- "Динамо"даги фахрийлар Эркин Байдуллаев, Баҳодир Насимов ва Дилшод Раҳматуллаев кейинги мавсумда ҳам футбол ўйнашадими?
- Насимов ва Раҳматуллаев бу борада ҳали аниқ бир тўхтамга келишмади. Байдуллаев эса менимча фаолиятини якунлади.
- Янги мавсумга тайёргарлик режаси аниқ бўлганми?
- Ҳозирча ҳомаки режа бор. Мавсум биз учун октябрь ойи охирида якунланди, шу боис тахминан 1 декабрдан йиғинни бошлаймиз. Сабаби футболчилар учун 40 кунлик таътил етарли деб ўйлайман.
- Собиқ шогирдингиз Марат Бикмаев бутсаларини "михга илди". Унинг фаолияти ҳақида нималар дея оласиз?
- Маратни анча йиллардан буён биламан, яхши даражада фаолият олиб борди. Олимпия терма жамоасида менинг қўл остимда ўйнаганди, кейин миллий терма жамоада ҳам тўп тепди. Бекорга бир вақтлар Россия премьер-лигаси клуби уни ўз сафига қўшиб олмаганди. Бикмаевга кейинги фаолиятида ҳам омад тилайман.
- Олдинда мамлакат кубоги финали кутиб турибди. Кубокни қайси жамоа қўлга киритади деб ўйлайсиз: "Насаф" ёки ОКМК?
- Менимча имкониятлар 50га50. "Насаф" ўз майдонида ўйнайди, ОКМК таркибида эса кўплаб тажрибали футболчилар бор. Учрашувдан аввал имкониятлар мутлақо тенг, "Насаф"нинг кичик устунлиги ўз майдонида ўйнашида бўлади, холос.
- Суперлигада-чи ким чемпион бўларкин?
- Менимча айнан 3 ноябрь кунги баҳсда кўп нарса ойдинлашади. "Пахтакор" мавсум бошида иккита мағлубиятдан кейин қийин аҳволга тушиб қолганди, аммо кейин пешқадам бўла олди. Қандайдир кутилмаган мавсум бўлди, исталган жамоа "Пахтакор"нинг йўқотишларидан унумли фойдаланиб чемпион бўлиши мумкин эди.
- Исломжон Қобилов ва Санжар Қодирқулов янги мавсумни "Динамо"да бошлашлари ҳақида хабар чиқди. Бу ростми?
- Тўғриси буни мен ҳам сайтлардан ўқидим. Агар уларда "Динамо"да ўйнаш хоҳиши бўлса албатта бундан хурсанд бўлардим.
- Ноябрь ойи ўртасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2026 саралаш баҳсларини бошлайди. Туркманистонга қарши сафар, Эронга қарши Тошкентдаги ўйинлардан 6 очко кутишимиз мумкинми?
- Кўпчилик Эронни кучли демоқда, албатта Эрон бошқа даражада эканини биламиз. Аммо Туркманистонни осонгина ютамиз дейишга шошмаслик керак, уларга қарши ўйин ҳам оғир бўлади. Айниқса сафарда, улар ҳам футбол ўйнашни ўрганиб олишган. Терма жамоамизга саралашда ҳам, Осиё кубогида ҳам омад тилайман!
