“Пахтакор” яна Ўзбекистон чемпионатида тенгсиз бўлди ва яна 1-ўринни банд қилди. Жамоа бош мураббийи Максим Шацких “Шерлар” билан кетма-кет иккинчи чемпионликни тантана қилишга эришди. Sports.uz журналисти эса Шацких билан суҳбатлашди.
- Максим Александрович чемпионлик билан табриклаймиз. “Пахтакор” билан кетма-кет иккинчи йил шоҳсупага кўтарилдингиз. Аммо йил давомида муваффақиятсизликлар ҳам бўлиб турди. Шунга қарамасдан жамоангиз энг кўп очкони жамғарди. Сизга ҳам мавсум ёқдими?
- Табрик учун катта раҳмат! Ҳа, мавсум давомида омадсиз учрашувлар ҳам бўлди, аммо бу оддий ҳол. Чунки бутун мавсумни ютқазиб қўймай, бир текис олиб борадиган жамоанинг ўзи бўлмайди. Ғалаба учун эса интилиш керак! Умуман олганда, мавсумдан кўнглимиз тўлди. Ахир, биз олдимизда турган вазифани бажардик. Биз-чемпионлармиз!
- Албатта, чемпионат мобайнида сизни ҳам танқид қилишди. Масалан, Кубокни эрта тарк этдинглар. Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичидан чиқа олмадинглар. Сизнингча, чемпионлик барча омадсизликларни ювдими?
- Ўринли ва тўғри танқид - агарда булар фактлар билан асосланган бўлса, барчасига розиман! Бироқ танқид қилиш учун у ёки бу натижанинг сабабини яхши илғамоқ керак. Омад кулиб боқмайдиган бўлса, барча уриниш бекор. Ҳа, айрим учрашувлар чоғида ҳимоядаги ўйинимиз кутилган даражада чиқмади ва буни тан олиш керак. Шунингдек, ҳужумлар чоғида ҳам фикрни бир жойга жамлаш асносида бизда муаммо кузатилди. Айниқса, якуний босқичда ҳужумчиларимизга индивидуал маҳорат етишмай қолди.
- Бу йил таклиф қилинган хорижлик футболчиларнинг аксарияти клубга ёрдам бера олмади. Уларни таклиф қилиш хатомиди?
- Биз хато қилдик, деб ўйламайман. Легионерлар майдонда ўтказган вақт борасида уларга эътироз йўқ. Ҳа, албатта, кўпроғини истагандик! Жорий йилда биз катта кўламли ишлар олиб бордик ва яхши ишладик. Йигитлар ўз олдига қўйилган асосий мақсад - чемпионлик унвонини қўлга киритишни уддалай олдилар. Бу эса жудаям муҳим масала!
- Максим Александрович, 2024 йилда ҳам “Пахтакор”да ишлашда давом этасизми?
- Ҳа, албатта, раҳбарият менга тўлиқ ишонади ва бунинг учун ўз навбатида мен улардан миннатдор бўлмоғим керак. Бундан кейин ҳам ўз ишимизни янада сифатли бажариш учун астойдил ишлашимиз даркор.
- Таркибда ўзгаришлар бўлишини эшитдим. Неча фоизга ўзгаради?
- Чемпионат бошлансин, ҳаммасини билиб оламиз.
- Шунингдек, Рубин Хебайга қизиқишингиз ростми?
- Йўқ, қизиқтирмайди!
- Йил давомида сиз учун энг қийин ва асабий ўйин қайси бўлди?
- Ўйин сифати борасида йигитларга ҳеч қандай эътироз йўқ. Аммо айрим ўйинларнинг натижалари борасида бизга бироз кескинлик ва совуққонлик етишмай қолганини юқорида қайд этиб ўтдим. Демак, бу борада қаттиқ ишлашимиз даркор.
- Остон Ўрунов борасидаги савол ҳам кўпчиликни қизиқтиряпти. Унга таклиф билан чиқдингларми?
- Ҳаммаси вақти соати билан. Вақти келсин, буни барча билиб олади.
- Драган Черан қарияпти. Лекин кетма-кет бешинчи йилдирки энг яхши тўпурар бўлиб келяпти. У яна клубдаги фаолиятини давом эттирадими?
- Ҳа, Драган шартномасини узайтирди. Бундан кейин ҳам унинг бизга ёрдами тегишига ишонамиз!
- Янги мавсум учун режалар қандай?
- Ишлаш ва фақат ишлаш керак. Ўз олдимизга катта мақсадлар ва вазифаларни қўйганмиз.
Шуҳратбек Жўраев.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг