Италияда бўлиб ўтаётган шахмат бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 14-16-18 ёш тоифасидаги энг яхши шахматчилар иштирок этмоқда. 92 давлатдан жами 766 нафар шахматчи йигит-қизлар иштирок этаётган мусобақада ўзбекистонлик 3 нафар шахматчи Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилмоқда.
14 ёшгача бўлган ёш тоифасида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган 10-турда Самарқанд шахмат мактаби тарбияланувчиси Афруза Ҳамдамова (2199) Анна Шукманга (2263) қарши баҳс олиб бориб, муҳим ғалабага эришди. Шу тариқа, ўзбекистонлик ёш шахматчи муддатдан аввал жаҳон чемпионига айланди. У очколар бўйича унга етиб олиши мумкин бўлган ягона таъқибчиси — қозоғистонлик шахматчини ўзаро ўйинда мағлуб этган. Турнир регламентига кўра, очколар тенг келиб қолса, ўзаро ўйинга қаралади.
Маълумот учун, шу пайтга қадар Гулруҳбегим Тоҳиржонова ва Баҳора Эгамбердиева мос равишда ёш тоифаларида жаҳоннинг вице-чемпионлигини қўлга киритганди.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг