15:25 / 15.11.2023
464

Комилжон Расулов: “Ота сифатида ҳеч қачон қароримдан афсусланмайман”

Комилжон Расулов: “Ота сифатида ҳеч қачон қароримдан афсусланмайман”

Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 19-туридан ўрин олган “Бухоро” — “Олимпик” учрашувида нотўғри қарор чиқаргани учун бутун умрга футболдан четлатилган Комилжон Расулов “Championat Asia” сайтига интервью берди.

"Бу ўйинни кимдир стадиондан, кимдир эса телевизордан томоша қилди. Ҳаммада ўша савол: нега ҳакам пенальти бўлмаса ҳам уни белгилади деган. Ҳаттоки, ўзимнинг яқинларим ҳам шу саволни беряпти. Дастлаб, гапиришимдан олдин мухлислардан узр сўрамоқчиман. Қилган айбимни тан оламан. Интервьюдан асосий сабаб, ўзимни оқлаш учун ёки ҳакамликка қайтиш учун эмас. Шунчаки ўша вазиятда нималар бўлганини тушунтириб бермоқчиман.

Пенальти қўяётган вақтимда биринчи кўрган кадрим “Олимпик”ни 17-рақамли футболчиси (Темур Мамасидиқов) билан “Бухоро”ни 88-рақамли ўйинчиси (Всеволод Нихаев) иккаласи ёнма-ён кетаётган пайтда, биринчи контакт “Олимпик” ўйинчисига текканини кўрдим. ВАР ҳакамига дастлаб тўпга “Олимпик” футболчиси теккани ва шундан сўнг “Бухоро” футболчиси оёғига тепди дея изоҳ бердим. ВАРга бу яққол кўринган.

Ўзимни оқламоқчи эмасман, 90-дақиқа, ўзингиз биласиз, ўйин охирида барибир босим бўлади, хато қилиб қўймай деган ўйлар бўлади. Шу мақсадда ВАР томонга бордим. Монитор ёнига борганимда, ВАР ҳаками билан бўлаётган мулоқот менга унчалик эшитилмади. Монитор олдига борганимда у кадрларни кўрсатиб, менга тушунтириш бериши керак. Шунда мен “Тўхта, гапларинг эшитилмаяпти”, деб айтдим. Ҳақиқатан ҳам “Бухоро” томондан жуда кўп овозлар янграрди. Сўнгра, бир ёки бир ярим сония ўша томонга қарадим. Улар менга жудаям халақит қилаётганди. Улар томондан жуда кўп ҳақоратлар бўлаётганди.

Тўғри, футболда сўкинишлар табиий ҳолат. Бунга чидам кераклигини биламан, отам буни айтиб кетган. Лекин улар томондан қизимнинг шаънига номақбул сўзлар янгради. Мен бутун диққатимни “Бухоро” мураббийига қаратгандим. Улуғбек акани биламан, ундан бунақа сўзлар чиқмайди. Мураббийлар штабидан кимдир мана шу сўзларни айтди. Мана менинг қарор чиқаришимга асосий сабаб бўлди. Ички инстинктим ўйиндан чиқиб кетди. Ахир, мен отаман. Жуда алам қилди. Нима бўлган тақдирда ҳам пенальтини белгилайман дедим. Ҳакамлик либосидаман, уни бориб ура олмайман.

Ҳуштак чалганимдан кейин, нима қилганимни тушундим. У ерда пенальти йўқлигини 100 фоиз тан оламан. Хато қарор чиқарганман. Ҳакам сифатида қанақадир афсус бўлиши мумкин, лекин ота сифатида қароримдан ҳеч қачон афсусланмайман. Тўғри — бу футбол. Меҳрим сингган, меҳнатим сингган. Аммо футболдан бошқа касбда ҳам нонимни топа оламан. Оилам битта, қизим битта. Ўша лаҳзада ҳиссиётларни жиловлай олмадим.

Раҳбариятга бориб, тушунтириш хати ёзаётган вақтимда онамдан ва оила аъзоларимдан деган жумлани ёздим. Лекин бу гапларни айтмадим. Агар айтсам, худди улар олдида ўзимни оқлаб, улардан имкон сўраётгандек бўлиб қолишим мумкин эди. Раҳбариятнинг қарорини ҳурмат қиламан.

Барча футбол мухлисларидан, айниқса, “Бухоро” мухлисларидан узр сўрайман. Улар менинг ўша вақтдаги ҳолатимни тушунса хурсанд бўламан, тушунмаса хафа бўлмайман, бунга ҳаққим ҳам йўқ. Чунки мухлис футболга пул тўлаб киради. Мухлис мени ҳақорат қилсин, гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Лекин мураббийлар томонидан бундай ҳолат юз берганидан сўнг ўзимни тийиб тура олмадим.

Изоҳларда кўриб қолдим, “Олимпик” ёки бошқа жамоалар пул берган деган. Қасам ичишим мумкин, “Бухоро” — “Олимпик” ўйинда менга ҳеч қандай пул таклиф қилингани йўқ. Ҳеч ким менга илтимос ҳам қилгани йўқ. Бу ўйинга пул аралашмаган", - собиқ ҳакам Комилжон Расулов.

Эслатиб ўтамиз, Расулов учрашувнинг 100-дақиқасида “Бухоро” дарвозаси томон пенальти белгилади ва бу ўйин тақдирига таъсир кўрсатди. Ушбу ҳолат юзасидан ЎФА футбол фаолиятини назорат қилиш махсус инспекцияси томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида бош ҳакам ВАР такрорларини кўриш учун монитор олдига келган вақтида бутун бошли “Бухоро” жамоасининг мураббийлар штаби ҳамда захира ўйинчилари унга ҳалақит бериб, турли куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлагани маълум бўлди.

Шу туфайли, бош ҳакам ВАР мониторини кўриб, хато қилаётганини билса ҳам, ҳиссиётларга берилиб, “Бухоро” дарвозасига пенальти белгилаган. Комилжон Расулов ўз тушунтириш хатида айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қасддан, ҳиссиётларини жиловлай олмай, нотўғри қарор чиқарганлиги учун ўз пушаймонлигини билдириб ўтганди. Шундан сўнг Расулов умрбодга футболдан четлатилди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Комилжон Расулов: “Ота сифатида ҳеч қачон қароримдан афсусланмайман”