Осиё Чемпионлар Лигасининг ғарбий минтақадаги 5 гуруҳнинг энг яхши 3 та 2-ўрин эгалари ҳам плей-оффга йўл олишидан хабарингиз бор. Бугун "Навбаҳор" бу вазифани уддалади: 13 очко жамғарган ҳолда энг яхши 2-ўрин эгаси сифатида нимчорак финал йўлланмасини қўлга киритди. Энди навбат "Пахтакор"га. Бироқ, плей-оффга чиқиш тўлиқлигича "шерлар"нинг қўлида эмас.
Уч йўлланманинг биттаси ("Навбаҳор"га) кетди. Қолган икки чипта учун "Сепаҳон", "Ал Садд", "Персеполис" ва "Пахтакор" жамоалари курашни давом эттиради. "Сепаҳон" 10 очко ва тўплар нисбатига кўра, навбатдаги йўлланмани қўлга киритиш учун энг яхши имкониятга эга бўлиб турибди. "Ал Садд" эса "Персеполис" ва "Пахтакор"нинг мағлубиятини кутишга мажбур. "Персеполис"да барчаси ўз қўлида, "Ал Дуҳайл"ни ют ва нимчорак финал эшиклари очиқ. "Пахтакор" олдида эса гуруҳдан чиқиш бўйича бир-бирига мутлақо ўхшамас иккита сценарий бор.
Биринчи, аммо сенсацион(роқ) сценарий:
"Сепаҳон" Жиддада "Ал Иттиҳод"га 2:1 ҳисобида енгилди. Энди "шерлар" энг яхши 2-ўринлар жадвалида исфаҳонликларни ортда қолдириши учун бугун "Ал Файҳа"ни "Сепаҳон" ОКМКни ютган (9:0) ҳисобда ютиши керак бўлади. Шундагина тўплар нисбатига кўра, "Пахтакор" "Сепаҳон"ни қувиб ўтади ва "Персеполис"нинг натижасидан қатъий назар плей-офф иштирокчисига айланади.
Иккинчи, аммо ўзганинг қўлидаги сценарий:
Бугун бўлиб ўтадиган "Персеполис" - "Ал Дуҳайл" баҳсида тошкентликлар форсларнинг очко йўқотишларини кутишга мажбур. Аввало, "Пахтакор"нинг ўзи "Ал Файҳа"ни (имкон қадар йирикроқ ҳисобда) ютиши талаб этилади. Шундагина очколар бўйича "Пахтакор" энг яхши 2-ўрин эгалари орасида 3-ўринни эгаллаб, плей-оффнинг сўнгги иштирокчисига айланиши мумкин.
Кўриб турганингиздек, амалдаги Ўзбекистон чемпиони олдида бироз мураккаб синов турибди. Қуйида 2-ўринлар жадвали билан танишишингиз мумкин:
Манба: Sports.uz
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг