига “Навбаҳор” футболчиларида босим ҳам катта. “Бунёдкор” Наманганда ортиқча босимларсиз ўйнайди. Чунки бош мураббий Александр Крестинин дебют мавсумида ўз ўйинини қуриш йўлидан боряпти ва бу борада унга вақт керак. Ушбу мавсумда Крестинин айнан ўзининг ўйин услубини шакллантириб боряпти. Балки унинг кучига баҳони келаси мавсумда берармиз.
Шуҳратбек Жўраев.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг