2025 йилги мавсумдан бошлаб Суперлигада 16 та жамоа иштирок этади. Бу орқали мавсум давомидаги тур ўйинлари сони 30 тага етади.
Лига сўнгги тўрт мавсум давомида Суперлига иштирокчилари сони спорт принципларига зид равишда ўзгармаслиги учун курашиб келди. ОФК лицензиясини қўлга киритаётган клублар сонининг ортиб бораётгани, расмий учрашувлар ўтказиш имкониятини берувчи майдонлар ва улардаги прожекторлар минимал талабларга мосланганидан келиб чиқиб, 2025 йилдан бошлаб жамоалар сонини ошириш режалаштирилди.
Суперлиганинг 2024 йилги мавсумида 14 та жамоа ғолиблик учун рақобатлашади. Якунда сўнгги ўринни эгаллаган 1 та жамоа мусобақа билан хайрлашади. Унинг ўрнига Про лиганинг дастлабки икки жамоаси Суперлига йўлланмасини қўлга киритади. Яна 1 та йўлланма эса Суперлиганинг 12-13 ҳамда Пролиганинг 3-4 жамоалари ўртасида ўйналади. Бунда Пролиганинг 4-жамоаси уй ўтиш ўйинида Суперлиганинг 12-жамоасини, Про лиганинг 3-жамоаси эса уй ўтиш ўйинида Суперлиганинг 13-жамоасини қабул қилади. Ҳар икки беллашув ғолиблари нейтрал майдонда Суперлиганинг 16-иштирокчиси номига ойдинлик киритади.
Бундан кўриш мумкинки, Суперлигада 12-ўрин билан кифояланган жамоа ҳам 2025 йилги мавсумни Про лигада ўтказиши, Про лиганинг тўртинчи жамоаси эса аксинча, Суперлига йўлланмасига эга чиқиши мумкин. Муҳими, барчаси спорт принципларидан келиб чиқиб, амалга оширилади.
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг