«Насаф» футбол клуби бош директори Алишер Юсупов ва тижорат ва халқаро алоқалар бўйича директор Қобилжон Шодмоновлар Туркияда Суперлига ва ПРО лига жамоалари вакиллари иштирокидаги семинарда иштирок этишмоқда.
Семинар доирасида ўзбекистонлик мутахассислар учун 3 та асосий мавзуда: «Футболчилар селекцияси ҳамда футбол агентлари билан ишлаш», «Футбол учрашувларини ташкил этиш ва мухлислар билан ишлаш», «Маркетинг ва чипталар савдоси» бўйича семинар бўлиб ўтади. Бунда футбол клубларининг 2024 йилги мавсумга тайёргарлик кўриши ва аниқ режалар ишлаб чиқишига кўмаклашиш кўзда тутилган.
Семинарлар давомида “Фенербахче” клубининг раҳбарлик органларида фаолият олиб бораётган Ўкан Ўзкан, Тезжан Шайли, Эгемен Эргюден, “Галатасарай” вакиллари Мурат Эрсой, Женк Эргун, Начи Жансун, шунингдек, Туркия клублар бирлиги бош котиби доктор Чағри Илк ўз маъруза ва тақдимотлари билан иштирок этади.
Ўзбекистонлик мутахассислар ўз клуби фаолияти билан солиштириш имкониятига эга бўлиши учун “Фенербахче” ҳамда “Галатасарай” клублари тузилмаси билан тўлиқ таништирилади, уларга мазкур клублар инфратузилмаси, иш фаолияти тўлиқ кўрсатилади.
Семинар давомида Туркия клублари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳам режалаштирилган.
«Насаф» футбол клуби матбуот хизмати.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг