23:39 / 30.12.2023
305

Мутахассис Шомуродовнинг жароҳати ва қачон сафга қайтиши ҳақида фикр билдирди

Мутахассис Шомуродовнинг жароҳати ва қачон сафга қайтиши ҳақида фикр билдирди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов Осиё кубоги олдидан жароҳат олди. Айни дамда унинг аниқ қачон сафга қайтиши аниқ эмас. Баъзи хабарларда ҳужумчимиз Осиё кубоги гуруҳ босқичидан ўрин олган 3-тур ўйинига қадар қайтади, дейилса, яна айрим манбалар у терма жамоамизга турнир давомида ёрдам бера олмаслиги ҳақида ёзмоқда.

Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси "Тиббий Қўмита" раиси ҳамда "Локомотив" клуби бош шифокори Аброр Пирриев Элдор Шомуродовнинг жароҳати борасида берилган бир қатор саволларга ўз муносабатини билдирди.

- Элдор Шомуродовнинг жароҳати ҳақида фикрингиз? Унинг қачон сафга қайтиши ва Осиё Кубогида қатнаша олиш-олмаслиги борасида турли қарашлар юрибди? Бу борада мутахассис сифатида сизнинг фикрингиз.

- Элдорнинг жароҳат олгани борасидаги илк хабар тарқалганида унинг клуби берган маълумотга таяниб телеграмм каналимда ўз фикримни баён қилгандим. Ҳали ҳам ўша хулосамда қоламан. Яъни, мавжуд маълумотларга таяниб айтганда футболчининг ўнг оёқ иккинчи кафт суяги синган. Кейинчалик операция муолажаси ўтказилган.

- Бундай ҳолатда футболчининг тўлиқ сафга қайтиши учун ўртача 1,5 ойлик муддат талаб қилинади. Аммо жароҳатнинг тузалишидан ташқари унинг жисмоний ҳолати ҳақида ҳам эсдан чиқармаслик керак. Бугун тузалган футболчи эртага майдонга тушиб югуриб кета олмайди, айниқса қитъа биринчилиги доирасидаги муҳим ўйинлар ҳақида гап кетганида.

- Элдорнинг операцияси ҳақида маълумот бера оласизми?

- Одатда бундай операциялар давомида футболчининг синган суягига кўмак, яъни оддий қилиб айтганда “пластинка” ўрнатилади. Аммо бу дегани шу билан иш битди дегани эмас. Барибир суякнинг битиши кутилади. Қўйилган “пластинка” муддатдан аввал майдонга тушиш имконини бермайди. Балки у битиш жараёнида суякларнинг қайта силжиб кетишидан ҳимоялайди, бу билан битиш жараёнидаги кафолатни оширади ҳамда шу билан бирга футболчи майдонга қайтганида ҳам ўша синган суяк учун қўшимча тиргак, ҳимоя вазифасини ўтаб беради. Шундай экан, тўлиқ тузалиш даври ўтмагунига қадар укол билан ёки бошқа усуллар билан ўйинга қўшилиш жароҳатни қайталаниш хавфини оширади ва бу кейинчалик анча жиддийроқ вазиятларга олиб келиши мумкин. Қисқаси, бундай вариантни ўйлаш шунчаки нопрофессоналлик.

- У жароҳат билан ҳам (оғриқ қолдирувчи воситалар орқали) ўйнай оладими? 

- Барчамиз, жумладан мутасаддилар, мухлислар, футболчилар Осиё Кубогидек катта мусобақада Элдорнинг майдонга тушишини чин дилдан истаймиз. Аммо тушунинг, ҳоҳиш-истак ва ҳиссиётлар билан тиббиёт қонунларини ўзгартириб бўлмайди. Синган суякда қайта суякланиш, реабилитацион чора-тадбирлар деган нарсалар бор. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳозир футболчининг жароҳати тўлиқ тузалиб, соғлом ҳолатда сафга қайтиши ҳақида ўйлашимиз керак. Агарда ҳиссиётларга берилиб нотўғри йўл танланса, на жамоа учун ва на футболчининг кейинги фаолияти учун бу нарса фойда келтирмайди.

- Элдор Шомуродов катта эҳтимол билан Осиё Кубогининг 3-турида 90 дақиқа ўйнайди дейишяпти...

- Сизда ҳам мухлислар каби ҳали ҳам илинж бор. Тушунаман, сиз Элдор саломатлигига масъул чет эллик ҳамкасбларим, операция ўтказган машҳур клиника ва тажрибали хирург берган маълумотларга таяниб ўйлаяпсиз. Мен эса футбол тиббиётида етарли билим ва тажрибага эга мутахассис сифатида сизга қайта тушунтираман. Агарда Элдор Осиё Кубогининг 3-турида 90 дақиқа ўйнайдиган бўлса, ўша куни сиз гуруҳингиз, камерачиларингиз билан келасиз ва мен ўзимнинг спорт тиббиётига алоқадор барча диплом ва сертификатларимни (АФК, УЕФА, ФИФА берганларини ҳам қўшиб) кўз ўнгингизда ёқиб юбораман ва ўша куниёқ “Кальяри”га, мўъжизакор натижага эришган шифокорлардан қайта илм олиш учун учиб кетаман!

- Сўнгги савол...Сизни тушундим. Хуллас, ушбу вазиятда Элдор борасида мутахассис сифатида қандай хулоса қилган бўлардингиз?

- Авваломбор, айни ушбу вазиятда мураббию мухлислар, мутасаддилару футболчилар фикру истагини бир четга суриб, сўнгги хулосани фақат шифокор бериши ишга профессионал ёндошув бўлишини айтиб ўтмоқчи эдим. Ушбу хулосадан келиб чиққан ҳолда эса мураббийлар штаби қарор қабул қилади.

- Каминанинг хулосаси эса қуйидагича: Элдор Шомуродовнинг жароҳати унинг Осиё Кубогида тўлақонли қатнаша олишига имкон бермайди! Футболчи тезлаштирилган тартибда сўнгги ўйинларга тушурилган тақдирда ҳам у бор имконияти доирасида ҳаракат қила олмайди ва аксинча жароҳати жиддийлашиб, уни янада узоқроқ муддатли реабилитацияга гирифтор қилинган бўлади.

- Мураббийлар штаби олдида эса 2 та вариант бор: 1. Элдор рўйхатга киритилмайди ва бу билан футболчи ҳеч қандай босимларсиз тўлиқ тузалиб сафга қайтиши учун шароит яратилади. 2. Руҳий қўллов ва далда нуқтаи назаридан жамоага чақирилади ҳамда Осиё кубоги давомида у даволаш-реабилитацион муолажаларини давом эттириб, индивидуал машғулотлар ила сафга қайтиш босқичини ўтайди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Мутахассис Шомуродовнинг жароҳати ва қачон сафга қайтиши ҳақида фикр билдирди