13:00 / 21.12.2023
902

Шомуродов бўйича хавотирли ҳолат

Шомуродов бўйича хавотирли ҳолат

“Кальяри” машғулотларида ўнг оёқ бармоғини синдириб олган Элдор Шомуродов Рим шаҳридаги “Вилла Стюарт” клиникасида профессор Аттилио Сантуччи томонидан операция қилинган эди.

Сардиния клуби тиббий бўлими бошлиғи Марко Скорку жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтгани ҳақида баёнот берган. Элдор Шомуродовнинг ўзи ҳам майдонга яна куч ва иштиёқ билан қайтиши ва ўзини қийин пайтда қўллаб-қувватлаганларга миннатдорлик билдириб, ижтимоий тармоқ орқали мухлисларга мурожаат қилганди.

Италия футболини ёритаётган манбалар Элдор Шомуродовнинг тикланиш жараёни қанча давом этиши, “Кальяри”да бу борада юзага келган вазиятга аниқлик киритишга ҳаракат қилмоқда.

Сардинияда нашр қилинадиган La Nuova Sardegna газетаси журналистлари “Кальяри” Элдор Шомуродовнинг жароҳати туфайли январда трансфер бозорига кириши ва янги ҳужумчи қидириши ҳақида маълумот берди.

- Клаудио Раньери жароҳат туфайли бармоғидан операция қилинган Элдор Шомуродов хизматларидан анчагача фойдалана олмайди. Ўзбекистонлик футболчи икки ой атрофида даволанади.

Кейинги ойдан ҳужумчи Зито Лувумбо ҳам 13 январдан 11 февралга қадар давом этадиган Африка Миллатлари кубогида Ангола терма жамоаси шарафини ҳимоя қилиш учун жўнаб кетади, - деб ёзди La Nuova Sardegna газетаси журналисти Стефано Амбу.

L'Unione Sarda нашри эса, “Кальяри” раҳбарияти “Рома” билан ижара шартномасини бекор қилиб, Шомуродовни Римга қайтариб юбориши мумкинлигини маълум қилди.

- Элдор Шомуродов операция қилинганидан кейин камида февраль ойининг ўрталаригача майдонга тушолмайди. Легионернинг жароҳати туфайли “Кальяри” янги ҳужумчи трансфер қилиши мумкин. Аслида клуб раҳбарияти Шомуродовни  Римга қайтаришни режалаштираётгани ҳақида ҳам маълумотлар бор эди. Энди мутасаддилар тезроқ бир қарорга келиши талаб этилади, - деб ёзди L'Unione Sarda газетаси эксперти Альберо Масу.

Яна бир нуфузли манба –  cagliarinews24.com сайти журналисти Эммануэле Олла Элдор Шомуродовнинг Осиё кубогидаги иштироки ҳам мавҳум бўлиб қолаётганига эътибор қаратди.

- Ўзбекистонлик ҳужумчи учун 2023 йил эрта тугади. Олти ой давомида энди самара бера бошлаган футболчи сўнгги учрашувида Паволеттининг голига ажойиб пас узатган эди.

Энди Элдор Шомуродов 13 январь куни Қатарда бошланадиган Ўзбекистон миллий терма жамоаси иштирок этадиган Осиё кубогини ўтказиб юборишига ҳам тўғри келиши мумкин, - деб ёзди Эммануэле Олла.

Таъкидлаш жоизки, Элдор Шомуродов Осиё чемпионатида иштирок этишни мақсад қилган. 28 ёшли футболчимиз тезроқ оёққа туриш учун жароҳатини оператив йўл билан даволашга розилик берган ва шифокорлардан ўзини Осиё кубогининг биринчи турига қадар тезроқ майдонга қайтаришни сўраган.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси қитъамизнинг энг нуфузли мусобақаси гуруҳ босқичида Австралия, Сурия ва Ҳиндистон футболчилари билан рақобатлашади.

Элдор Шомуродов бош жамоамиз тарихидаги энг сермаҳсул футболчи ҳисобланади. Ҳужумчимиз халқаро миқёсда жами 68 та учрашув ўтказиб, ўз ҳисобига 38 та гол ёздириб қўйган.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шомуродов бўйича хавотирли ҳолат