17:40 / 28.11.2023
491

«Ўлим гуруҳи»да ким қолади? Европа Чемпионлар Лигасида кун интригалари

«Ўлим гуруҳи»да ким қолади? Европа Чемпионлар Лигасида кун интригалари

29 ноябрга ўтар кечаси Европа Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичидаги E-H гуруҳларида 5-тур учрашувлари бўлиб ўтади. Баъзи жамоалар муддатидан олдин плей-офф масаласини ҳал қилиши ҳам ёки аксинча, баъзи гуруҳларда вазият янада чигаллашиб, сўнгги турни финалга айлантириб юбориши ҳам мумкин. Айнан мана шу гуруҳ формати сўнггиси бўлиб, келаси йилдан умуман бошқа тизим бошланиши ҳам ўйинларга эътиборни кучайтирган.

Е ГУРУҲИ

«Лацио» – «Селтик» (22:45, Sport)

«Фейенорд» – «Атлетико» (01:00)

 Гуруҳда шундай вазият юзага келганки, 5-турдан сўнг барчаси чигаллашиб, ҳар бир жамоада кейинги босқичга чиқиш имконияти сақланиб қолиш эҳтимоли бор. Ҳатто атиги 1 очкога эга бўлган «Селтик» сўнгги икки ўйинда ғалаба қозонса ва «Атлетико» ҳам ёрдам бериб юборса, 2-ўринни олиш имкониятига эга. Шу билан бирга, бугунги ўйинларда «Атлетико» ва «Лацио» ўз ўйинларида ғалаба қозонадиган бўлса, гуруҳда муддатидан олдин плей-офф иштирокчилари маълум бўлади.

Нидерландияда ўтадиган учрашув гуруҳ учун марказий ўйин мақомида бўлиши шубҳасиз. Икки дуранг мадридликларга қимматга тушди ва энди гарчи «Атлетико» ҳали ҳам гуруҳ пешқадами сифатида турган бўлса-да, буни сақлаб қолиш учун «Фейенорд»га ютқазмаслик керак. Агар мезбонлар ғалаба қозонадиган бўлса, катта эҳтимол билан «Лацио» ҳам ғалаба қозониши инобатга олинса, «Атлетико» сўнгги тур олдидан 3-ўринга тушиб қолиши мумкин. Албатта, шунда ҳам Симеоне шогирдларида имконият ёмон бўлмайди – охирги турда Мадридда «Лацио»га қарши ўйинда уч очко етарли бўлиши мумкин. Табиийки, гуруҳда 1-ўринни олиш ва плей-оффда нисбатан кучсизроқ рақибга тушишдан умид қилиш ҳам катта аҳамиятга эгалигини унутмаслик керак.

F ГУРУҲИ

«Милан» – «Боруссия» Д (01:00, Sport)

«ПСЖ» – «Нюкасл» (01:00, Yoshlar)

Ушбу гуруҳда ҳаммаси охиригача чалкаш бўлиши ва ҳар бир ўйин ҳал қилувчи даражада бўлиши олдиндан тахмин қилинганди. Шундай бўлиб чиқяпти ҳам, дастлабки икки ўйинда бирорта ҳам гол ура олмай, яққол аутсайдердек кўринган «Боруссия», масалан, бугун Миланда ғалаба қозонса, муддатидан олдин плей-офф масаласини ҳал қилади. Бу ҳолатда «Боруссия» «Милан»дан 4 очкога ўзиб кетади, «Нюкасл» билан эса уч очколик фарқ етарли, зеро ўзаро ўйинларга кўра, дортмундликларда устунлик бор. Худди шу шаклда, «Милан»да ҳам имконият ёмонмас – Пиоли шогирдлари ғалаба қозонса, сўнгги тур олдидан камида 2-ўринга чиқиб олади. Охирги ўйин эса Англияда «Нюкасл» билан.

«Нюкасл» немисларга икки марта ютқазиб, ўз вазиятини оғирлаштириб қўйди. Париждаги ўйинда жамоа мағлубиятга учрайдиган бўлса, кейинги босқичга чиқиш имкониятини бой беради. «ПСЖ» ўз майдонида 100 фоизлик натижа кўрсатиб келаётгани, шунингдек, Англиядаги мағлубият алами тарқалмаганини инобатга олсак, меҳмонларга жуда қийин бўлади. Шу билан бирга, «ПСЖ»нинг ғалабаси ҳам жамоага 6-турда ўзини хотиржам ҳис қилиш имконини бермайди – маълум сценарийларда 9 очко билан ҳам гуруҳда қолиб кетиш эҳтимоли мавжуд.

Юқорида айтилганидек, фақат «Боруссия»да бугуннинг ўзида кейинги босқич масаласини ҳал қилиш имконияти бор, холос.

G ГУРУҲИ

«Манчестер Сити» – «Лейпциг» (01:00)

«Янг Бойз» – «Црвена Звезда» (01:00)

Бу гуруҳда кейинги босқичга чиқувчи жамоалар масаласи аллақачон ҳал қилинган. Фақат гуруҳ ғолиби ёки учинчи ўринни олиб, Европа Лигасига йўлланмани қўлга киритадиган жамоалар номи маълум эмас. Немислар гуруҳда 1-ўринга чиқиб олиш учун Манчестерда йирик ҳисобда ғалаба қозониши керак, зеро биринчи давра ўйинида Гвардиола шогирдлари Лейпцигда 3:1 ҳисобида устун келганди.

«Этиҳад»даги дуранг ҳам «Манчестер Сити»ни муддатидан олдин 1-ўрин эгасига айлантиради. Чунки бу ҳолда ўртадаги 3 очколик фарқ сақланиб қолади ва ўзаро ўйинлардаги устунлик туфайли сўнгги турда «Сити» очко олмаса ҳам бўлаверади.

Албатта, қўшимча очколар ҳам зарар қилмайди, айниқса, «Лейпциг»га. Сабаби, янги мавсумдан лигаларнинг еврокубоклардаги рейтинги ҳам катта аҳамиятга эга – энг яхши натижа кўрсатган 2 чемпионат Чемпионлар Лигасида қўшимча ўринларга эга бўлади. Англияда пешқадамлардан бири бўлган «Манчестер Сити»ни бу камроқ хавотирга солиши мумкин, аммо Бундеслигада ҳозирда бешинчи ўринни эгаллаб турган «Лейпциг» ўзи учун ушбу фронтда ҳам ҳаракат қилиши лозим бўлади.

Швейцариядаги ўйин Европа Лигаси йўлланмаси эгасини аниқлаб беради. Бу учрашув ғолиби расман ушбу мусобақанинг плей-офф иштирокчисига айланади. Дуранг рақибларни бир хил ҳолатда қолдириши мумкин, фақат тўплар нисбати бўйича «Црвена Звезда»нинг устунлиги сақланиб қолади. Сўнгги турда эса, серблар ўз майдонида «Манчестер Сити»ни қабул қилса, «Янг Бойз» «Лейпциг»га меҳмон бўлади. 

H ГУРУҲИ

«Барселона» – «Порту» (01:00, Mahalla)

«Шахтёр» – «Антверпен» (22:45)

Ҳаммаси яхши кетаётганда «Барселона» кутилмаганда Украина жамоасига ютқазиб қўйди ва гуруҳдаги интригани бироз бўлса-да, жонлантирди. «Порту»га қарши ўйиндаги мағлубият «Барселона»ни гуруҳда иккинчи ўринга тушириб юборади. Сўнгги йилларда айнан гуруҳда ғолиб бўла олмагани учун плей-оффда кучли рақибларга дуч келаётган «Барселона», табиийки, пешқадамликни сақлаб қолишга ҳаракат қилади.

«Барселона» гуруҳда қолиб кетиши мумкинми? Шундай эҳтимол ҳам йўқ эмас. Бунинг учун Хави шогирдлари «Порту»га ютқазиб, «Антверпен»ни юта олмаслиги, «Шахтёр» эса қолган икки учрашувни ўз фойдасига ҳал қилиши керак бўлади. Шунингдек, гуруҳдаги уч жамоада бир хил – 12 тадан очко бўлиб қолиш эҳтимоли ҳам бор. Бу ҳолатда уч жамоанинг ўзаро ўйинларидаги тўплар нисбати ва урилган голлар сони инобатга олинади. «Барселона» ва «Шахтёр»нинг «Порту» билан ўйинлари ҳали ўтказилмагани боис, бу сценарийда айнан қайси жамоада устунлик бўлишини тахмин қилиш қийин.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Ўлим гуруҳи»да ким қолади? Европа Чемпионлар Лигасида кун интригалари