Россия Премьер-лигаси ўзбек футболчилари учун Европанинг кучли лигаларига ўтишда ўзига хос кўприк вазифасини ўтайди. Хусусан, "Ростов"дан Италияга йўл олган ҳужумчи Элдор Шомуродовнинг тажрибаси бунга ёрқин мисол бўла олади.
Россия чемпионатида порлаётган Аббосбек Файзуллаев ҳам яқин келажакда Европанинг кучли лигаларидан бирига ўтиши мумкинлиги кўп муҳокама қилиняпти. Айни пайтда Премьер-лигада Аббосдан ташқари яна тўрт футболчимиз бор. “Рубин” жамоаси ҳимоячи Рустам Ашурматов ва ярим ҳимоячи Умарали Раҳмоналиевни ўйнатяпти. “Нижний Новгород”да Иброҳимхалил Йўлдошев анчадан бери тўп тепмоқда. Унинг ёнига ёш ҳужумчи Руслан Жиянов ҳам қўшилди.
Россия футболидаги таниқли эксперт Юрий Белоус тез орада Россия чемпионатида ўзбек футболчилари сони ошиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Мутахассис ўз фикрини Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Индонезияда 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида ўтказилаётган жаҳон чемпионатида муваффақиятли иштирок этаётгани билан асослади.
- Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси мундиалда зўр иштирок этаётгани мен учун сюрприз бўлгани йўқ. Бу минтақада талантлар жуда кўп етишиб чиқяпти. Ўзбекистонда истеъдодли ёш футболчилар жуда кўп, улар ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида ғолиб чиққани ҳам бежиз эмас.
Бугун ана шу ёшлар жуда яхши натижаларни қайд этмоқда. Энг асосийси, бу мамлакатда футболчиларни тарбиялаш йўлида юқори даражада шароитлар яратилмоқда.
Санкциялар туфайли хориж клублари билан савдо қилиш қийинлашган паллада ўзбек футболи бозорини кенгайтириш керакми?
Бир бозорга кўчиб ўтиш керак эмас, балки ҳамма минтақадаги вазиятни кузатиб бориш керак. Агар футболчи рақобатбардош бўлса, европалик футболчидан устунлигини кўрсатса, Ўзбекистондан ўйинчи олишга ҳеч нарса ҳалақит қилмайди.
Масалан, ЦСКАга келган Аббосбек Файзуллаев ҳам ноёб истеъдод эгаси эканини намойиш қиляпти. Бунақа футболчилар нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари, ҳатто Қирғизистонда ҳам бор.
Агар фақат Ўзбекистон ҳақида гапирсак, Европанинг кучли клубларида ўйнаётган Элдор Шомуродов ва бош футболчиларни мисол келтириш мумкин. Ҳатто, “Пахтакор” яқин ўтмишда қандай кучли бўлганини яхши эслаймиз. Бу жамоада маҳоратли футболчилар тўп тепган ва собиқ иттифоқ терма жамоасига ҳам жалб қилинган, - деди Юрий Белаус metaratings.ru сайтига берган интервьюсида.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси вакиллари Индонезияда ўтказилаётган жаҳон чемпионати гуруҳ баҳсида Канадани 3:0 ҳисобида енгди ва Испания терма жамоаси билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади.
Нимчорак финал баҳсида ёшларимиз чемпионликка даъвогар ҳисобланган Англия ёшлар терма жамоасини 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Ушбу баҳсда ғалаба тўпини киритган Лазизбек Мирзаевни Россия Премьер-лигасининг бир неча клублар кузатиб бораётгани ҳақида маълумотлар тарқатилган эди.
Жамолиддин Раҳматуллаев бошқараётган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси жаҳон чемпионати чорак финалида Франция футболчилари билан беллашади. Бу баҳс 25 ноябрь куни бўлиб ўтади.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг