Туркманистон терма жамоаси бош мураббийи Мерген Оразов ва жамоа кипери Рахат Жапаров футбол бўйича ЖЧ-2026 саралаши доирасидаги Ўзбекистонга қарши ўйиндан аввал фикрларини баён қилишди.
– Машғулот жараёни режа бўйича ўтди. Жамоада барчанинг кайфияти аъло даражада, курашга тайёрмиз. Фақат ижобий натижа ҳақида ўйлаяпмиз ва мухлислар бизни қўллаб-қувватлайди, деб умид қиламиз, – таъкидлади Оразов.
– Сиз ноябрь ойидаги йиғинга 28 нафар футболчини чақирдингиз. Бу якуний рўйхатми ёки яна қандайдир ўзгариш бўладими?
– Бир қанча футболчимиз жароҳат олган, шунинг учун ўзгаришлар қилишга мажбурмиз. 28 нафар футболчидан 23 нафаригина Ўзбекистонга қарши учрашув қайдномасига киритилади, Гонконгга эса биз билан 24 ўйинчи йўл олиши керак.
– Терма жамоада ёшариш даврини кузатяпмиз. Бу табиий эҳтиёждан келиб чиқилган жараёнми ёки сизнинг шахсий тактик ўзгартиришларингиз сабабми?
– Бу ерда биз кўплаб факторларни инобатга оляпмиз, футболчиларнинг ёши, тактик схемалар, секин аста таркибга ёш футболчиларни бириктириб боряпмиз. Шунингдек, бу вазиятда жисмоний ва тактик томонларни ҳам унутаётганимиз йўқ. Эътибор берган бўлсангиз, аввалги йиғин билан солиштирганда, яна уч нафар ёш футболчини чақирдик. Улар ички чемпионат ўйинларида ўзларини кўрсата олишди. Муҳим факторлардан бири – бу футболчи ҳозир қандай спорт формасидалиги.
– Таркибга турли сабабларга кўра кира олмай қолган ўйинчилар борми ёки мана шу оптимал таркибми?
– Баъзи сабаблар ва ёки жароҳат туфайли таркибга кирмай қолган бир қанча футболчи бор. Мисол учун ҳимоячи — Вепа Жумаев. Аммо умид қиламизки у Гонконгга биз билан йўл олади. Умуман олганда биз таркибда кўрмоқчи бўлган ҳаммани синовдан ўтказиб олдик. Эртага оптималга жуда яқин таркиб майдонга тушади, дея оламан.
– Эртага ниманинг эвазига рақиб ҳимоясини ёриб ўтмоқчисиз?
– Ўзбекистон – жуда кучли жамоа, таркибида кучли хорижий лигаларда тўп тепадиган легионерлар бор. Биз яқинда "CAFA Cup-2023" доирасида улар билан рўбаро келгандик. Ўшанда бизнинг маълум режамиз бор эди, лекин ишни энди бошлагандик.
Бу сафар биз рақибни яхшилаб ўргандик. Уларнинг АҚШ, Мексика, Вьетнам ва Хитойга қарши ўйинларини кўриб чиқдик. Уларнинг кучли томонларини ўргандик, ҳимояда қандай ҳаракат қилишини билиб олдик, бундан ташқари ҳужумда ҳам аниқ режаларимиз бор, лекин уларни ҳозир ошкор этмайман. Муҳими тактик ва руҳан биз ўйинга тайёрмиз.
Ўз уйимизда ўйнаймиз, трибуналар, яқинларимиз ва қариндошларимиз бизни қўллаб-қувватлайди. Охиригача курашамиз. Натижа бизнинг фойдамизга ижобий кўриниш олишига ишонаман.
– Гуруҳдан чиқиш имкониятларини қандай баҳолайсиз?
– Рақибларнинг даражасини инобатга олиб айтаманки, гуруҳимиз анчайин қийин. Эрон ва Ўзбекистон рейтинг бўйича ҳам, ўйин бобида ҳам – жуда кучли жамоалар. Шунингдек, Гонконг 4-саватдаги энг кучли жамоалардан бири. Аммо йигитлар курашишга тайёр, бу уларнинг машғулотлардаги ҳаракатлари, иштиёқидан кўриниб турибди. Биз фақат ижобий натижани кўзлаяпмиз, айниқса, уй учрашувларида. Биз доим гуруҳдан чиқиш учун ҳаракат қиламиз ва ўзимизни аутсайдер сифатида кўрмаяпмиз. Биз юқори даражадаги футбол кўрсатишга тайёрмиз.
Интервью давомида туркман футболчиларининг хорижда тўп тепиши мавзуси ҳақида ҳам гап борди. Мерген Оразов Туркманистон термасининг ўзини хорижий чемпионатларда синаб кўрмоқчи бўлган ёш футболчиларига маслаҳат берди. Мутахассис бу терма жамоа учун катта плюс эканлигини таъкидлади, лекин футболчилар кучли клубларга кетиши муҳимлигини таъкидлаб ўтди.
– Европанинг етакчи лигаларида ёки Осиёнинг кучли клубларида тўп тепадиган легионерлар, бу чиндан терма жамоа учун фойдали бўлади. Бу борада ҳозирда Федерация билан иш олиб борилмоқда, умид қиламанки, келажакда футболчиларимизда бунга яхшироқ имконият бўлади.
Рахат Жапаров: "Уйда биз фақат ғалаба учун ўйнаймиз"
– Биз бу баҳсга узоқ ва астойдил тайёргарлик кўрдик. Рақиб — кучли, муносиб. Нима ҳам дердим, эртага майдонга тушамиз ва мураббийнинг кўрсатмаларига амал қиламиз ва ўз ўйинимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Албатта, биз ғалаба қозонишимизга ишонамиз, чунки уйда ўйнаймиз.