00:08 / 26.11.2023
657

Мен Месси эмас, Аббосман!

Мен Месси эмас, Аббосман!

Россия Премьер-лигасининг иккинчи давраси бошланди. 16-турнинг марказий учрашувларидан бирида ЦСКА ўз майдонида “Динамо”ни қабул қилди.

Москва дербисида Аббосбек Файзуллаев жуда яхши ўйнади. Биринчи бўлимда аниқ зарба билан жуда чиройли гол уриб, ҳисобни тенглаштирди. Кейин Антон Заболотнийга голли пас узатди.

Ўзбек легионерининг хатти-ҳаракати билан ҳисобда олдинга чиқиб олган “армиячилар” иккинчи бўлимда ташаббусни рақибга бериб қўйди. “Динамо” футболчилари яна иккита тўп киритиб, 3:2 ҳисобида зафар қучди ва уч очкони қўлга киритди.

ЦСКАнинг энг фаол ўйинчиси бўлган Аббосбек Файзуллаев ўйиндан кейин ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

- Қизиқарли ўйин бўлди. Айниқса, биринчи бўлимда ўйинимиз анча қовушди. Яхши ўйнадик, лекин кўпроқ гол уришимиз керак эди. Вазиятлардан фойдаланиш устида кўпроқ ишлашимиз керак. Очиқ ўйин бўлди.

“Динамо” ҳам яхши жамоа. Уларнинг ўйинчилари индивидуал жиҳатдан жуда кучли.

Биз ҳар бир ўйинда ғалаба учун ўйнаймиз, бу гал ўхшамади, - деди ўзбек легионери.

Аббосбек Файзуллаев ўзбекистонлик ёш футболчилар салоҳияти  ва ўзини саккиз карра “Олтин тўп” соҳиби Лионель Мессига таққослашлари ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.

- Мен 17 ёшгача бўлган футболчиларимизнинг Франция билан ўйинини томоша қилдим. Офарин! Ўзбекистонда ҳар доим талантли ёшлар кўп бўлган.

Ҳозир мамлакатимиз ҳам, футбол ҳам жадал ривожланмоқда.

Мени “ўзбек Месси”си дейишяптими? Йўқ бундай эмас. Мен Мессини яхши кўраман. Лекин ўзим Аббос бўлиб қолишни истайман, - деди 20 ёшли футболчимиз.

Маълумки, Файзуллаев яқинда “Барселона” ва Лионель Мессига мухлислик қилишини ва келажакда “Камп Ноу”да ўйнаш орзуси борлигини айтганди. Бундан ташқари, Файзуллаевнинг бўй-басти, ўйин услуби, чаққон ва алдамчи ҳаракатлари, майдонни кўра олиш қобилияти ва фаоллигини аксарият мухлису мутахассислар аргентиналик юлдузга қиёслашади.

Аббосбек Файзуллаевнинг ўзи ҳам Европанинг кучли лигаларида ўйнашни мақсад қилган. Унинг биринчи мураббийи Дмитрий Ан футболчига Испания чемпионати мос келишини таъкидлаган эди.

Бундан ташқари, болалар ва ёшлар футболини жуда яхши тушунадиган Дмитрий Ан Россия клубларига 17 ёшгача бўлган футболчилар иштирокида Индонезияда бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатида ўйнаган икки нафар ўзбек футболчисига эътибор қаратишни тавсия қилган.

Тажрибали мураббий  ёшлар терма жамоаси вакилларидан Дилшод Абдуллаев ва Амирбек Саидов ҳозирнинг ўзида Аббосбек Файзуллаев сингари Россия Премьер-лигаси жамоаларида ўйнаб кета олишини таъкидлади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Мен Месси эмас, Аббосман!