ЦСКА ёзда ўз таркибига қўшиб олган янги футболчилар – Аббосбек Файзуллаев ҳамда чилилик Виктор Давила жамоага кўп фойда келтиряпти.
Москва клуби ҳар икки футболчини август ойида қўлга киритган эди. Ҳозир улар ЦСКАнинг асосий таркиб ўйинчиларига айланиб улгурган.
Премьер-лиганинг 14-туридан кейин пойтахтлик “армиячилар” мусобақа жадвалида учинчи ўринга кўтарилиб олди. Шунингдек, Владимир Фёдотов шогирдлари мамлакат кубоги гуруҳ баҳсларини биринчи ўринда якунлаб, бош соврин учун курашни давом эттирмоқда.
“Пахтакор” клубининг энг иқтидорли тарбияланувчиларидан ҳисобланган Аббосбек Файзуллаев ЦСКАга келганидан бери Премьер-лига ва мамлакат кубоги баҳсларида 13 та ўйинда қатнашиб, битта гол ва олтита ассист муаллифи бўлди.
Илгари Чили ва Мексика чемпионатларининг бир неча клубларида тўп тепган 26 ёшли Давила эса, Европадаги фаолиятини ҳам муваффақиятли бошлади. У ЦСКА сафида икки мусобақада ўнта учрашувда майдонга тушиб, иккитадан гол ва ассист муаллифи бўлди.
Виктор Давила Москвада Аббосбек Файзуллаев билан дўстлашиб қолди. Аббос чилилик футболчи билан кўпроқ мулоқот қилаётганини, улар инглиз ва рус тилида гаплашиш бўйича маҳоратларини ошираётганини айтганди.
Давила “РБ Спорт” нашрига берган интервьюсида Аббосбек Файзуллаевни Чили футболининг энг ёрқин юлдузи Алексис Санчесга қиёслади.
- Аббосни янги Алексис Санчес, десак бўладими? Ҳозир уларни таққослаш қийин. Аббос – ажойиб футболчи, у айни пайтда буюк футболчилик фаолиятиннг бошида. Файзуллаев ўсишда давом этишига умид қиламан.
Санчес фаолиятини қуриб бўлгани учун ҳам бошқа даражадаги ўйинчи ҳисобланади.
Аббос ҳам Алексис сингари фаолиятини муваффақиятли қура олади, ҳатто Санчесдан ўтиб кетиши ҳам мумкин, - деди Виктор Давила.
Алексис Санчес профессионал фаолияти давомида Чилининг “Кобрелоа”, “Коло-Коло”, Аргентинанинг “Ривер Плейт”, Италиянинг “Удинезе”, “Интер”, Испаниянинг “Барселона”, Англиянинг “Арсенал”, “Манчестер Юнайтед”, Франциянинг “Марсель” жамоаларида ўйнаган.
Тажрибали ҳужумчи клублар миқёсида 18 та соврин, хусусан, Чили, Аргентина, Испания, Италия чемпионатлари ғолиблигига сазовор бўлган. Алексис Санчес етакчилигида Чили терма жамоаси икки марта Америка кубогини қўлга киритган.
Файзуллаев ҳам легионер сифатида бир неча индивидуал совринларни қўлга киритди. Аббос ЦСКАнинг сентябрь ва октябрь ойларидаги энг яхши ўйинчиси, “Крилья Советов”, “Спартак” ва “Рубин” жамоаларига қарши ўтказилган учрашувларнинг энг яхши футболчиси совринига лойиқ топилди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг