2024 йили Қатарда бўлиб ўтадиган футбол бўйича U23 Осиё кубогига ўтган ҳафтада қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Вьетнам, Қувайт ва Малайзия жамоалари билан "Д" гуруҳидан ўрин олди. Қуръа ҳақида бош мураббий Тимур Кападзе ҳамда жамоа етакчилари Жасур Жалолиддинов ва Аббосбек Файзуллаевлар ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
"Қайси гуруҳда кимлар билан ўрин олишимизни анча кутган эдик. Бу босқичга етиб келган барча жамоаларни ҳурмат қилиб айтаманки, гуруҳимиздаги рақиблар кучли ҳам, кучсиз ҳам эмас. Квартетда ўрта даражадаги рақиблар йиғилди. Вьетнам Қувайт ва Малайзияга қараганда устунроқ кўринди, лекин ҳар бир рақиб ўзига яраша кучга эга. Барча гуруҳга назар ташлайдиган бўлсак, иккитадан кучли ва ўрта даражадаги жамоаларни кўриш мумкин. Энг асосийси гуруҳ босқичидан кейин бошланади", - деди Тимур Кападзе.
Жасур Жалолиддинов: "Очиғини айтиш керак, гуруҳ босқичи бизга қулай рақибларни тақдим қилди. Ўйиндан ўйинга рақибларнинг савияси ва даражаси ортиб бораверади. Ҳаммамиз муҳим турнирга яхши тайёргарлик кўриб, олдимизга қўйган мақсадимизга етишиш учун астойдил ҳаракат қиламиз”.
Аббосбек Файзуллаев: "Яхши гуруҳга тушдик. Ҳар бир терма жамоа ўзига яраша кучли. Бизни олдинда муҳим турнир кутиб турибди. Мақсадларимиз жуда юқори. Худо хоҳласа, Қатардан нафақат Олимпиада йўлланмаси, балки чемпионликни ҳам қўлга киритиб қайтамиз”.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг 15 апрел – 3 май кунлари ўтадиган мазкур турнирда Париж-2024 Олимпия ўйинларининг йўлланмалари ҳам ўйналади. Мусобақада кучли учликдан жой олган жамоалар тўғридан тўғри Олимпиада иштирокчисига айланишади. Тўртинчи ўринни эгаллаган жамоа эса қитъалараро ўтиш босқичида Гвинея билан сўнгги йўлланма масаласини ҳал қилади.
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг